Нур томон йӯл--846
«Зуммар" муборак сураси 24-28-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Зуммар” муборак сураси 24- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:
أَفَمَن يَتَّقِي بِوَجْهِهِ سُوءَ الْعَذَابِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ۚ وَقِيلَ لِلظَّالِمِينَ ذُوقُوا مَا كُنتُمْ تَكْسِبُونَ ﴿٢٤﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ахир қиёмат куни золимларга, касб қилиб юрган нарсангизни тотиб кўринг, дейилганида ёмон азобдан юзи ила сақланадиган одам (мўмин ила тенг бўлармиди)?! (24)
Ӯтган суҳбатимизда шарҳланган сӯнгги оятда ҳидоят топганлар ва гумроҳлар гуруҳига ишора қилинди. Бу ояти каримада ҳам ӯтган оятларнинг давоми сифатида бу икки гуруҳ ӯзаро қиёсланиб, уларнинг қиёматдаги ишларининг оқибати баён этилади. Ояти каримада буюрилади: Ӯзининг юзи билан оғриқли Илоҳий азобни ӯзидан узоқлаштирувчи киши билан сарҳисоб куни тинч-осойишта ҳаёт кечирувчи киши тенгми?! Қиёмат куни дӯзахий кофирларнинг аҳволи шунчалик аянчликим, улар юзлари билан ӯзларини ҳимоялашларига тӯғри келади. Зеро, қӯл-оёқлари ғӯл ва занжирлар билан чирмаб ташланган бӯлади.
Гарчи дӯзахда гунаҳкор кишининг аъзои бадани куйиб-қовжирасада, аммо бу ерда юзнинг махсус таъкидланиши чеҳранинг инсон баданидаги муҳим аъзо ҳисобланишига далолатдир. Масалан, инсонлар асосан чеҳра орқали бир-бирларидан фарқ қилади. Бундан ташқари юзнинг оловда куйиши баданнинг бошқа аъзоларидан кӯра оғриқлироқдир.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дӯзах азоби инсоннинг дунёда амалга оширган ишларининг қиёмат куни куйдиргувчи олов шаклида зоҳир бӯлган натижасидир.
- Инсон дунёда амалга оширган амалини қиёмат куни мушоҳада қилади.
Энди “Зуммар” муборак сураси 25-26-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
كَذَّبَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ فَأَتَاهُمُ الْعَذَابُ مِنْ حَيْثُ لَا يَشْعُرُونَ ﴿٢٥﴾ فَأَذَاقَهُمُ اللَّـهُ الْخِزْيَ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۖ وَلَعَذَابُ الْآخِرَةِ أَكْبَرُ ۚ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ ﴿٢٦﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Улардан олдингилар ҳам ёлғончи қилганлар, бас, уларга ўзлари сезмаган томондан азоб келган. (25) Аллоҳ уларга бу дунёда хорликни тотдирди, албатта, охират азоби, агар билсалар, янада улкан бўлур. (26)
Бу ояти карималарда кофирларнинг дунё ҳаётидаги ҳолати тасвирланиб, буюрилади: Тарих давомида пайғамбарлар ва уларнинг самовий диний таълимотини ёлғонга чиқарганларга шу дунёдаёқ Илоҳий азоблар нозил бӯлгандир. Кимдир бу азобни зоҳирий ҳолатда татиб кӯрган, кимгадир у номоддий ҳолатда зиён етказади.
Қайд қилиш жоизким, айрим азоблар жисмонийдир. Нуҳ ва Лут каби пайғамбарларнинг қавмига ҳамда Фиръавн ва Қорун каби кишиларга нозил бӯлган азоб каби.
Аммо айрим азоблар руҳий азоблардир. Мисол учун бугунги кунда одамларнинг яшаш шароитлари олдинги асрларга қараганда анчайин роҳат-фароғатда, аммо яшашдан зерикиш замондошларимиз ӯртасида тарқалган касалликларнинг энг кӯп қисмини ташкил этади. Сабаби, Аллоҳ ва маънавиятдан узоқлашган кишини дунёдаги ҳеч бир нарса қаноатлантиролмайди. Ҳамма нарсадан норозилик ҳисси бундай кишини яшашдан зерикиш хасталигига гирифтор айлайди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Гунаҳкорлар нолойиқ ишларининг натижасини ҳам дунё ва ҳам охиратда мушоҳада қилишади. Айрим азоблар—жисмоний, айримлари эса руҳий азоблардир.
- Айрим азоблар дунёда амалга оширилсада, аммо қиёмат азоби ундан минг чандон даҳшатлироқдир.
- Аллоҳ золимларни улар кутмаган нарсалар билан жазолайди.
Суҳбатимиз сӯнгида “Зуммар” муборак сураси 27-28- ояти карималарининг тиловатини жон қулоғи ила тинглаймиз:
وَلَقَدْ ضَرَبْنَا لِلنَّاسِ فِي هَـٰذَا الْقُرْآنِ مِن كُلِّ مَثَلٍ لَّعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ ﴿٢٧﴾ قُرْآنًا عَرَبِيًّا غَيْرَ ذِي عِوَجٍ لَّعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ ﴿٢٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамларга турли мисоллар келтирдик. Шоядки эсласалар. (27) Арабча Қуръонни эгриликсиз қилиб (туширдикки), шоядки тақво қилсалар. (28)
Бу ояти карималарда яна бир марта Қуръони каримнинг ӯзига хос хусусиятлари тилга олиниб, бу илоҳий китобнинг барчага тегишли эканлиги ҳақида буюрилади: Мақсади одамларни ҳидоят қилиш бӯлган бу Қуръонда инсонларни саодатли ҳаёт сари ҳидоят қилишга қаратилган барча нарсалар жамлангандир. Дарҳақиқат, Қуръони карим ҳидоят йӯлини кӯрсатувчи порлоқ нурдир.
Яратилиш оламига таважжуҳ қаратиб, ундаги жозиба ва муъжизаларни англаш, ҳаёт йӯлини тӯғри босиб ӯтиш учун мустаҳкам қонуниятлар, яхшиларнинг саодатли ҳаёти ва золимлар оқибатининг ачинарли эканлиги, ӯлимдан кейинги ҳаёт ва қиёматдаги улуғ маҳкама. Бу ва бу каби инсонни саодатга ҳидоят қилувчи омиллар одамларни ғафлат уйқусидан уйғотиб, ӯзига келтириш учун Қуръонда зикр этилган.
Қурони карим тавсифи давомида буюрилади: бу китобнинг тили фасоҳатли, содда ва самимий тил бӯлиб, оятлари ӯзаро оҳангдош, таъбирлари эса тушунарлидир. У камчиликлардан пок, нуқсонлардан холидир.
Шу нуктани ҳам илова қилиш жоизким, ана шундай муътабар китобнинг нозил қилинишидан мақсад одамларни парҳезкорликка, гуноҳлардан тийилиб, ёвуз қилмишлардан узоқлашишга ҳидоят қилишдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръони карим жомеъ ва комил китобдир. Унда аҳли башар учун керакли барса нарсалар жамлангандир.
- Баъзида мисол ва ӯхшатишлар қатъий далилдан кӯра одамларга кӯпроқ таъсир қилади. Шу сабабли кишиларга насиҳат қилиш учун Қуръонда жуда кӯп ташбиҳ ва истиоралардан фойдаланилган.
- Қуръоннинг тили фасоҳатли, равон ва самимийдир. Бу китоб ҳар қандай камчилик ва хатолардан покдир.