Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида
Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда мазкур минтақада жойлашган мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
- Тожикистон президенти ўз халқини Ўзбекистон билан дўстона ришталарни мустаҳкамлашга чақирди;
- Сурияда Қирғизистоннинг юзлаб фуқаролари ҳалок бўлган;
- Туркманистон президентининг туғилган куни муносбати билан ўзбекистонлик ҳамкасби табриклади;
- Олмаотада 17 минг квадрат метрдаги ёнғин бартараф этилди, вертолёт 60 тонна сув ташлади.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон билан чегарадош бўлган туман фаоллари олдида қилган чиқишида ўзбеклар билан дўстлик ришталари ва бизнес алоқаларни мустаҳкамлашга даъват этар экан, Шаҳристонда тожиклар ва ўзбеклар тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаб келаётганини эслаб ўтди
Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Эмомали Раҳмон Ўзбекистон билан чегарадош бўлган туман фаоллари олдида қилган чиқишида ўзбеклар билан дўстлик ришталари ва бизнес алоқаларни мустаҳкамлашга даъват этар экан, Шаҳристонда тожиклар ва ўзбеклар тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаб келаётганини эслаб ўтди, деб хабар беради «Халқ сўзи».
«Сиз бизнинг дўстлигимиз кўп асрлик илдизларга эга эканлиги, унинг бошида тожик ва ўзбек халқлари фарзандлари Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий турганини эсда тутишингиз лозим»,— деди Тожикистон раҳбари.
Шунингдек, Тожикистон раҳбари тинчлик ва барқарорлик ҳукмронлик қилаётган, халқлари дўстлик ва қардошликда яшаётган давлатлар узлуксиз ривожланиши, уларнинг дунё бўйлаб нуфузи ошишини таъкидлади.
Тожикистонга оид бошқа хабаримиз шундан ибораткки,
Толибон ҳаракати Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош туманига ҳужум қилган, бир полиция назорат нуқтасини буткул босиб олган, ўндан ортиқ полициячини ўлдирган.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрта тонгда Чаҳоб туманининг чекка ҳудудларидан бирида юз берган.
Ҳужум ортидан ўнга яқин полиция ходимининг бедарак кетгани ҳам маълум бўлган.
Расмий хабарларга кўра, назорат нуқтасини толиблардан тозалаш учун сатҳга қўшимча мадад кучлари юборилган, орада жангларнинг давом этаётганига оид хабарлар ҳам олинган.
Аммо сатҳга бориш ва кириш имконсиз экани боис, шу соатларда ҳам ҳануз у ерда нималар бўлаётгани маълум эмас.
Аммо маҳаллий қўмондонлардан бирининг айтишича, бедарак кетган полиция ходимларининг сони беш нафар бўлган, улардан тўрттаси соғ-омон топилган ва фақат бир полиция ходимининг тақдири ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.
Афғонистон Толибон ҳаракати воизи Забиуллоҳ Мужоҳиднинг ўз твитида иддао қилишича эса, Чаҳобда тўртта полиция назорат нуқтасини босиб олишган".
Қирғизистон хавфсизлик ишлари бўйича расмийси 150 нафар Қирғизистон фуқаросининг Суриядаги тўқнашувларда террорчи гуруҳлар сафида туриб жанг қилиб ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар берди.
Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Қирғизистон миллий хавфсизлик комитетининг терроризмга қарши кураш маркази раисининг ўринбосари Канжарбек Бакиев
Қирғизистон парламентининг пайшанба кунги йиғилишида чиқиш қилиб шундай маълум қилдики, 850 нафар мамлакат фуқароси Сурияга боришган. Улардан 150 нафари ўтган йиллар мобайнида Сурияда бўлиб ўтган жангларда ўлдирилган.
Қирғизистон хавфсизлик расмийсига кўра, ушбу 850 нафар қирғиз фуқароси террорчилар сафида туриб жанг қилиш мақсадида Сурияга боришган. Шу боис, мазкур қирғиз фуқаролари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Қирғизистон давлати бундан олдинроқ 600 нафардан кўпроқ қирғиз фуқароларининг Суриядаги урушларда иштирок этаётгани ва улардан 70 нафарининг ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари суҳбат аввалида Туркманистон президентини туғилган куни муносабати билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги зафарлар тилади.
Бугунги Туркманистон эришаётган улкан муваффақиятлар, унинг халқаро нуфузи изчил юксалиб бораётгани Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг, ижобий бетарафлик сиёсатининг амалий натижалари экани алоҳида таъкидланди.
Туркманистон президентининг Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, транспорт йўлаклари ва энергетик инфратузилмани ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, спортни оммалаштириш борасида ва бошқа йўналишлардаги халқаро миқёсдаги ташаббусларига юксак баҳо берилди.
Олий даражадаги мунтазам мулоқот ва учрашувлар қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, шунингдек, мамлакатлар ўртасида яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтиришга хизмат қилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Туркманистон президентининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган самарали давлат ташрифи ҳамда унинг якунида эришилган муҳим келишувлар ва битимлар кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигига янги суръат бахш этиб, уни амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Суҳбат чоғида савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика соҳалари, самарали транспорт ва транзит коммуникацияларини ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар йўналиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Туркманистон президенти самимий табрик ва тилаклар учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон президентини жорий йил август ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг саммитида иштирок этишга таклиф қилди.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда интилиши қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Қозоғистон ИИВнинг фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси расмий вакили Руслан Иманкулов сўзларига кўра, Олмаота шаҳри четидаги омборхоналарда юз берган ёнғин бартараф этилди.
«Қабул қилинган чоралар туфайли соат 9:06 [Тошкент вақти билан 6:06]да 17 минг квадрат метр майдонда юз берган ёнғин бартараф этилди. Ўт ўчириш ишлари давом эттирилмоқда», - деди Иманкулов.
Воқеа жойида ҳаммаси бўлиб 75 нафар ўт ўчирувчи ва Олмаота шаҳри фавқулодда вазиятлар бўйича департаментига қарашли 20та техника ишламоқда. Сув етказиб бериш ишларида коммунал хизматлар ёрдам беряпти. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитанинг сув ташлаш қурилмасига эга Ми-171 вертолёти ҳавога кўтарилди. Ҳар бир сув ташлаш 3 тоннани ташкил этади. Ҳозирги вақтда вертолёт 60 тонна сув ташлаган.
Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.