июл 23, 2019 19:16 Asia/Tashkent

« Сод " муборак сураси  34-38-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Сод” муборак сураси  34-35- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَقَدْ فَتَنَّا سُلَيْمَانَ وَأَلْقَيْنَا عَلَىٰ كُرْسِيِّهِ جَسَدًا ثُمَّ أَنَابَ ﴿٣٤ قَالَ رَبِّ اغْفِرْ لِي وَهَبْ لِي مُلْكًا لَّا يَنبَغِي لِأَحَدٍ مِّن بَعْدِي ۖ إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ﴿٣٥ 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, Биз Сулаймонни синадик. Унинг курсисига жасадни ташладик. Сўнгра у тавба қилди. (Ушбу ояти каримадаги зикр қилинган синов нимадан иборат? Курсига ташланган жасад нима эди? Бу саволга бошқа оятларда ҳам, Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) суннатларида ҳам очиқ-ойдин жавоб йўқ. Шунинг учун ҳам турли асоссиз қисса ва ҳикоялар кўпайиб кетган.) (34) У: «Эй Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин. Албатта, сен кўплаб атоларни бергувчисан», деди. (35) 

Аллоҳнинг ҳазрат Сулаймонга нисбатан лутфу марҳаматини баён айлаган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда ҳазрат Сулаймоннинг оғир бир синови ҳақида ишора  қилинади.  Бу синов  тафсилоти оятда келтирилмагани сабабли ривоятларга мурожаат қиламиз.

Ҳазрат Сулаймон серфарзанд бӯлишни, фарзандларидан энг ғайратлисини эса подшоҳлигини давом эттириши учун ӯзига ӯринбосар қилиб тарбиялашни орзу қиларди. Аммо бу истагида у Аллоҳга таваккул қилмагани учун Худо ишини қийинлаштирди ва биргина ногирон фарзанддан бошқа  аёлларидан фарзанд туғилмади.

Ногирон фарзанд жонсиз жасад мисоли Сулаймоннинг наздида ётарди. У Худодан ғофил бӯлиб, фарзандга кӯнгил қӯйгани учун Аллоҳ уни шу йӯл билан имтиҳон қилаётганини англаб етди. Ӯз ғафлатидан тавба қилиб, Аллоҳга қайтди.

Баъзи ривотларда Сулаймоннинг ӯзи оғир хасталикка чалиниб, руҳсиз жасад мисоли тӯшакка михланди, шаклида ҳам келтирилган.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Ҳазрат Сулаймон сидқидилдан тавба-тазарру қилгач, Аллоҳдан ҳукумат юритишида муъжизалар ато этишини ва бу муъжизалар элга унинг пайғамбарлик рисолатини намоён этишини сӯради.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг имтиҳони  бандаларининг руҳига сайқал бериб, уларнинг Илоҳий даргоҳга қурб ҳосил қилишларига сабаб бӯлади. Шунинг учун  барча инсонлар, ҳатто пайғамбарлар ҳам имтиҳон қилинадилар.
  2. Айрим анбиёлар пайғамбарлик рисолати ва одамларни ҳидоят қилиш масъулияти билан бирга подшоҳлик қилар эдилар.
  3. Дуо қилганда кичик нарсаларга қаноат қилмай, ҳазрат Сулаймон каби ҳимматни баланд тутиб,  Аллоҳдан улуғ нарсаларни сӯрашимиз керак.

Энди  “Сод” муборак сураси   36-38- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَسَخَّرْنَا لَهُ الرِّيحَ تَجْرِي بِأَمْرِهِ رُخَاءً حَيْثُ أَصَابَ ﴿٣٦وَالشَّيَاطِينَ كُلَّ بَنَّاءٍ وَغَوَّاصٍ ﴿٣٧ وَآخَرِينَ مُقَرَّنِينَ فِي الْأَصْفَادِ﴿٣٨

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Бас, Биз унга шамолни бўйинсундирдик, у ирода қилган томонга майин эсаверади. (36) Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. (37) Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйинсундирдик).(38) 

Бу ояти карималарда айтилишича, Аллоҳ таъоло ҳазрат Сулаймоннинг дуоларини ижобат айлади ва ҳукумат юритишда ӯзидан олдинги ва кейинги ҳокимларнинг ҳеч бирига берилмаган муъжизавий имкониятларни унга ато айлади. Бу муъжизавий ҳолатлар унинг ҳукумати Илоҳий эканлигини кӯрсатиб турарди.

Аллоҳи зулжалол ҳазрат Сулаймонга ато этган биринчи муъжиза унинг бир жойдан бошқа жойга бориши учун шамолдан улов сифатида фойдаланиши эди. Шамол ҳазрат Сулаймонинг тахтини бугунги самолётлар каби осмонга  кӯтариб, унинг истаган жойига етказиб қӯярди.

Ҳазрат Сулаймонга ҳадя қилинган иккинчи муъжиза унга жинларнинг итоат қилиши бӯлди.  Унинг ихтиёридаги жинлардан бир қисми кӯприк ва тӯғонлар қуриш каби қурилиш ишларида, бошқа гуруҳи эса денгизларда хизмат қилишарди.

Жинларнинг ҳазрат Сулаймон буйруғини бажармаган тоифаси зиндонга ташланган ва бошқа маҳкумлар каби улар ғул ва занжирда эдилар.

Шундай қилиб Аллоҳ таъоло ҳазрат Сулаймонга луф-карам қилиб, муъжизавий бир тарзда барча табиий, инсоний ва жинний кучларни унинг ихтиёрига топширган эди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Жин ақл, тафаккур ва тахассус соҳибидир. Шу сабабли аҳли башар айрим ишларда жиннинг иқтидоридан ҳам фойдаланиши мумкин.
  2. Мамлакатни бошқариш ёхуд муҳим лойиҳаларни амалга оширишда муносиб кучлардан фойдаланиш зарурий ҳолатдир.
  3. Жамиятга зарар етказадиган, унинг тартиб-низомини издан чиқарадиган шахс ва гуруҳлар худди ҳазрат Сулаймон саркаш жинларга  раво кӯрганидек, қӯлга олиниб, назоратда сақланиши керак.