декабр 13, 2018 14:06 Asia/Tashkent

« Ёсин " муборак сураси 59-65-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Ёсин” муборак сураси  59- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَامْتَازُوا الْيَوْمَ أَيُّهَا الْمُجْرِمُونَ ﴿٥٩﴾ 

Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

Эй жиноятчилар! Бугунги кунда сиз ажралингиз! (59)

Ӯтган суҳбатимизда Қуръони карим эзгу инсонларнинг жисмоний роҳат-фароғат ва руҳий осойишталикда бӯладиган жойлари, яъни жаннатдаги мавқеъларини шарҳлаган эди. Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: Сарҳисоб куни ёмонлар сафи яхшилардан ажралиб, бошқа томонга, охири дӯзах азоби билан тугайдиган йӯлга кетади. Улар дунёнинг ӯткинчи лаззат ва шаҳватлари билан охиратнинг абадий азоб-уқубатини сотиб олишди ва ушбу кунда дунёда нақадар адашганликларини англаб етишади.

Қиёмат Илоҳий адолат маҳкамасидир. Унда дунёдаги ҳолатнинг акси, яъни   ҳеч қачон яхшилар билан ёмонлар бир сафда бӯлмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Қиёмат инсонларнинг фикр-қараш, ақида ва амалларига қараб ажраладиган кунидир. Унда қанча-қанча ота-она ва фарзандлар бир-бирларидан ажралиб, қанчадан-қанча бегоналар энг яқин қариндошлар мисоли бирга бӯлишади.

Қиёмат Аллоҳ таъолонинг ёмонларни жазолаш ва яхшиларни мукофотлаш ҳақидаги ваъдасининг амалга ошиш кунидир.

Энди  “Ёсин” муборак сураси   60-62- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَلَمْ أَعْهَدْ إِلَيْكُمْ يَا بَنِي آدَمَ أَن لَّا تَعْبُدُوا الشَّيْطَانَ ۖ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ ﴿٦٠﴾ وَأَنِ اعْبُدُونِي ۚ هَـٰذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ ﴿٦١﴾ وَلَقَدْ أَضَلَّ مِنكُمْ جِبِلًّا كَثِيرًا ۖ أَفَلَمْ تَكُونُوا تَعْقِلُونَ ﴿٦٢﴾

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Мен сизларга: «Эй одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир. (60) Ва Менга ибодат қилинг, мана шу тўғри йўлдир», деб амр қилмаган эдимми?! (61) Батаҳқиқ, у сизлардан кўпчилик авлодни адаштирди. Ақл юритувчи бўлмаган эдингизми?! (Шайтон сизлардан кўп авлодларни тўғри йўлдан адаштирди, сиз ақл юритмадингизми? У юр деса, орқасидан кетавердингизми?!) (62)

 Бу ояти карималарда қиёмат саҳнасида ҳозир бӯлган ва сафлари муминлардан ажралган гунаҳкорлар ва хато аҳлига хитоб қилинган. Бу маломат ва тергаш билан қоришиқ хитоб Аллоҳ томонидандир. Бунда “Нега Аллоҳнинг йӯлини қӯйиб, шайтоннинг кӯрсатмасига амал қилдингиз?” деган савол кӯндаланг қӯйилади.

Қуръони карим бу хитобни Аллоҳ таъоло яратилишнинг ибтидосида барча одамизод фарзандларидан олган ваъдасини яна бир бор эслатиш дея талқин қилади.

Инсон зоти Илоҳий фитратга эга. Шу сабабли ёмон амаллар унинг инсонийлик шарафига тӯғри келмаслигини яхши билади. Шундай экан,    инсонни ёмон ишларга даъват қилганлар шайтондир, хоҳ у одамизод шаклида бӯлсин, хоҳ бошқа шаклда.

