сентябр 16, 2019 18:38 Asia/Tashkent

«Зуммар" муборак сураси  38-41-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  38- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَئِن سَأَلْتَهُم مَّنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ لَيَقُولُنَّ اللَّـهُ ۚ قُلْ أَفَرَأَيْتُم مَّا تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّـهِ إِنْ أَرَادَنِيَ اللَّـهُ بِضُرٍّ هَلْ هُنَّ كَاشِفَاتُ ضُرِّهِ أَوْ أَرَادَنِي بِرَحْمَةٍ هَلْ هُنَّ مُمْسِكَاتُ رَحْمَتِهِ ۚ قُلْ حَسْبِيَ اللَّـهُ ۖ عَلَيْهِ يَتَوَكَّلُ الْمُتَوَكِّلُونَ ﴿٣٨﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратди?» деб сўрасанг, албатта: «Аллоҳ!» дерлар. Сен: «Менга хабар беринглар-чи! Сиз илтижо қилаётган Аллоҳдан бошқа нарсалар, агар Аллоҳ менга зарарни ирода қилса, ўшалар унинг зарарини аритгувчи бўла олурларми?! Ёки менга марҳаматни ирода қилса, ўшалар Унинг марҳаматини тутиб қолгувчи бўла олурми?!» деб айт. Сен: «Менга Аллоҳ етарли, таваккал қилгувчилар унгагина таваккал қилурлар», деб айт. (38)

Ҳидоят топганлар ва кофирлар ҳақидаги олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти каримада муҳим бир мавзуга ишора қилиниб, буюрилади: Мушриклар Аллоҳнинг яратувчилигига иқрор келтириб, оламни, жумладан инсонни ҳам Аллоҳ яратган, дея ишонишарди. Аммо улар Худо оламни яратиб, уни бошқариш ишини бошқаларга топшириб қӯйган, деган эътиқодда эдилар. Шу сабабли айрим инсон ва ашёларга сиғинишарди.

Ояти кариманинг охирида буюрилади: Аммо мӯминлар Аллоҳ томонидан яратилган ва бошқа махлуқлар каби Худо томонидан бошқариладиган ашёлар ӯрнига якка-ягона Аллоҳга таваккул қилишади.  Улар ӯз бурчларини тӯлиқ бажариш учун сай-ҳаракатларини қилиб, ишларининг натижасини Аллоҳга топширишади. Ва Аллоҳдан ӯзларига хайрли бӯлган нарсани муқаддар айлашини илтижо қилишади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Бутпарастлар Аллоҳнинг холиқлигига ишонишарди. Аммо бутлар бизни шафоат қилади деб ӯйлашарди. Уларни ӯзлари ва Худо ӯртасидаги воситачи деб билишарди.
  2. Инсоннинг фойда-зарари бизнинг тасаввуримиз ва зоҳирда мушоҳада қилганимиздан фарқли равишда Аллоҳнинг илкидадир. Шу сабабли ӯзимизга ӯхшаган махлуқларга таваккул қилиш ӯрнига фақат ягона Аллоҳга таваккул қилишимиз лозим.

Энди  “Зуммар” муборак сураси   39-40-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ يَا قَوْمِ اعْمَلُوا عَلَىٰ مَكَانَتِكُمْ إِنِّي عَامِلٌ ۖ فَسَوْفَ تَعْلَمُونَ ﴿٣٩﴾ مَن يَأْتِيهِ عَذَابٌ يُخْزِيهِ وَيَحِلُّ عَلَيْهِ عَذَابٌ مُّقِيمٌ ﴿٤٠﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Эй қавмим, ўз ҳолингизча амал қилаверинг. Албатта, мен ҳам амал қилгувчиман. Бас, тезда билурсиз. (39) Кимга уни расво қиладиган азоб келажагини ва кимга давомли азоб тушажагини», деб айт. (Яъни, эй қавмим, Аллоҳнинг тавҳид йўлига юрмай, Унга ширк келтирадиган бўлсангиз, ўз ихтиёрингиз билан, ўз хоҳишингиз ва йўлингиз билан амал қилаверинг. Аммо мен Аллоҳнинг айтганига амал қиламан. Тезда қиёмат қоим бўлажак, ўшанда биласиз. Кимнинг устидан муқим турадиган азоб тушажагини биласиз. Менингми, сизларнингми?) (40)

Бу ояти карималарда яшаб турган жамиятимиздаги нотӯғри эътиқодларнинг олдини олишимиз кераклиги таъкидланади.  Худи Расули акрам (с) Аллоҳ томонидан ӯзининг атрофидагилар ва қавм-қариндошларига мен бутларга сиғинишни қабул қилмайман, фақат ягона Аллоҳга сиғинаман, тутган йӯлингизни тӯғри деб ӯйласангиз, уни давом эттиринг, ишимизнинг оқибати нима бӯлишини сарҳисоб куни кӯрамиз, дея қатъий эълон қилишга масъул бӯлгани каби.

