август 21, 2019 16:48 Asia/Tashkent

« Сод " муборак сураси  67-74-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Сод” муборак сураси  67-70- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ هُوَ نَبَأٌ عَظِيمٌ ﴿٦٧ أَنتُمْ عَنْهُ مُعْرِضُونَ ﴿٦٨مَا كَانَ لِيَ مِنْ عِلْمٍ بِالْمَلَإِ الْأَعْلَىٰ إِذْ يَخْتَصِمُونَ ﴿٦٩ إِن يُوحَىٰ إِلَيَّ إِلَّا أَنَّمَا أَنَا نَذِيرٌ مُّبِينٌ ﴿٧٠

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

«Бу улуғ бир хабардир. (67) Сиз бўлсангиз, ундан юз ўгирмоқдасиз. (68) Менинг олий тўплам ҳақида улар тортишаётганларида ҳеч билимим бўлмаган эди. (Эй мушриклар, бу Қуръон ва Пайғамбарлик шаъни сиз ўйлаётгандек оддий ва жўн эмас. У менинг шахсимга ҳам боғлиқ эмас. Олий тўпламда (фаришталар оламида) бу ҳақда ўзаро тортишувлар бўлаётганида мен  у ҳақда ҳеч нарса билмас эдим.) (69) Менга фақат ўзимнинг очиқ-ойдин огоҳлантиргувчи эканлигимгина ваҳий этилур», деб айт. (70)

Кейинги суҳбатларимизда шарҳланган оятларда жаннат,дӯзах ҳамда улардаги кишиларнинг аҳволи тасвирланган эди. Бу ояти карималарда буюрилади: булар ғайб ишлари бӯлиб, уларни фақатгина ваҳий орқали англаш мумкин. Ваҳий эса пайғамбарга нозил бӯлгач, ёзма шаклга солиниб,  Қуръон ҳолатига келтирилган.  Шу сабабли буюрилади: Эй пайғамбар, мушрикларга айтинг, Қуръон сиз Худога  куфр келтирганингиз сабабли уни қабул қилишни истамаётган буюк хабардир. Сиз менинг гапларимни ҳам тинглашни истамайсиз. Ваҳоланки,  мен бу гапларни ӯзимдан тӯқиб чиқарганим йӯқ. Балки бу фикрларнинг барчаси сизларга келажагингизда руй бериши муқаррар бӯлган нарсалар  ҳақида эслатишим учун Аллоҳ томонидан ваҳий келган. Мен ҳам сизларга ӯхшаб илми ғайб ҳақида ҳеч нарса билмайман. Худо ваҳий қилган нарсаларнигини англаб, сизларга етказаман. Масалан,  одамни яратишда фаришталарнинг қаршилиги ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Аллоҳ мени бу можародан огоҳ айлади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Эътиқодий масалаларда одамларнинг қабул қилиш-қилмаслиги ӯша масаланинг ҳақ ёхуд ботил эканлигига далил бӯлолмайди.
  2. Пайғамбарлар ғайб илмидан Илоҳий ваҳий орқали  огоҳ бӯладилар. Пайғамбарларнинг илми ғайб ҳақидаги билимлари мутлақ эмас. Улар бу соҳада Аллоҳ истаган ва ваҳий қилган миқдорда билишлари мумкин.

Энди  “Сод” муборак сураси   71-72- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

إِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي خَالِقٌ بَشَرًا مِّن طِينٍ ﴿٧١ فَإِذَا سَوَّيْتُهُ وَنَفَخْتُ فِيهِ مِن رُّوحِي فَقَعُوا لَهُ سَاجِدِينَ ﴿٧٢ 

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Эсла! Ўшанда Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен лойдан башар яратгувчидирман. (71) Бас, қачонки уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб йиқилинглар!» деган эди. (72

Фаришталарнинг муҳим бир мавзуда суҳбатлашаётгани тасвирланган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: Уларнинг суҳбати одамнинг яратилиши ҳақида эди.

Аллоҳ таъоло одамни яратишдан олдин бу ҳақда фаришталарга қуйидагича маълум қилди: Мен сув ва тупроқдан янги бир махлуқ яратмоқчиман. Унинг барча жонзотлардан фарқли жиҳати шулким, ӯзимнинг руҳимдан унга дам ураман. Шу сабабли бу янги махлуқнинг ӯзингиздан устунлигини тан олиб, унга сажда қилишингиз лозим.