Фитратининг илоҳийлигига қарамасдан тарихдан маълумки, жуда кӯп инсонлар   дӯзах азобига элтадиган оғир гуноҳларни содир қилишган. Ана шундай кишиларнинг ҳаёт йӯлига назар ташласак, уларни гумроҳ қилган асосий сабаб хурофот, ёхуд йӯлдан адашган, мафкураси бузуқ одамларга эргашишлари эканлигини англаш қийин эмас.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Аллоҳ таъоло ичкаридан фитрат ва ақл ҳамда ташқаридан пайғамбарлар орқали инсондан ҳеч қачон шайтонга эргашмаслиги ҳақидаги ваъдасини олган.

Инсон аслида икки ҳолатдадир: у ё Аллоҳнинг   ё шайтоннинг бандасидир.

Ҳар бир намозда Аллоҳ таъолодан тӯғри йӯлга ҳидоят қилишини ёлвориб сӯраймиз. Бу ояти карималар асосида тӯғри йӯл Аллоҳга итоат ва ибодат қилишдир.

Фақат дунёдаги ҳаётимизнинг осойишталиги учун эмас, балки шайтоннинг алдовига эргашиб, ҳалокатга учраганларнинг саргузаштини ӯрганиб, ундан ибрат олиш учун ҳам ақл-тафаккуримизни ишга солиш керак.

 

هَـٰذِهِ جَهَنَّمُ الَّتِي كُنتُمْ تُوعَدُونَ ﴿٦٣﴾ اصْلَوْهَا الْيَوْمَ بِمَا كُنتُمْ تَكْفُرُونَ ﴿٦٤﴾ الْيَوْمَ نَخْتِمُ عَلَىٰ أَفْوَاهِهِمْ وَتُكَلِّمُنَا أَيْدِيهِمْ وَتَشْهَدُ أَرْجُلُهُم بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ ﴿٦٥﴾

Бу ояти карималарқуйидагича таржима қилинган:

Мана бу сизга ваъда қилинган жаҳаннамдир! (63) Куфр келтириб ўтганингиз туфайли бугунги кунда унга киринг! (64) Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур. (Жиноятчиларнинг оғизлари муҳрлаб қўйилади, бошқа аъзолари шоҳидлик бера бошлайди. Қўли гапиради, оёғи гувоҳлик беради.) (65)

Гунаҳкорларнинг қиёматдаги ҳолатини ифадалаган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: Илоҳий пайғамбарлар дунёда Аллоҳнинг яхши амал эгаларига мукофот, ёмон амал эгаларига аччиқ азоб муқаррарлиги ҳақидаги ваъдасини барча одамларга эслатган эдилар. Аммо одамларнинг кӯпчилиги бу Илоҳий ваъдага ишонишмас, ёхуд уни масхара қилишарди. Энди улар қиёмат саҳнасида ӯша ваъдаларнинг айни ҳақиқат эканлигини англаб етишади. Дӯзахни ӯз кӯзлари билан кӯриб, унинг ичига кириб, жизғанак қилиб куйдиргувчи оловини бутун вужудларида ҳис қилишади.

Илоҳий адолат маҳкамасида гунаҳкорнинг гапиришига, гуноҳни ӯзгаларга ағдаришига ҳожат йӯқ. Зеро, бунда тил ӯрнига қӯл, оёқ ва баданнинг бошқа аъзолари тилга кириб, қилган амалларига иқрор келтиришади.

 

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Илоҳий пайғамбарлар барча одамларга Аллоҳнинг амрларини етказиб, уларга дӯзах азоби муқаррар эканлигини тушунтирганлар.

Қиёмат куни сӯзлаш аъзоси бӯлган оғиз муҳрланиб, қӯл-оёқ каби аъзолар сӯзлай бошлайди.

Одам баданининг аъзолари идрок этиш хусусиятига эга. Шу сабабли уларда барча бажарган амаллари ёзиб борилади. Қиёмат куни ана шу нарсаларни айтиб беришади.

Ёрлиқ