сентябр 12, 2016 09:26 Asia/Tashkent

Ўзбекистоннинг муҳим хабарлари

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди;
  2. Ўзбекистонда президентлик сайлови 2016 йилнинг 4 декабрида ўтказилади;
  3. Ўзбекистон ва Латвия ҳамкорликлари кенгайиб бормоқда;
  4. Ўзбекистонда 12 сентябрь — Қурбон Ҳайити нишонланадиган кун дам олиш куни деб эълон қилинди;
  5. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ияд бин Амин Маданийни қабул қилди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

8-сентябр куни  Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг қўшма йиғилишида Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш масаласи кўриб чиқилди.

Мажлис якунига кўра,  Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Кун.уз сайти хабар қилган

"Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди, Олий Мажлис сенати Раиси Ниғматулла Йўлдошев бу ваколатни қабул қилишни рад этди", — деб хабар қилди манба.

Ўзбекистонда президентлик сайлови 2016 йилнинг 4 декабрида ўтказилади. Бу ҳақда республика Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов маълум қилган. 9-сентябрда  Ўзбекистон республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

"Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 8-моддасига, "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги Қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ 2016 йил 4 декабрь, якшанба кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди", — дейилган хабар матнида. Хабарда айтилишича, шу муносабат билан Ўзбекистон республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон республикаси президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган.

Марказий сайлов комиссияси мажлисида Ўзбекистон республикаси президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси, тузиладиган сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилиши таъкидланди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон республикаси президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Матбуот маркази Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 16-уй манзили бўйича жойлашган. Шу куннинг ўзида маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон республикаси президенти сайловини ёритиш бўйича республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор қабул қилган.

Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорликлар кенгайиб бормоқда.Бу борада  Тошкентдаги ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов қуйидагича хабар беради:

Эшиттиришимиз давом этади.

Ўзбекистонда 12 сентябрь — Қурбон Ҳайити нишонланадиган кун дам олиш куни деб эълон қилинди. Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қарорни 9 сентябрь куни имзолади. Қарор матни ЎзА томонидан эълон қилинган. «Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон Ҳайитининг биринчи куни 12 сентябрь (душанба) кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2016 йил 12 сентябрь мамлакатимизда дам олиш куни деб белгилансин ва байрам сифатида кенг нишонлансин», — дейилади ҳужжатда. Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш ҳақида кўрсатма берилган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ияд бин Амин Маданийни қабул қилди

    Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ияд бин Амин Маданийни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб Кун уз сайти хабар берди. Суҳбат чоғида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига тайёргарлик кўришнинг амалий масалалари муҳокама қилинди. Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисини муваффақиятли ўтказилишидан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди. Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» деб номланган раислик шиорининг долзарблиги ва аҳамиятлилиги сабабли 43-сессия ва унинг якунлари ИҲТ тарихида қолади.

 Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.