Инсоннинг жисми сув ва тупроқдан эканлиги очиқ ҳақиқатдир. Зеро, инсон баданини ташкил қиладиган барча озиқ-овқат маҳсулотлари бевосита ёхуд билвосита ердан униб чиққан ва сув орқали парвариш топган. Аммо инсоннинг тупроқ ва сувдан ташкил топган жисмдан ташқари Илоҳий руҳга ҳам эга эканлиги унинг каромати ва борлиқ низомидаги ӯзига хос мақом-мартабасидан далолат беради.

Инсон вужудига Илоҳий руҳ пуфланди, деганда нимадир Худодан ажралиб инсон вужудига жойлашди, деган маънода тушунилмайди. Бу гапдан мақсад инсон руҳининг тупроқдан эмас, балки самовий оламга боғлиқлигини таъкидлашдир. Бошқача қилиб айтганда аҳли башар ӯзида мужассамлантира олиш лаёқатига эга бӯлган айрим Илоҳий сифатлар унга ато этилган. Мисол учун Аллоҳ таъоло ӯзининг илм, қудрат, раҳмат,  ихтиёр ва ирода каби сифатларидан бир чимдим, яъни аҳли башар кӯтара оладиган жуда чекланган бир миқдорда инсонга ато айлаган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Фаришталар одамдан олдин яратилган. Аммо тажрибадан кӯра истеъдод ва лаёқат муҳимлиги сабабли аҳли башар мартабаси фаришталардан кӯра устун ҳисобланади.
  2. Инсон икки жиҳатли, яъни моддий ва маънавий жиҳатга эга бӯлган мавжудотдир. Одамизод жисмоний хусусиятлари сабаб эмас, балки руҳий жиҳати ва унга Илоҳий руҳ дам урилгани сабабли фаришталарнинг сажда қилишига лойиқ деб топилган.
  3. Аллоҳдан ӯзгага сажда қилиш жоиз эмас, Аллоҳ изн берган ҳолатлардан ташқари. Одамга фаришталарнинг сажда қилиши Худонинг буйруғи билан бӯлган эди, шу сабабли у одамга эмас, балки Аллоҳги бандаликнинг нишонасидир.

Энди  “Сод” муборак сураси   73-74- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَسَجَدَ الْمَلَائِكَةُ كُلُّهُمْ أَجْمَعُونَ ﴿٧٣إِلَّا إِبْلِيسَ اسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ ﴿٧٤

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

Бас, фаришталар барчалари жамланиб, сажда қилдилар. (73) Магар Иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. (74)

Қуръони карим оятларига кӯра фаришталар сӯзсиз бӯйсунувчи мавжудот бӯлиб, улар ҳеч қачон Аллоҳнинг буйруғидан бош товламайдилар. Шу сабабли Аллоҳдан буйруқ бӯлгач, барчаси иккиланмасдан Одамга сажда қилишди. Фақат  мутакаббир Иблисгина одамга сажда қилмади. Зеро, у ӯзини инсондан устун деб биларди. Бу итоатсизлиги сабабли у қӯлга киритган юксак мақом-мартабисидан ажралиб, туғён қилувчи кофирлар сафидан жой олди.

Табиийки, Иблис ҳам фаришталар тоифасидан бӯлганида итоатсизлик қилолмасди. Унинг итоатсизлиги фаришталар тоифасидан эмаслигини кӯрсатади. Қуръони кармнинг бошқа оятларида келтирилишича, Иблис жинлар тоифасидан бӯлган. Зероки,  жинлар ҳам инсонлар каби итоатсизлик қилиш қобилиятига эга.

Ривоятда келтирилишича, узоқ йиллик риёзат ва ибодатлари сабабли Иблис фаришталар сафига қӯшилганди. Шунинг учун фаришталар қатори унга ҳам инсонга сажда қилиш буюрилди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ғурур ва такаббур юксак мақом –мартабали кишининг ҳам таназзулига сабаб бӯлади.
  2. Яхшилар даврасида бӯлишнинг ӯзи кишининг нажот топишига сабаб бӯлолмайди. Ҳар бир киши абадий фароғатга етишиш учун ҳақиқий маънода яхши инсон бӯлиши керак. Тарихда пайғамбарлар ва азиз-авлиёларнинг фарзанди ва қавм-қариндоши бӯлсада, тӯғри йӯлдан адашиб, фисқ-фужур йӯлига кириб кетганлар жуда кӯп.