декабр 13, 2018 14:16 Asia/Tashkent

« Ёсин " муборак сураси 66-70-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Ёсин” муборак сураси  66-67- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَوْ نَشَاءُ لَطَمَسْنَا عَلَىٰ أَعْيُنِهِمْ فَاسْتَبَقُوا الصِّرَاطَ فَأَنَّىٰ يُبْصِرُونَ ﴿٦٦﴾ وَلَوْ نَشَاءُ لَمَسَخْنَاهُمْ عَلَىٰ مَكَانَتِهِمْ فَمَا اسْتَطَاعُوا مُضِيًّا وَلَا يَرْجِعُونَ ﴿٦٧﴾

Бу ояти карималар   қуйидагича таржима қилинган:

Агар хоҳласак, кўзларини теп-текис қилиб қўюрмиз. Бас, улар йўлга шошилурлар. Аммо қандай ҳам кўрсинлар. (66) Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўюрмиз. Бас, олдинга юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар. (67)

Ӯтган суҳбатимизда гунаҳкорларнинг Қиёмат куни Илоҳий маҳкамада ҳозир бӯлишлари ва бадан узвларининг гуноҳларига иқрор келтириши ҳақида гапирган эдик. Бу ояти карималарда буюрилади: Аллоҳнинг азоби фақат қиёматда бӯлмай, балки Аллоҳ истаса, шу дунёдаёқ гунаҳкор кишиларни жазолайди. Аллоҳ истаса, уларнинг кӯзларига парда тортиб, кӯриш қобилиятидан маҳрум айлайди. Натижада улар бошқалардан илгарилаб кетиш у ёқда турсин, ҳар куни бориб-келадиган йӯлларига қадам босолмайдилар. Бу Аллоҳнинг уларга юборган энг кичик жазоси бӯлади. Шунингдек, Аллоҳ истаса, уларни ҳаракатланишдан маҳрум бӯлган руҳсиз ҳайкалга айлантириб қӯйиши ҳам мумкин.

Азобнинг бу икки тури қиёматда ҳам бӯлса керак. Зеро, гунаҳкорлар унда абадий бахт-саодат йӯли бӯлган жаннат йӯлини топишдан ожиз қолиб, маҳшар саҳросида сарсон-саргардон юришади. Улар Аллоҳнинг иродаси қаршисида ӯз амаллари учун берилажак азобдан қочиш учун ҳаракат қилишдан ожиз қоладилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Инсон дунёда ҳам Аллоҳнинг қаҳр-ғазабига гирифтор бӯлиши мумкин. Шу сабабли у Илоҳий жазо ҳамда улкан неъматларни қӯлдан чиқариши хавфи борлигини унутмаслиги керак.

Аллоҳ таъоло дунёда инсонларни уларнинг танлаш ва амал қилиш ҳақларини зоеъ қилмаслик учун айрим ҳолатлардагина жазолайди, холос.

Энди  “Ёсин” муборак сураси   68- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَمَن نُّعَمِّرْهُ نُنَكِّسْهُ فِي الْخَلْقِ ۖ أَفَلَا يَعْقِلُونَ ﴿٦٨﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Кимнинг умрини узоқ қилсак, уни хилқатида ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл ишлатиб кўрмайдиларми?! (Иймонга келиб, ибодат билан ўтган мўминлар қариганлари сари роҳатлари кўпайиб боради. Ҳаётда қолишни савоб ишлаш учун фурсат деб хурсанд бўладилар. Жаннатга ва Аллоҳнинг розилигига етишиш умидида ўлимни хурсанд бўлиб кутиб оладилар. Кофирлар эса, ақлларини ишлатмаганлари учун бу масалада катта қийинчиликда қоладилар.) (68)

Дунёда ҳам Илоҳий жазо мавжудлигига ишора қилинган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти каримада буюрилади: Барча инсонлар қариган чоғи ақлий ва жисмоний жиҳатдан заиф бӯлишади. Улар болалик ҳолатига қайтишади. Бу дегани инсон ёшлик ва ӯрта яшарлик чоғи тӯғри йӯлни танлаб, бир мумин киши каби яшашга ҳаракат қилиши керак. Қариганда яхши одам бӯламан, қариганда намоз ӯқийман, дейиш хомхаёлдан бошқа нарса эмас.

