Мавлавий жаҳон кезади
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг икки шоҳ асари бор. Бири “Маснавий маънавий”, яна бири «Девони Кабир». «Девони Кабир» ҳис-туйғу, завқ-шавққа тўла шеърлардан иборат. «Маснавий маънавий» эса насиҳатларга бой маърифий китобдир. Бу асарда қадар ва таваккулга доир янглиш тушунчалар бир неча бор кескин танқид қилинади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг икки шоҳ асари бор. Бири “Маснавий маънавий”, яна бири «Девони Кабир». «Девони Кабир» ҳис-туйғу, завқ-шавққа тўла шеърлардан иборат. «Маснавий маънавий» эса насиҳатларга бой маърифий китобдир. Бу асарда қадар ва таваккулга доир янглиш тушунчалар бир неча бор кескин танқид қилинади.
Илмий-фалсафий мероси олти дафтардан иборат "Маснавийи маънавий" асаридан ўрин олган, ушбу исломий-тасаввуфий мажмуани "Форсий Қуръон" деб ҳам аташган. Бу асар қарийб 10 йил давомида ёзилган бўлиб, Мавлоно вафотидан тўрт йил аввал 1269 йилда ёзиб тамомланган, 27 минг байтдан иборат маснавий шаклида ёзилган.
Қуръони карим оятларининг 70 фоизи моҳиятини ўзида мужассамлаштирган, 270 дан зиёд ҳикояларни, юзлаб панду ҳикматларни ўз ичига олган бу китоб ўз вақтида ва кейинчалик ҳам ёзувчи номининг дунёга кенг тарқалишига сабаб бўлган. Чунки Румий маснавийда ўзигача бўлган Шарқу Ғарб донишмандларининг фалсафий қарашларини, исломий фарзларини содда бир услубда, шеърий йўл билан бадиий ифодалаган.
«Маснавий»да баркамоллик, камолга эришув йўллари ёрқин мисоллар билан баён этилади.
Румий буюк мутафаккир инсон сифатида дунё зиддиятлари, зиддиятларнинг ўзаро вобасталиги (“қарама-қаршиликлар бирлиги”), дунёда миллиард шаклу шамойилда мавжуд бўлган ашёларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига бўлган ўтиш – эврилишлари, модда алмашинишининг заррадан коинот қадар амал қилиши, ҳаёт ва ўлим сабаблари (ҳаёт-зиддиятлар “келишуви”, “ярашиш”, ўлим-зиддиятлар “жанги”), жисм ва руҳ, одам ва илоҳ ҳақида ёзади, таҳлил ва тадқиқ этади. “Маснавий”да 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган.
Кўз олдимизда ҳам Калом илмининг улуғ билимдони ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади. Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий-сўфиёна маънолар чиқаради, теран тафаккури доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради. “Қуръоннинг уч қабат ботиний маъноси бор”, деб қайд этади ва у анна шу маъноларни изчил тушунтиради. Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” асари инсонни камолот ва ҳақиқат сари йӯловчи бир муҳташам асаридир.Жалолиддин Румийнинг маънавий мероси ислом маданиятида юксак ўрин тутади. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти марказида инсонни тўғри йўлга бошлаш ва тарбиялашнинг долзарб аҳамиятини кўришимиз мумкин.
Қадрли тингловчилар! Сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти Pars Today.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ӯқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили uzbek@Pars Today .сom
Тасаввуф оламининг султони Жалолиддин Румий кузатишларида одамлар бир-биридан бойлиги, ирқи, дини, насли-насаби билан эмас, балки инсонни комилга нечоғлик интилишлари билан фарқ қилади. Комилликка интилаётган ҳар бир инсон ўз меҳнат самараси, қобилиятига яраша эриша олади.Мавлононинг тасаввуфий қарашлари инсоннинг тақдири, ҳаётдаги мақсади, асли ва аслиятига қайтишлик, Аллоҳни танишга бўлган интилишларга йўналтирилган эди. Мавлоно инсоннинг қалб дунёсидаги хазинани кашф этди. Инсонийлик хамирини пиширди ва инсонийлик жавҳарига ишлов берди6.
Шу билан бирга ислом тасаввуфи моҳиятини башариятга ўзининг илоҳий ишққа йўғрилган сатрлари билан англатишга ҳаракат қилди ва бу борада беқиёс муваффақиятлар қозонди. У тасаввуфни ишқ йўли эканлигини ўзига хос мажозий маъноларга бой ирфоний шеърияти билан тушунтирди.Бундан кўринадики, Мавлононинг мақсади инсонни ғофилликдан уйғотиб, ўз моҳиятини теран англашга ундаш, унинг фақат моддият асири бўлиб қолмаслиги ва ҳақиқий илм ва ҳикматнинг боши бўлган Аллоҳни танишга, Унинг жамолига мушарраф бўлишга чақиришдир. Бунинг учун инсон вужудидаги ҳайвонийлик сифати мағлуб бўлиб, инсонийлик сифати зуҳур этилиши керак бўлади.
Ҳурматли тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.