август 18, 2018 15:26 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  яна эфирда. Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Беш мамлакат Каспий денгизнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолади;
  2. Тожикистонга тиббий мажмуа қурилиши учун Ўзбекистондан махсус техника етиб келди;
  3. АҚШда 3 нафар қозоғистонлик аёл пул ювиш айби билан қўлга олинди;
  4. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара олди ҳудудларини алмашмоқда.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

    2018 йил 12 август куни Россия, Эрон, Озарбойжон, Қозоғистон  ва  Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди. Ҳужжатга мувофиқ, ҳар бир мамлакат  денгиз соҳилидан 15 майлдан ортиқ бўлмаган кенгликда Каспий денгиздаги ўз ҳудудий сувлари чегарасини ўрнатади. Денгиз сув сатҳининг асосий майдони умумий фойдаланувда қолади, денгизнинг туби ва ер ости бойликларини Каспий денгиз бўйи мамлакатлари ўзаро бўлишиб олади. Ушбу конвенция Каспий денгизида бегона мамлакатларнинг қуролли кучлари бўлишини тақиқлайди. Ҳужжат Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Эроннинг Каспий мақоми бўйича  назарларини бир нуқтага келиштирди. Соҳилбўйи мамлакатларининг бу борадаги баҳс-мунозаралари 22 йилдан бери давом этиб келаётган эди.

      Совет даврида Каспий денгизининг мақоми Совет Иттифоқи ва Эрон ўртасидаги келишув асосида тартибга солинган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетгач, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистон ҳам денгизга чиқиш йўлига эга бўлди. Каспий денгиз бўйи мамлакатлари  ўртасидаги музокаралар 1996 йилда бошланган. Ўтган давр мобайнида беш мамлакатнинг ҳар бири учун ўз акваторияси чегараларини белгилаш, шунингдек, денгиз тубидан қувурлар ўтказиш масаласи баҳсли бўлиб қолаётган эди. Таъкидлаш жоизки, Каспий - Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашган сув ҳавзаси, нефть ва табиий газ қазиб олинувчи энг қадимий ҳудудлардан бири. Каспий денгизнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция нималарни назарда тутади: Каспий - беш мамлакатнинг қуруқликдаги ҳудудлари билан ўралган сув ҳавзаси дея номланди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенциянинг имзоланиши АҚШ ва НАТОнинг минтақага ўз қуролли кучларини жўнатиш режасининг олдини олганини билдирди.
"АҚШ ва НАТОнинг фитнаси шундан иборат эдики, Каспий денгизи соҳилларида уларнинг аскарлари, Америка кемалари, вертолётлари ва ҳарбий базалари бўлиши лозим эди, - дея Руҳонийнинг сўзларидан иқтибос келтиради Fars агентлиги. – Аммо конвенция Каспийда ҳарбий базалар ва хориж кемалари бўлишини тақиқлади. Келишувга кўра, ушбу денгизда фақатгина беш Каспийбўйи давлатларидан бирининг байроғи остидаги кема бўлиши шарт".
Руҳоний минтақа хавфсизлиги нуқтаи назаридан конвенция катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. 
"Сўнгги саммит давомида Эрон ва бошқа давлатларни ташвишга солган қатор муҳим масалалар ечимини топди. Улар орасида энг муҳими Каспий денгизи хавфсизлиги масаласи  эди", - дея қайд этди у.
Эслатиб ўтамиз, 12 август куни 20 йиллик муҳокамалардан сўнг Россия, Эрон, Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди.
Унга кўра, Каспий беш мамлакатнинг қуруқликдаги ҳудудлари билан ўралган сув ҳавзаси дея номланди (денгиз ҳам, кўл ҳам эмас).
Каспий акваторияси ички сувлар, ҳудудий сувлар, балиқчилик зоналари ва умумий сув майдонига ажратилади ҳамда ер ости бойликлари давлатлар томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланган келишувга мувофиқ тақсимланади.

Тожикистонда тиббиёт мажмуасини қуриш учун материаллар, махсус техникалар ва ускуналар ортилган автоколонна ўзбек - тожик чегарасини кесиб ўтди, деб хабар беради Gazeta.uz.

Автоколонна таркибидан экскаватор, трейлер, муҳандис-техник ходимлар учун хўжалик вагонлари, 15 нафар мутахассис, жумладан механизаторлар, тупроқ ва тайёргарлик ишлари бўйича асосий ишчиларни қўшни мамлакатга олиб борувчи автобус ўрин олган.

Ўтган йил апрель ойида Ўзбекистон ўз ҳисобидан Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 200 койко-ўринга мўлжалланган тиббиёт мажмуасини қуриб бериши ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Объект қурилганидан сўнг, у тожик томонига беғараз ёрдам асосида ўтказилади. Лойиҳа «Ўзбекнефтегаз» томонидан амалга оширилади.

Қурилиш Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади. Ўз навбатида Тожикистон ҳукумати Хатлондаги мажмуа қурилиши учун ер ажратади ва қурилиш пайтида ўзбек томонига ҳар томонлама ёрдам беради.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Қозоғистоннинг уч нафар фуқаросининг Америка қўшма штатларида пул ювиш айби билан қўлга олингани ҳақида хабар берди. 

Форс ахборот агентлигининг жума кунги хабарига кўра, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги ушбу баёнотида шундай маълум қилдики, ушбу жиноят иши бўйича Суднинг биринчи муҳокамаси 2018 йилнинг 8-август кунида Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган.

Ушбу Суд муҳокамаси жараёнида 25 нафар, шу жумладан 3 нафар қозоғистонлик аёл Азиза Жалолова, Диёра Ҳаширова ва Илинка Кудайбергин фирибгарлик иши бўйича айбланди. 

Ушбу айбланувчиларнинг иши бўйича кейинги муҳокамалар 2018 йилнинг октябр ойида Нью-Йорк Суд маҳкамасида ўтказилади. 

Ушбу жиноят иши бўйича келтирилган зарар миқдори 4,5 миллион доллар деб баҳоланмоқда.

Агар ушбу Суд маҳкамасига тортилаётган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари ўз исботини топса, мазкур фуқаролар 20 йилдан 30 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича навбатдаги музокаралар босқичини тугаллади. "Интерфакс" шу ҳақида хабар берди.

Музокаралар якунларига кўра, Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қора-Суй туманига тегишли “Барак” эксклави Ўзбекистонга ўтадиган бўлди, ўз ўрнида Ўзбекистон эса Ўш вилояти, Қорасув туманига туташ Оқтош қишлоқ бошқарувидаги тенг ер майдонини Қирғизистонга тақдим этади.

Хабарда айтилишича, маҳаллий аҳоли комиссия қарорига розилик билдирган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегара делимитацияси жараёнини 2018 йилда тугаллаш режалаштирилмоқда, 2019 йилда эса демаркацияга киришилади. Бугунга қадар чегаранинг 85 фоизи делимитация қилинган.Чегарани демаркация ва делимитация қилиш давлатлараро комиссиянинг сўнгги учрашуви 1-7 август кунлари Фарғона вилоятида бўлиб ўтган эди. Комиссия кун тартибида ҳали яна иккита анклав масаласини кўриб чиқиш турибди: Шохимардон ва Ғазнов.Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида сўнгги 10 йил давомида илк бор ижобий натижага ўтган йил Давлат чегараси ҳақидаги дастлабки шартнома имзоланганидан кейин эришилган эди.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