апрел 21, 2018 14:24 Asia/Tashkent

Мавлоно Жалолиддин Руминийнинг “Маснавийи Маънавий” асарида ёритилган қарашлар, кузатишлар ва ҳаётий тажрибалар ўқувчини руҳий ва ахлоқий камол топишига, жамиятда эса соғлом ва покиза муҳитни юзага келтиришига беқиёс ҳисса қўшади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.

Мавлоно Жалолиддин Руминийнинг “Маснавийи Маънавий” асарида ёритилган қарашлар, кузатишлар ва ҳаётий тажрибалар ўқувчини руҳий ва ахлоқий камол топишига, жамиятда эса соғлом ва покиза муҳитни юзага келтиришига беқиёс ҳисса қўшади. Румий теран нигоҳ билан дунёга назар ташлайди. У инсонни қандай бўлса шундайлигича ўрганади. Кишининг қалб қўридаги энг нозик, энг гўзал яширин сирларини ошкор қилади.

Румий инсоннинг нафси, ҳирси сабабли келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил қилиб, улардан қутулиш, покланиш йўлларини баён этади. У одамлар бир-биридан бойлиги, ирқи, дини, насли-насаби билан эмас, балки комиликка интилиши билан фарқ қилади, дейди. Унинг фикрича, инсон комилликка ўз меҳнати, қобилиятига яраша эриша олади.

Олим қарашларида севги бутун борлиқни ҳаракатга келтирувчи куч ҳисобланади. Кишининг ўз касбига, яқинларига, она ватанига муҳаббати ҳақиқий ишқ йўлидаги босқичлардандир.

Жалолиддин Румий ишқ-муҳаббат ва севгини, заррин нурини таратиб турган қуёшга ўхшатади. Лекин ўз-ўзига бино қўйишни ўзини зиндонга ташлаш, деб билади. Буюк олим инсонга, аёл зотига бўлган муҳаббатни қадрлайди. Зеро, инсон ўзига ўхшаган инсонга муҳаббат қўйиши билан инсонийлик моҳиятини англаб етади, дейди.

Илоҳий Ишқ олови ичра чин ошиқ ёнмоқда. Чин ошиқ учун бу олов саратонда қақраган саҳронинг сувга етиши кабидир. Чунки бу олов Илоҳ ишқи… Ошиқ учун бу оби ҳаёт.

Саратонда саҳрода толиқиб, ташна қолган одам шарқираган булоқни кўрганда қандай хурсанд бўлса, мусаффо чашма сувидан ичиб қанчалик роҳатланса, маънавиятга ташна одам ҳам Румий асарини ўқиб шундай туганмас ҳузур топади. Энг муҳими шуки, Румий мураккаб сўфиёна мулоҳазаларни оддий турмуш тафсилотлари билан тушунтириб беради, интиҳосиз қудратга эга инсон ақлининг, руҳиятининг мўъжизаларини ҳайратомуз бир тарзда намойиш этади.

Румий минг йиллар давомида тўпланиб келган Шарқ фалсафаси ва ҳикмати, исломий ҳақиқатларини омухта этолган, тасаввуф ва фалсафани қўшиб, инсон руҳи диалектикасини очган улуғ мутафаккирдир. У тийрак ва ҳушёр кўз билан дунёга назар солади, инсонни қандай бўлса, шундай олиб ўрганади, инсон қалби тўридаги энг нозик, энг яширин сирларни ошкор этади, руҳимиз иқлимларидаги ўзимиз сезмаган қонуниятлар, заруриятларни кўрсатиб беради.

Қадрли тингловчилар! Сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти Pars Today.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ӯқиш  ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили uzbek@Pars Today .сom

Румийнинг асарлари асрлар оша бундай шуҳрат топиб келиши ва дунё аҳлини ларзага солишига сабаб нима? Унинг ижодида қандай бир туйғу бор эдики дунё аҳлини лол қолдириб, ижод аҳлини ларзага солиб келмоқда? Унинг ижоди нима нарса билан йўғрилган эканки буюк шоир ва ёзувчилар унинг ижоди олдида тан беришди? Бунга жавоб битта – унинг ижоди Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан бойитилган. Ҳар бир маълумот манбаси илоҳий калом. Унинг ижоди илоҳий сарчашмадан суғорилган.

Дарҳақиқат,  Жалолиддин Румийнинг маънавий мероси ислом маданиятида юксак ўрин тутади. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти марказида инсонни тўғри йўлга бошлаш ва тарбиялашнинг долзарб аҳамиятини кўришимиз мумкин. Мутафаккир жамиятнинг тараққиётини диний-ахлоқий комилликда кўрган.

 Шунинг учун инсонларни комиллик сари элтувчи ўзига хос қарашларни илгари сурган. Бу қарашлар замирида ҳам маънавий тарбия муҳим ўрин тутиб, бу тарбия ислом маънавияти асосида қурилганини кўришимиз мумкин.   

Ҳурматли тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.