сентябр 14, 2019 18:58 Asia/Tashkent

«Зуммар" муборак сураси  33-37-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  33-34- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَالَّذِي جَاءَ بِالصِّدْقِ وَصَدَّقَ بِهِ ۙ أُولَـٰئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ ﴿٣٣﴾ لَهُم مَّا يَشَاءُونَ عِندَ رَبِّهِمْ ۚ ذَٰلِكَ جَزَاءُ الْمُحْسِنِينَ ﴿٣٤﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Содиқ (сўз)ни келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир. (Яъни, Аллоҳнинг содиқ сўзини бандаларга етказган ва ўша содиқ сўзни тасдиқлаганлар тақводорлардир. Қуръони Каримни келтирган Муҳаммад (с. а. в.) ҳамда бошқа барча Пайғамбарлар алайҳиссалом ва барча мўмин бандалар шу сирага кирадилар. Улар Аллоҳ таолога тақво этган, унинг айтганини қилган, қайтарганидан қайтган бандалардир.) (33) Улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Ана ўша гўзал амал қилгувчиларнинг мукофотидир. (34) 

Одамлар қиёмат куни икки гуруҳга бӯлинади: муваҳҳид ва мушриклар. Ӯтган суҳбатимизда шарҳланган сӯнгги ояти каримада мушрикларнинг ҳолатига тӯхталиб, манманлик, якравлик ва ҳақни инкор қилиш уларни дӯзахга судраб кетади, деб айтган эдик.

 Бу ояти каримада эса муваҳҳидлар ҳақида буюрилади: улар ҳақ сӯзни эшитгач, унга иймон келтириш натижасида тақвога эришишди. Улар Илоҳий каломга қалбдан иймон келтириб, гапириш ва юриш-туриш ҳамда феъл-атворлари билан диний таълимотни тарғиб қилувчилардир. Бундай ҳақиқий мӯминлар жаннат билан мукофотланадилар. Жаннатда Аллоҳ таъоло улар учун истаган нарсаларини моддий хурсандчиликлардан тортиб, маънавий лаззат ва мавқеъларгача муҳайё этгандир.

Табиийки, ҳақиқий мӯминлар солиҳ амал ва ӯзгаларга эҳсон қилиш аҳлидирлар. Аллоҳнинг охиратдаги мукофотлари эса уларнинг иймон ва амаллари учун берилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Сӯз ва амалдаги тӯғрилик иймоннинг асосий шарти ҳисобланади. Ёлғончилик ва ҳасад иймоннинг руҳига мос келмайди.
  2. Динни таблиғ қилувчи киши ӯзининг айтган гапларига амал қилган тақдирда  муваффақиятга эришади. Акс ҳолда унинг таблиғи тескари натижа бериши ҳам мумкин.
  3. Аллоҳнинг жаннат аҳлига қаратилган лутфу марҳамат ва неъматлари ҳад-ҳудудсиздир.
  4. Тақво ва эҳсон (ӯзгаларга яхшилик қилиш) Қуръони каримда жуда кӯп ишлатилган истилоҳлар бӯлиб, улар ӯзаро бир-бирини тӯлдириб туради.

 

Энди  “Зуммар” муборак сураси   35-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

لِيُكَفِّرَ اللَّـهُ عَنْهُمْ أَسْوَأَ الَّذِي عَمِلُوا وَيَجْزِيَهُمْ أَجْرَهُم بِأَحْسَنِ الَّذِي كَانُوا يَعْمَلُونَ ﴿٣٥﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Зеро, Аллоҳ уларнинг қилган энг ёмон амалини ўчириб, қилиб юрган энг гўзал амаллари ажри ила мукофотлар. (35) 

Эзгу амал қилувчиларнинг Аллоҳдан илтижоларидан бири шулким: Аллоҳ уларнинг нолойиқ амалларини кечириб, яхши амалларини қабул қилсин. Аллоҳ таъоло ҳам уларнинг гуноҳга қоришиқ амалларини кечириб, эзгу амаллари учун мукофот беради.

