Биз ва тингловчи
Китобхонлик ва унинг аҳамияти
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг навбатдаги сони яна эфирда. Бугунги суҳбатимиз “Китобхонлик ва унинг аҳамияти”мавзуси бобида бўлади. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
Баркамол авлодни вояга етказишда китобнинг тарбиявий аҳамияти беқиёс. Бинобарин, айнан мутолаа инсонга билим ва ахборот беради, унинг маънавий оламини бойитади. Яхши китоб энг мураккаб саволларга жавоб топишда беминнат дастёрдир.
“NOP World” халқаро рейтинг агентлиги маълумотларига кўра, дунёда одамлар ҳафтасига 16,6 соат вақтини телевизор кўришга сарфласа, 8,9 соатни компьютер қаршисида ўтказади, 6,5 соатни эса мутолаага ажратади. 2016 йилда ҳафтасига энг кўп китоб ўқийдиган мамлакатлар рўйхатида Ҳиндистон — 10,7, Таиланд — 9,4, Хитой — 8, Филиппин — 7,6, Чехия — 7,4, Россия — 7,1, Швеция — 6,9, Франция — 6,9 ва Венгрия — 6,8 соат билан юқори ўринларни эгаллади.
Ноширлик фаолияти ривожланиб, китоб мутолааси янада оммалашиб бораётгани мулоқотнинг аудио, видео воситалари, радио, телевидение, ахборот-коммуникация тармоқлари ҳаётимиздан чуқур ўрин эгаллаши билан одамларда китоб ўқишга қизиқиш йўқолади, деган фикр хато эканлигини кўрсатмоқда. Шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг янги турлари пайдо бўлиши натижасида китобхонлик бирмунча пасайган бўлса-да, матбуот одамларда китоб мутолаасига қизиқишни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Қатор агентликларнинг жаҳонда китобга бўлган талабни ўрганиши шуни кўрсатдики, сўнгги 30 йилда бир номдаги китоб маҳсулотларини чиқариш уч баравар, адади бўйича 4 баравар кўпайди. Бугунги кунда дунёда ҳар йили қарийб бир миллион номда китоблар чоп этилади. Масалан, АҚШда киши бошига 10 та, Россияда 9,5 та, Францияда 5 та, Хитойда 3,5 та китоб босилмоқда.
Бугунги кунда жамиятда китобнинг маънавий ҳамда ахлоқий озуқа, маданият ва тил равнақи учун асосий манба, авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган интеллектуал мерос сифатида мавқеи ҳамда аҳамиятини сақлаш ва ҳатто тиклашга эҳтиёж сезилаяпти. Аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларини саралаш, таржима қилиш ишларини пухта ўйланган тизим асосида ташкил этиш лозим. Бундан ташқари, ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини рағбатлантириш керак.
Мутолаага қизиқиш сусайиши, ўз навбатида, аҳоли саводхонлиги даражаси пасайиши жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши учун катта таҳдидлардан саналади. Шунинг учун ҳам кўплаб ривожланган мамлакатларда бу салбий ҳолатнинг олдини олишга қарши қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Умуммиллий комплекс дастурлар ишлаб чиқилаётир. Уларда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, кутубхоналар, таълим муассасалари, таълим, илм-фан ва тадбиркорлик субъектлари, соҳадаги фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларни кўриш кўзда тутилади. Бунда китобхонликнинг қадри ва аҳамияти ҳақида ижтимоий онгни шакллантириш, аҳоли турли қатлами ўртасида мутолаа маданиятини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, ноширлик фаолиятини такомиллаштириш, жамиятнинг интеллектуал, маънавий ва маданий эҳтиёжларига тўлиқ жавоб берадиган китоб бозорини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунё тажрибасига кўра, бундай мақсадли дастурлар ҳамда концепциялар қабул қилиниши ижобий натижа беради.
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
Шуни қайд этиш керакки, болаларни китобга ошно қилиш, уларни ўқишга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсмирлар ва ёшлар онгига китоб мутолааси ўз мақсадига эришиш ҳамда жамиятга ижтимоий мослашишда таъсирчан ва нуфузли восита эканлигини сингдириш бугунги кундаги долзарб вазифалардан саналади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, дастурга болалар ҳамда ўсмирлар учун китоб нашр қилиниши, шу жумладан, махсус электрон китоблар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш, болалар ва мактаб кутубхоналари фондларини модернизациялаш ҳамда янада яхшилаш, болалар ва ўсмирларнинг кутубхоналар, мактабдан ташқари ҳамда ёзги мутолааларини рағбатлантириш, оилавий китобхонлик анъаналарини тиклаш ва оммалаштириш, болалар ҳамда ўсмирлар адабиётининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш, ўз она тилида китоб ўқишни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар киритилмоқда.
Кутубхоналар янги ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, китоб фондини янада яхшилаш ҳисобига модернизация қилинади. Узоқ аҳоли пунктларида яшайдиган ҳамда кутубхоналарга бориш имконияти чекланган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида кўчма кутубхона хизматини ривожлантириш, кутубхоналараро абономент ва ҳужжатларни электрон етказиб беришни, кутубхона ресурсларидан масофавий фойдаланишни йўлга қўйиш, ушбу зиё масканларида индивидуал, гуруҳ ҳамда оммавий китобхонликни тизимли равишда ташкил қилишни ривожлантириш, мутолаа маданиятини тарбиялаш, юксак бадиий асарларга ошно тутинтириш, мамлакатлардаги кутубхоналар имижини яхшилаш бўйича аниқ механизмлар таклиф этилаяпти.
Соҳада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ҳамда мутолаа инфратузилмасини ривожлантириш, китоб маданияти тарихи ва замонавий тенденциялари ҳақида фундаментал, амалий тадқиқотлар олиб бориш, аҳоли турли қатлами, айниқса, китоб мутолаасидан бирмунча йироқ бўлганлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш стратегияси ҳамда тактикасини ишлаб чиқиш ҳам долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Бу чора-тадбирлар, аввало, аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга, кутубхоналарни янада янгилашга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган адабий асарлар сонини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, китоб маҳсулотлари тарқалиши ҳамда етказиб берилиши тизимини ривожлантиришга қаратилгандир.
Жамиятда китобхонликнинг ўсиши, аввало, шахснинг маънавий ва ахлоқий юксалиши омилидир. Бу эса халқнинг интеллектуал салоҳияти ўсишига, инсон ресурслари сифати ошишига, барча мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда инновацион тараққиётига хизмат қилади.
Ҳозир эса радиомиз сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида чоп этилган муҳим янгиликлар билан сизни ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳур таништирадилар.
Ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳурнинг суҳбатлари эди.
Энди эса радиомизнинг эшиттиришлари ва унинг сайти борасида жиззахлик тингловчиларимиздан бири Ҳошимжоннинг билдирган фикрларини биргаликда тинглаймиз.
Тингловчимиз Ҳошимжоннинг билдирган фикрлари эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.