сентябр 19, 2019 18:16 Asia/Tashkent

«Зуммар" муборак сураси  51-53-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  51- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَأَصَابَهُمْ سَيِّئَاتُ مَا كَسَبُوا ۚ وَالَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْ هَـٰؤُلَاءِ سَيُصِيبُهُمْ سَيِّئَاتُ مَا كَسَبُوا وَمَا هُم بِمُعْجِزِينَ ﴿٥١﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Бас, уларга қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Анавилардан зулм қилганларига ҳам тезда қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлур. Улар қочиб қутулгувчи ҳам эмаслар. (51) 

Ӯтган суҳбатимизда қийинчиликларга дуч келган чоғи Худони эслайдиган, унга илтижо қиладиган, аммо осойишталик ва фаровонликка эришгач, бу неъматларни ӯз ақлим билан яратдим, деб ӯйлайдиган ношукур инсонлар ҳақида гапирилган эди. Бу ояти каримада буюрилади: уларга етган машаққатлар қилмишларининг натижаси эди ва бугунги зулмлари учун ҳам келажакда яна муаммо ва машаққатларга гирифтор бӯлишади. Албатта ёвуз қилмишларининг асосий натижасини қиёмат куни кӯришади. Бундай одамлар дунё ва охиратда Аллоҳнинг қаҳридан қочиб қутуламан, деб ӯйлашмасин, зеро Унинг қаҳридан қутулишнинг иложи йӯқ.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Табиатда амал ва аксиламал қонуни мавжуд бӯлгани каби инсоннинг қилмишлари бобида ҳам бу Илоҳий қонун амал қилади. Ҳар бир қилмиши учун инсон эртами-кеч аксиламалга дуч келади.
  2. Неъматлар Аллоҳ томонидан берилади. Муаммо ва машаққатлар эса ӯз қилмишларимизнинг натижасидир.

Энди  “Зуммар” муборак сураси   52-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَوَلَمْ يَعْلَمُوا أَنَّ اللَّـهَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاءُ وَيَقْدِرُ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ﴿٥٢﴾ 

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Улар Аллоҳ хоҳлаган кишисига ризқни кенг ва тор қилишини билмасмидилар?! Албатта, бунда иймон келтиргувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир. (52) 

 Бу ояти каримада айрим кишиларнинг ақл-тажрибам воситасида ноз-неъматларни қӯлга киритдим, деган  иддаолари рад этилиб, буюрилади: Аслида ризқ Аллоҳ томонидан берилади. Шу сабабли илмли одамнинг ҳаммасининг ҳам ризқ-рӯзи фаровон эмас.

Албатта, инсон илм-фанни эгаллаш, дунёвий ишларда сай-ҳаракат қилишга вазифадор қилинган. Аллоҳ илмсиз, жоҳил ва тепса -тебранмас одамларни ёқтирмайди. Худо инсоннинг сай-ҳаракатларини натижасиз қолдирмайди. Аммо, инсон ӯз ҳаракатим билан ҳамма нарсага эришаман, деган хаёлга бормаслиги керак. Ризқнинг Аллоҳдан эканлигини унутмаслиги лозим. Аллоҳ ризқни ӯз ҳикмати асосида одамлар орасида тақсим қилган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Тирикчилик воситаларини қӯлга киритиш учун сай-ҳаракат қилиш бизнинг вазифамиздир. Аммо ризқимизнинг кам ё кӯплиги Аллоҳнинг ҳикматига боғлиқ.
  2. Ризқ улашишда Илоҳий адолат уни ҳаммага бир хил эмас, балки ҳар кимга ҳар хил тақсимлашни зарур деб топган. Қиёмат куни ҳар ким унга берилган ризқнинг мезонига қараб, сарҳисоб қилинади.  

Энди  “Зуммар” муборак сураси  53-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَىٰ أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّـهِ ۚ إِنَّ اللَّـهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا ۚ إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ ﴿٥٣﴾

Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт. (Ҳадиси шарифда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.) (53)

 Бу ояти карима Аллоҳ таъолонинг  инсонга умид бахш этадиган гӯзал оятларидан биридир. Бунда Аллоҳ лутф ва муҳаббатли бир тарзда раҳматининг дарвозаларини барча бандаларининг юзига ланг очиб, умумий авф эълон қилган. Бу оятда  барча гунаҳкорлар ва ӯзига зулмни раво кӯриб, ӯзининг умр ва истеъдодларини ботил ва беҳуда йӯлларда сарфлаганларга қарата буюрилади: Аллоҳга қайтиш йӯллари доимо очиқ. Ҳеч ким Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидсизланмаслиги, Худо энди мени кечирмайди, деб ӯйламаслиги керак. Муҳими, инсоннинг ӯз хатосини англаб  етиши, ундан пушаймон бӯлиши ва тавба қилишидир.

Гунаҳкор кишиларни ҳам бандам, дея хитоб қилиши Аллоҳнинг улуғ лутфу иноятидир. Худди меҳрибон ота ӯз фарзандини ёмон йӯлдан қайтариш учун насиҳат қилган чоғи “нима бӯлганда ҳам сен менинг ӯғлимсан, мен қилган номаъқулчиликларингни кечираман. Бундан кейин ана шу хатоларга йӯл қӯймасликка ҳаракат қил” дегани каби.

Ояти каримадаги “ӯзингизга зулм қилдингиз” деган иборадан англашилишича, кишининг ножӯя қилмишлари аввало унинг ӯзига зиён келтиради, бировларга эмас. Шундай экан, инсон ахлоғини тузатиши лозим.

  Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳ раҳматининг чек-чегараси йӯқ. У фақат мӯминларни эмас, балки барча халойиқни қамраб олган.
  2. Аллоҳ ӯз раҳмати ила одамларнинг гуноҳларини кечиради. Шу сабабли гунаҳкорларнинг Илоҳий раҳматдан умидсизланиши жоиз эмас.
  3. Муътадиллик ҳолатидан чиқиш ҳисобланган гуноҳ инсоннинг ӯзига-ӯзи зулмни раво кӯришидир.
  4. Илоҳий кӯрсатмалардан чекиниб, гуноҳ қиладиган киши Худога эмас, балки ӯзига зиён келтиради.