Қайд қилиш жоизким, тақво парҳезкор инсонни ҳар қандай тойилишлардан асраб қолувчи поклик маъносини билдирмайди, балки у инсонни гуноҳдан асровчи, гуноҳ келтириб чиқарадиган нарсаларга нисбатан қалбида нафрат уйғотувчи ҳолатдир. Тақво жанговар ӯзини душманнинг ӯқ ёмғиридан асраш учун қӯлига олган қалқонга ӯхшайди. Аммо афсуски,  қалқон тутиб қололмайдиган ӯқлар ҳам бор. Муҳими, жанговарнинг қалқонни маҳкам тутиб, душман ҳамлаларига қаршилик кӯрсатишга тайёр туришидир.

Афсуски, тақво қалқонини ерга қӯйиб, нафсоний истак-хоҳишлар ва шайтоний васвасаларга эргашувчи кишилар оз эмас.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Инсоннинг ният ва сай-ҳаракати муҳимдир. Яъни инсон гуноҳдан узоқлашиш учун сай-ҳаракат қилса, Аллоҳ унинг нолойиқ ишларини кечириб, эзгу ният ва амали учун мукофотлар ато этади.
  2. Гуноҳлардан покланиш Аллоҳ лутфига эришишнинг муқаддимасидир.

Суҳбатимиз сӯнгида  “Зуммар” муборак сураси  36-37- ояти карималарининг тиловатини жон қулоғи ила тинглаймиз:

  أَلَيْسَ اللَّـهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ ۖ وَيُخَوِّفُونَكَ بِالَّذِينَ مِن دُونِهِ ۚ وَمَن يُضْلِلِ اللَّـهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ ﴿٣٦﴾ وَمَن يَهْدِ اللَّـهُ فَمَا لَهُ مِن مُّضِلٍّ ۗ أَلَيْسَ اللَّـهُ بِعَزِيزٍ ذِي انتِقَامٍ ﴿٣٧﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! Улар сени ундан бошқалар билан қўрқитадилар. Кимни Аллоҳ залолатга кеткизса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят қилгувчи йўқ. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) мушрикларни Аллоҳ таолонинг тавҳидига чақириб, уларнинг турли сохта худоларини айблаганларида, улар: «Муҳаммад худоларимизни сўкишдан тўхтамаса, унга, албатта, ёмонлик етади», деб у зотни (с. а. в.) қўрқитмоқчи бўлганлар. Ушбу оят шу муносабат ила тушган экан. Гарчи хос сабаб билан нозил бўлса ҳам, маъноси умумийдир.) (36) Кимни Аллоҳ ҳидоятга солса, бас, унинг учун ҳеч бир залолатга кетказгувчи йўқ. Аллоҳ азизу интиқом эгаси эмасми?! (37)

Иймон аҳли ҳамда кофирлар қиёсланган олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада Расули акрам (с)га қарата буюрилади: Улар ҳақ сӯзни қабул қилиш ӯрнига сизга қарши чиқиб, таҳдид ҳам қилишади. Ваҳоланки,  Аллоҳ сизга кифоят қилади ва унинг изнисиз ҳеч ким сизга зиён етказолмайди. Ӯтмишда ҳазрат Иброҳимни оловда ёнишдан, ҳазрат Мусони золим Фиръавн хавфидан, ҳазрат Исони эса хочга чормих қилишдан сақлаб қолгани каби.

Ояти карималарнинг давомида ҳидоят ва залолат ҳақида буюрилади: Илоҳий ҳидоятни қабул қилиб, унга эргашган киши нажот топгай. Илоҳий ҳидоятни қабул қилмаган киши ҳидоят топганман дея гумон қилсада, саодат манзилига йӯл тополмагай.

Бу ояти карималарнинг охирида қуйидаги нукта таъкидланади: Мушрик ва кофирлар ҳеч қачон Аллоҳга бас келолмасликларини, Унинг иродасини енголмасликларини  билишмайдими?!  Улар Аллоҳ Илоҳий пайғамбарлар ва ва улар келтирган таълимотга қаршилик қилганлардан қасос олишини билишмайдими? Аллоҳнинг қасоси эса уларнинг гумроҳ бӯлишларидир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳ ӯзига банда ва мутеъ бӯлган кишининг ишларини ӯзи кафолатлайди.
  2. Мӯмин киши Аллоҳга суянади ва душманга таслим бӯлмай, Худога таваккул қилиб, ҳақ йӯлида қатъият кӯрсатади.
  3. Инсоннинг гумроҳлиги ӯз-ӯзидан содир бӯлмайди. Балки у нолойиқ амаллари сабабли ҳидоят нуридан маҳрум бӯлиб, тӯғри йӯлдан адашиб кетади.