Форсий қанд ҳаловати
Мирзо Абдулқодир Бедил
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда ҳам буюк шоир ва файласуф Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз. Бизни тинглаб боринг.
Асил шеъриятнинг азиз мухлислари, ўтган суҳбатимизда
Мирзи Абдулқодир Бедил форс адабиётини тасхирнопазир чўққига кўтара олган буюк мутафаккир шоир эканлигини таъкидлаган эдик.
Ҳали тириклигидаёқ орифлар ва олимлар томонидан «Абулмаъоний»(маънолар отаси) деб ном олган бу улуғ зот шеърияти маъно ва ғоя жиҳатидан кўп қирралилиги билан ажралиб туради. Бедил шеъриятини тафсирсиз тушуниш—маҳол. Чунки унинг ғазалларидаги ҳар бир байт бир неча хил маъно қатламларига эга. Бедил «ҳинд услуби»га оид ижодкор бўлиб, ҳақиқий маънода чексиз мажозлар шоиридир. Бугунги суҳбатимизда тағофул(ғафлат) ва унинг Бедил шеъриятидаги танқиди хусусида қисқача тўхталмоқчимиз.
“Тағофул” истилоҳи арабча бўлиб, «бепарволик, ғафлат, бехабарлик» маъноларини билдиради. Инсонда ғафлат икки хил бўлади: ихтиёрсиз ғафлат ва ихтиёрий ғафлат. Ихтиёрсиз ғафлат бу Яратгувчининг ўз амри бўлиб, у коинотдаги барча махлуқотга тегишлидир. Шу жумладан инсонга ҳам тааллуқли. Парвардигор биз яшаб турган коинотда ҳаётнинг бардавом бўлиши ва сақланиб туриши учун башариятга ғафлатни ато этди. Ихтиёрсиз ғафлат бу табиий ғафлатдир. Бир оддий мисол келтирайлик: Арвоњ оламига нисбатан биз ғафлатдамиз. Яъни улар бизни кўриб турган ҳолда биз уларни кўролмаймиз. Бу биз учун айни иноятдир. Чунки ғафлат пардалари кўтарилиб, руҳлар башариятга кўриниб ќолса, миллионлаб инсон қўрқувдан ҳалок бўлиши табиий…
Ҳақнинг дийдорини кўришда ҳам биз қаттиқ ғафлатдамиз. Унинг жамолини кўришнинг њеч бир имкони йўқ ва бу мутлақо мумкин эмас. Чунки агар улуғ Оллоҳ ўз жамоли ва камоли билан кўриниш берса, нафақат Инсон, балки бутун Коинот бунга бардош беролмайди ва ўша заҳотиёқ йўқ бўлиб кетади. Шундан аёнки, демак, ихтиёрсиз(табиий) ғафлат Коинотнинг устувор сақланиб туриши учун њам зарурдир.
Ихтиёрий ғафлат эса инсоннинг ўз феълидан келиб чиқадиган ҳолати бўлиб, араб тилидаги «тоғофул» истилоҳи айнан ана шу ғафлатга нисбатан ишлатилади. Яъни тағофул инсоннинг ўзини қасддан ғофилликка солиши, нодонлиги, била туриб ҳақиқатдан кўз юмишидир. Масалан, у дангасалиги туфайли илму ҳунардан орқада қолиши мумкин. Лоқайдлиги туфайли бемеҳр инсонга айланиши ҳеч гапмас. Жаҳолати туфайли хусронга юзланади. Хасислиги туфайли дўстларидан айрилади. Қўрқоқлиги туфайли ҳатто хоинга айланиши мумкин ва ҳоказо.
Бедил шеъриятида ғафлатнинг ана шу кўриниши(тағофул) қаттиқ танқид ќилинади.
Байт:
Бар ҳарифон аз хамўшӣ ғолибем,
Гар набошад баҳси мо, илзоми мо.
(Мазмуни: Агар бењуда баҳсу мунозарамиз(илзом) бўлмаса эди, биз ўз жимлигимиз, сабру сукутимиз билан душман (рақиб)ларимиздан ғолиб бўлардик.) Демак, сабру таҳаммулдан ғафлатдамиз ва бу ғафлатимиз туфайли анжуманда кераксиз баҳсу мунозаралар билан ҳарифларимиз олдида ўзимизни хор қилиб қўямиз, демоқда улуғ муаллиф.
Мавзуни таҳлилчи Нурхон Ҳакимова давом этиради.
Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Энди эса буюк Бедилнинг гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.
Токи чаман томонидан бўйи баҳор, етиб келар,
Ўзни нетиб ёд этайин, номаи ёр, етиб келар.
Икки кўзу битта лабин жуфт этадир қаддима ёр,
Тўрт беадаб рақам билан минг ифтихор, етиб келар.
Шодлигу ғам доғларини масхара қилгали кулиб,
Бағрида доғ, ханда қилиб, у лолазор, етиб келар.
Очдим аза, йўқолди йўл дашти адам қучоғида,
Тонг, ёритиш учун йўлим, сийнафигор, етиб келар.
Куйди юрак сипанд бўлиб, чиқди нафас баланд бўлиб,
Сен йўнилиб, сўнгра қўлим сенга, дутор, етиб келар.
Жим ўқигил бу маърифат китобини, аё, азиз,
Қилсанг овозингни баланд, бошинга дор, етиб келар.
Танг бу тириклик ичра халқ юпанди сўзу соз билан,
Йўқ эса ҳар нафасда бу дилга фишор1, етиб келар.
Шодлигу бахтимизга қўл етмаги кўп қийин бизим,
Чиқса агар хумордан у, тағин хумор, етиб келар.
Дағдаға қилма қудрату ҳусну тароватингни ҳеч,
Тонггача шаъм сўнар, ахир, фахринга ор, етиб келар.
Синган оёқ қачонгача ҳақталабин қилар адо,
Икки кўзим юзимга, оҳ, топиб мадор, етиб келар.
Оҳи ҳазини қақратиб қўйса азизлар лабини,
Беринг хабар, ёш тўкибон Бедили зор, етиб келар.
Мана бу байтга эътибор беринг:
Сахт дар темори жисм афтодаи, ҳушёр бош,
Оқибат аз саъйи таъмир ин бино хоҳад шикаст.
(Мазмуни: Ўз жисмингга қаттиқ ғамхўрлик қиляпсан, ҳушёр бўл; Вужуд таъмири йўлидаги бу сайъ ҳаракатинг охир оқибат бу бинони (жисмингни) синдиради.) Бу ўринда ҳам тағофул (ихтиёрий ғафлат) мазаммат қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунё аҳли (аҳли суврат) фақат жисм таъмири билан (нафси амморани қондириш билан) оворадир. Улар қалб(руҳоният) таъмиридан ғафлатдадир. Вањоланки, жисм охир- оќибат тупроққа айланади. Руҳ эса боқийдир (у барзах оламига кўчади). Инсоннинг асл моҳияти жисм эмас, балки руҳдадир. Унга кўпроќ эътибор бериш керак. Руҳ (ёки қалбни) маърифат билан зийнатлаш, шу маърифати орқали Ҳақни англаш ва унга бандалик қилиш инсоннинг асл бурчидир.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.