август 26, 2018 12:14 Asia/Tashkent

“Ўзбекистон  ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришида ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади
  2. Ӯзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон сафарини якунлаб, Тошкентга қайтди
  3. Бу йил Ўзбекистон тарихида яна энг кӯп мусулмонлар Ҳаж қилди
  4. Ўзбекистон ва Франция таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича дастурни имзолайди
  5. ОАВ хабарига кӯра давлат телеканалларида Каримов даврини мақтамаслик тавсия қилинди
  6. Ўзбекистон ҳукумати аъзолари кортежи ЙТҲга учради
  7. Йӯловчи поезд чипталари 5 кун учун 50 фоизга арзон бӯлади
  8. Тошкентда 100 млн долларлик янги стадион қурилади

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Қурбон ҳайити куни Ўзбекистоннинг 2000 масжидларида ҳайит намози ўқилди.

Хабарда айтилишига кўра, ушбу ҳайит намозларида 15 миллиондан ортиқ киши иштирок этган.

Қурбон ҳайити намози маърузасида эзгу амаллар мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва обод кунлар қадри ҳақида сўз борди. Ҳайит намозидан сўнг, одатга кўра мусулмонлар яқинлар ҳолидан хабар олиш, бир-бирини қутлаш учун йўл олишди, Аллоҳ номига қурбонликлар амалга оширилди.

Хххххххххххххххххххх

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган Орол денгизи масаласига бағишланган саммитдаги иштирокини якунлаб, Тошкентга қайтди.

Саммит доирасида Ўзбекистон раҳбари Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.

Шунингдек, президент Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари билан тор доирадаги учрашувда қатнашди.

Учрашувда Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш, сувни тежаш ва ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, Марказий Осиё мамлакатларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари Орол бўйича сув ва экология муаммоларини биргаликда ҳал қилишга келишиб олишди.

хххххххххххххххххх

Саудия Арабистони ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистонга Ҳаж квотасини 40 фоизчага оширган.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг катта мусулмон давлати саналади.

Мамлакат аҳолисининг сони эса, ҳозир қарийб 33 миллион кишига яқинлашган.

Маҳаллий кузатувчилар ҳатто оширилгани билан ҳам, Ўзбекистон учун ажратилувчи квотанинг анча кам эканини айтишади.

Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида эса, ҳар йили Ҳаж зиёрати учун навбатнинг бир неча йилларга чўзилаётгани, таниш-билишчилик ва айрим ҳолатларда порахўрлик ҳам кузатилаётгани юзасидан баҳс этилиши одат тусини олган.

Саудия  Ҳаж зиёрати учун квоталарни мамлакатдаги ҳар минг мусулмонга бир ўрин билан белгилайди.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси Ҳаж зиёратининг нархини бу йил 38 миллион сўм қилиб белгилаган.

Бундан бу йилги Ҳаж зиёратининг ўзбекистонлик мусулмонларга қўшни давлатларникига қараганда анчагина қимматга тушгани англашилади.

Ўзбекистонлик 7200 нафар зиёратчи Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳарларидан 32 та рейсда Саудия Арабистонига етказилгани хабар берилган.

Хххххххххххххххххххх

20 август куни Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти кортежи Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида йўл-транспорт ҳодисасига учради.

Аниқлик киритилишича, ЙТҲ оқибатида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов жароҳат олган. Манба маълумотига кўра, кортежнинг бош қисмидаги Алишер Султонов бўлган автомобиль жиддий шикастланган, бош вазир ўринбосари ҳамда унинг ёнида бўлганлар тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Бош вазир Абдулла Арипов минган автомобиль эса кортежнинг орқароғида бўлган ва ЙТҲ вақтида жиддий шикастланмаган.

Бош прокуратурадан тасдиқлашларича, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган «Дамас» русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси юзага келган.

Хххххххххххххххххх

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллигини нишонлаш кунларида йўловчилар учун бир қатор қулайликлар яратилди

Айтилишича, фуқароларнинг тўлақонли дам олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва дам олиш, байрам кунларидан оқилона фойдаланиши шунингдек, ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида, жорий йил 31 августдан 4 сентябргача бўлган кунларида маҳаллий йўналишларда қатновчи йўловчи поездларда, шу жумладан, юқори тезликда ҳаракатланаётган «Афросиёб» поездларида ҳам, оилавий, жамоа, талабалар, ўқувчилар ҳамда нафақадагилар учун йўл чипталарига 50 фоизлик чегирма жорий қилинди.

Ххххххххххххххх

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов «Пахтакор» клубини васийлигига олди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида намойиш этилган ҳужжатли фильмда маълум қилинган.

Фильмда таъкидланишича, айни пайтда «Пахтакор» клуби низом жамғармасининг 80 фоизи асли ўзбекистонлик бизнесменга тегишли. Ҳозиргача клубни ривожлантиришга 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритилган.

Маълум қилинишича, 1959 йилда қурилган «Пахтакор» стадиони ўрнида янги арена қурилиши мўлжалланмоқда. Барча қулайликларга эга, ФИФА талаблари асосида бунёд этиладиган замонавий стадионнинг лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этиши режалаштирилган.