Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Ӯзбекистон президенти Қозоғистонга сафар қилди.
- Мирзиёев ўзбек-тожик чегараси бўйича келишувни ратификация қилди
- Ӯзбекистон Ташқи ишлар вазири АҚШ элчисини қабул қилди
- Ўзбекистонда иш ҳақи, стипендиялар ва нафақа миқдори оширилди
- Биометрик бўлмаган паспортларнинг амал қилиш муддати узайтирилди
- Ўзбекистонга кириш электрон визаси жорий этилмоқда
- 101та давлат фуқароларига Ўзбекистонга визасиз кириш учун рухсат берилди
- Ӯзбекистоннинг тўртта вилоятида чой етиштиришга қарор қилинди
- Долларнинг расмий курси узлуксиз тушишда давом этмоқда
- Уч фарзанди билан Ўзбекистонга қайтган аёл терроризмда гумонланиб ҳибсга олинди
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июл куни Қозоғистонга ташриф буюрди ва қўшни давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳамроҳлигида «Остона» халқаро молия марказини бориб кўрди.
Президент матбуот хизмати Марказий Осиёнинг 3 давлати раҳбари бу ерда дунёга машҳур, одам билан сўзлаша олувчи робот — София олдида турган суратни эълон қилди.
Ҳонгконгдаги Hanson Robotics компанияси томонидан ясалган ушбу робот бир неча кунга Остонага келтирилган. Бу ақлли робот ўзи учун янги нарсаларни одамларнинг хулқидан келиб чиқиб ўрганади, одамларга мослашади, 62 хил эмоцияни ифодалай олади, инглиз тилида сўзлайди, бошини айлантира олади, суҳбатдошининг кўзига тик боқади. Ушбу робот соатига бир километр йўл боса олади ва бир қанча рақс ҳаракатларини ҳам бажара олади.
2016 йил март ойида тақдимот вақтида журналистлардан бири ундан ер юзидаги барча одамларни йўқ қилиш нияти бор ёки йўқлиги ҳақида сўраган. София бу саволга «Ҳа» деган жавоб қайтарган. Бир йил ўтгач, журналист саволни яна такрорлади. «Агар менга яхши муносабатда бўлсангиз, йўқ» дея жавоб берди робот. Кейинчалик, шу йилнинг апрелида эса АҚШ телевидениесидаги чиқишида дунёни эгаллаш истаги ҳақида ҳикоя қилганди.
Бу робот 2017 йили Саудия Арабистони фуқаролигини олган ва қайсидир давлат фуқаролигини олган илк роботдир.
Ххххххххххххххххх
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек-тожик чегарасининг алоҳида ҳудудлари бўйича келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Ушбу қонун май ойи охирида қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, июнь ойи охирида Сенат томонидан маъқулланган эди. Ушбу келишув 9 март куни Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи доирасида Душанбеда икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланганди.
Ушбу ҳужжат икки давлатнинг 192 километрлик умумий чегараларини демаркация ва делимитация қилишни қамраб олган. Бугунги кунда икки давлат чегарасида фақат битта участканинг мақоми ноаниқ бўлиб қолмоқда - бу Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти туташган нуқтада, Фарҳод ГЭС тўғони жойлашган ҳудуддадир.
Тожикистон Ер ресурслари ва геодезия бўйича давлат қўмитаси маълумотига кўра, тожик-ўзбек чегарасининг узунлиги 1332 км.га тенг. Умумий узунликдан 105 километри дарё орқали ўтса, қуруқликдагиси - 1227 км.
Хххххххххххххххх
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Америка Қўшма Штатлари Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Леора Спратленни қабул қилди.
«Суҳбат давомида Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг жорий масалалари, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17-май кунлари АҚШга расмий ташрифи ва олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтайи-назаридан ўзаро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди», дейилади хабар матнида.
Маълум қилинишича, учрашувда икки томонлама бўлажак тадбирлар муддатлари ва кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси тез орада ўз миссиясини якунлаб, унинг ўрнига янги элчи фаолиятини бошлаши кутилмоқда.
Оқ уй ахборотига кўра, Америка Президенти Доналд Трамп Давлат департаменти котиб ёрдамчисининг ўринбосари Дэниел Розенблюмни ушбу лавозимга тавсия этган.
Ххххххххххххххххххххххх
Ўзбекистонда иш ҳақи, стипендиялар ва нафақа миқдори оширилди
2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенcиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,07 баравар оширилади. Давлат раҳбари имзолаган ҳужжатга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:
иш ҳақи – ойига 184 300 сўм;
ёшга доир пенcиялар – ойига 360 460 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 360 460 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 221 190 сўм миқдорида этиб белгиланади.
Иш ҳақи ҳамда пенcияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Ххххххххххххххххххх
Ҳукуматнинг 2018 йил 30 июндаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш муддати: - мамлакат ҳудудида 2019 йил 31 декабрга қадар; - чет эл ҳудудида паспортнинг амал қилиш муддатига қадар узайтирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида маълумот берилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 июлида эски фуқаролик паспортларини янги биометрик паспортларга алмаштириш муддати якунига етиши айтилганди.
Аммо, бир нечта ҳудудларнинг ИИБ бўлимларида паспорт алмаштириш учун катта тирбандлик ҳосил бўлаётгани ҳақида хабарлар берилаётганди.
ххххххххххххххххххххх
Тошкент, Навоий, Жиззах ва Сурхандарё вилоятларида чой етиштирувчи плантациялар ташкил этилади.
Podrobno.uz нашрининг билдиришича, бу борадаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди.
Қарорга асосан 283 гектар ерга чой экилади ва 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 189 тонна ҳосил олиниши режалаштирилмоқда.
Қарорда чой саноатини ривожлантириш масаласи бўйича Илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Жиззах вилоятининг Зомин туманида эса "Ўзбекозиковкатхолдинг"га қарашли чой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этилади.
Ххххххххххххххххххххххх
Туркияда беш йил қочқинликда яшаб, Истанбул шаҳридан уч фарзанди билан Тошкентга учиб борган 46 яшар аёл Тошкент аэропортида терроризмда гумонланиб ҳибсга олинган.
Бу ҳақда аёлнинг Туркияда қолган турмуш ўртоғи ОАВга маълум қилди.
Унинг сӯзларига кӯра 27 июн куни Истанбулдан учиб борган рафиқаси Дилафрўз Зариповани милиция ходимлари паспорт текширувидан ўтиш чоғида қўлига кишан солишган ва аэропортдан сўроқ қилиш учун Самарқанд вилояти Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келишган.
Диний фаолияти ортидан 2013 йилда оиласи билан Россияга қочган, 2014 йилда эса Туркияга кўчиб ўтган Зарипов ўзи ва рафиқасининг диний-экстремист ташкилотларга мутлақо алоқаси йӯқлигини таъкидлайди.