Бундан ташқари инсон узоқ умр кӯрсам, куч-қудратим ортади, деган хаёлга бормаслиги керак. Зеро, барча инсонлар, ҳатто ҳоким ва подшоҳлар ҳам қариган сари шунчалик заиф-бечорага айланишадиким, худди гӯдаклар каби бировнинг уларга овқат едиришига, кийимларини кийдиришига муҳтож бӯлишади. Шу сабабли куч-қувватнинг борида жамиятга фойдаси тегадиган эзгу ишларни бажаришни кечиктирмаслигимиз лозим.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Узоқ умр инсонга куч-қудрат бағишламайди. Узоқ умр куч-қудрат қалъасидан бечоралик ва иложсизлик томон қайтишдир.

Инсоннинг умри чекланган аммо орзулари чексиздир. Ӯзининг чекланган умридан чексиз фойдалана олган кишига ҳавас қилиш керак.

Инсонга нажот бахш этадиган нарса тӯғри тафаккур ва амал қилишдир. Аммо кишининг умрини, айниқса ёшлигини ғафлатда ӯтказишига сабаб бӯлган нарсалар унинг бахтиқаролик ва ҳалокати воситасидир.

 

وَمَا عَلَّمْنَاهُ الشِّعْرَ وَمَا يَنبَغِي لَهُ ۚ إِنْ هُوَ إِلَّا ذِكْرٌ وَقُرْآنٌ مُّبِينٌ ﴿٦٩﴾ لِّيُنذِرَ مَن كَانَ حَيًّا وَيَحِقَّ الْقَوْلُ عَلَى الْكَافِرِينَ ﴿٧٠﴾

Бу ояти карималарқуйидагича таржима қилинган:

Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ. Ва бу унинг учун тўғри ҳам келмайди. У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас. (69) Тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиши учундир. (70)

Бу ояти карималар нубувватнинг ҳақлиги ҳақида бӯлиб, унда буюрилади: Биз ҳазрат Муҳаммад (с) га нозил айлаган нарсалар шеър эмас. Гарчи Қуръони карим суралари махсус оҳанг ва вазнга эга бӯлсада, аммо тарихнинг гувоҳлик беришича, пайғамбар ҳазратлари шоир бӯлмаган ва ҳеч қачон шеър айтмаганлар.

Арабларда, шоирларнинг жинлар билан алоқаси бор. Уларга шеър айтишни жинлар ӯргатади, деган нотӯғри ақида ҳукмрон эди. Улар Расули акрам (с) га шоирлар каби жинлар таъсирида бу ажабтовур сӯзларни айтяпти, дея туҳмат қилишарди.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Пайғамбар айтаётган гаплар Илоҳий каломдир. Бу муборак калом ҳақ тарафдорларини нафс балоси ва шайтон васвасаларидан омон сақлайди. Албатта эшитган кофирлар бу оятлардан таъсирланмайди. Зеро, ҳаққа қарши куфр ва якравлик ҳисси вужудларини қамраб олиб, қалбларини тошга айлантирган. Аммо Аллоҳнинг каломи уларга етказилди ва улар қиёмат куни ҳақ сӯзни эшитмадик дейишолмайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

Қуръони карим шеър ва шоирликни инкор қилмайди, балки пайғамбарнинг шоир ва Қуръоннинг шеър эканлигини инкор қилади.

Қуръон шоирнинг хаёлий тасаввурлари асосида яратилган шеър эмас. Аллоҳнинг каломи ҳаким ва у ҳикмат ва мантиққа асослангандир.

Ҳақни қабул қилмайдиганлар тирик ӯликлардир. Инсон қалбининг уйғоқлиги ва руҳининг поклиги билан қадрли. Шу сабабли ҳақиқий иймон эгалари қалблари уйғоқ, зиндадил кишилардир.Кофирлар эса мурдалар каби ҳақиқий ҳаётдан баҳраманд бӯлишмайди. Зеро, куфр қалбни ӯлдиради.