Бу ояти карима лакум дийнукум валия дин. Яъни сизнинг динингиз ӯзингиз учун ва менинг диним ӯзим учун мазмунидаги оятга ӯхшашдир. Аллоҳнинг расули бу нарсани эълон қилиб, мушриклар билан ҳар қандай эътиқодий келишувни қабул қилмасликлари ва уларнинг динига ҳеч қачон таслим бӯлмасликларини эълон қиладилар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Мӯмин киши қатъий иродали, ӯз сӯзида устивор турадиган инсондир. У фисқ-фасодга қоришиқ муҳитларда ҳам “ҳазм” бӯлиб кетмайди. Мӯмин киши жамиятнинг нотӯғри ишонч-эътиқодига қараб буқаламун каби рангини ӯзгартириб турмайди.
  2. Илоҳий пешволар  ӯз нуқтаи назарларини қатъий бир тарзда эълон қилишарди. Улар диний масалаларда бировларга ҳеч қачон ён бермас, ӯз йӯлларидан заррача бӯлсин орқага чекинмасдилар.

Энди  “Зуммар” муборак сураси  41-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

إِنَّا أَنزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ لِلنَّاسِ بِالْحَقِّ ۖ فَمَنِ اهْتَدَىٰ فَلِنَفْسِهِ ۖ وَمَن ضَلَّ فَإِنَّمَا يَضِلُّ عَلَيْهَا ۖ وَمَا أَنتَ عَلَيْهِم بِوَكِيلٍ ﴿٤١﴾

Бу ояти карима    қуйидагича таржима қилинган:

Албатта, Биз одамлар учун сенга китобни ҳақ ила туширдик. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзига фойда. Ким залолатга кетса, ўзига зарар. Сен уларга вакил-қўриқчи эмассан. (Ким ақлини ишлатиб, инсоф қилиб ҳидоятга юрса, Аллоҳ туширган Қуръонга амал қилса, ўзига фойда бўлади. Ким шунчалик гап-сўздан кейин ҳам, Аллоҳ унга ақл-ҳуш бериб, Пайғамбар юбориб, китоб тушириб, ҳақ йўлни кўрсатиб қўйганидан кейин ҳам залолат йўлини танласа, ўзига зарар қилади, бошқага эмас.) (41)

Бу ояти каримада пайғамбар (с)нинг Илоҳий ваҳийни қабул қилиш ва уни одамларга етказишдаги масъулиятларига ишора қилиниб, буюрилади: Аллоҳ одамларнинг ҳидояти учун лозим бӯлган барча нарсаларни ҳақ ва ҳақиқат асосида ӯз пайғамбарига ваҳий  қилгандир. Ул ҳазрат эса Илоҳий ваҳийни кам-кӯстсиз одамларнинг қулоғига етказган ҳамда бу ваҳийлар китоб ҳолатида кейинги наслларга етиб келган.

Айримлар ул ҳазрат етказган ваҳий сӯзларни қабул қилиб, яшаш тарзларига Илоҳий ҳидоятни татбиқ қиладилар.  Аммо бошқа бир гуруҳ таассуб ва ножӯя тақлид ҳамда манманлик ва якровликлари сабабли уни қабул қилмай,  залолат ва гумроҳликда қолишади.

Табиийки, аҳли башарнинг куюнчак муаллим ва тарбиячиси бӯлган Расули акрам (с)нинг орзулари барча одамларнинг иймон келтиришидир. Аммо айрим кишилар иймон келтиришни истамаганлари пайти уларни бу ишга мажбур қилиш ярамайди.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръони каримнинг асосини ҳақни баён қилиш ва ҳаётий ҳақиқатларни шарҳлаш ташкил этади. Ундаги маънолар ҳақ ва ростдир. Ботил унга яқинлашолмайди. Қуръон инсониятни тӯғри йӯлга бошқариш,   ҳидоятга мушарраф айлаш учун нозил этилган.
  2. Инсон ӯз ҳаёт йӯлини танлашда эрклидир. Аммо у ӯзи танлаган йӯлнинг масъулиятини ҳис қилиб,  натижаси учун жавоб бериши лозим.
  3. Пайғамбарларнинг вазифаси Илоҳий ваҳийни одамларга етказишдан иборат, одамларни уни қабул қилишга мажбурлаш эмас.