сентябр 25, 2019 19:28 Asia/Tashkent

«Зуммар" муборак сураси  42-45-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  42- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

اللَّـهُ يَتَوَفَّى الْأَنفُسَ حِينَ مَوْتِهَا وَالَّتِي لَمْ تَمُتْ فِي مَنَامِهَا ۖ فَيُمْسِكُ الَّتِي قَضَىٰ عَلَيْهَا الْمَوْتَ وَيُرْسِلُ الْأُخْرَىٰ إِلَىٰ أَجَلٍ مُّسَمًّى ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ ﴿٤٢﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса, уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-ибратлар бордир. (Ҳар лаҳзада қанчадан қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам ҳар куни маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Унинг жони нима бўлади? Бу саволларга мазкур жумлада жавоб бор. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган зот Аллоҳдир. Тандан жон чиқиши катта вафот, ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши кичик вафот дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолаверади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар.) (42)

Ояти каримадан англашилишича Аллоҳ таъоло ӯлим пайти кишининг руҳини қабз айлайди. Тирикларнинг руҳи ҳам уйқудалиги пайтида олиб қӯйилади. Ӯлимининг буйруғи содир этилганларнинг арвоҳи қолиб, ҳали яшаши керак бӯлган кишиларнинг руҳи яна баданларига қайтарилади.

Тавҳид ва ширк мавзусида Қуръони каримнинг таъкидлашича, одамларнинг ҳаёт ва ӯлими Аллоҳнинг ихтиёридадир, бу нарсага ҳеч ким аралашаолмайди.

Қуръони карим бу ояти каримада инсоннинг икки ҳолати, унинг жисмоний ва руҳий ҳолатига ишора қилади. Ӯлим етган чоғи жисм ва руҳ ӯртасидаги муносабатда узилиш вужудга келади. Жисм барбод бӯлиб, руҳ эса Аллоҳ томонидан қабз этилади ва қиёмат куни айни жисмингизга ӯхшаш бир жисмда қайта жонлангунча Худонинг наздида қолади.

Аҳли башар ҳар куни бир муваққат ӯлимни бошидан кечиради. Бу нарса унинг уйқуга кетишидир.

Уйқуда туш кӯриш, тушда жасад  ҳаракатланмасиданоқ узоқ-узоқларга сафар қилиш инсоннинг фақат жисмдан эмас, балки руҳдан ҳам иборатлигини кӯрсатади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Жисм ва руҳ икки мустақил мавжудликдир. Улар уйқу ёхуд ӯлим чоғи бир-бирларидан ажраладилар. Ӯлим етгач, инсоннинг жисми барбод бӯлади, аммо унинг руҳи боқий қолажак.
  2. Уйқу ӯлимнинг укасидир. Уйқу пайти инсон енгил ӯлимни бошидан кечиради.
  3. Барча тириклар ҳар куни уйқудан уйғонишади, бошқача қилиб айтганда ӯлиб-тирилишади. Аммо ақл-тафаккур соҳибларигина бу Илоҳий муъжизадан ибрат олишади, холос.

Энди  “Зуммар” муборак сураси   43-44-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

أَمِ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّـهِ شُفَعَاءَ ۚ قُلْ أَوَلَوْ كَانُوا لَا يَمْلِكُونَ شَيْئًا وَلَا يَعْقِلُونَ ﴿٤٣﴾ قُل لِّلَّـهِ الشَّفَاعَةُ جَمِيعًا ۖ لَّهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۖ ثُمَّ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ ﴿٤٤﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ёки Аллоҳдан ўзга шафоатчилар тутганларми?! Сен: «Ахир улар бирор нарсага эга бўлмасалар ва бирор нарсани англамасалар ҳам-а?!» деб айт. (43) Сен: «Барча шафоат ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлару ернинг мулки-эгалиги ҳам ёлғиз Уникидир. Сўнгра Унгагина қайтарилурсизлар», деб айт. (44)

Мушриклар бутларни Худо ва ӯзлари орасида восита деб ӯйлаб, дейишардиким: Худонинг наздида бизни шафоат қилишлари учун бутларга сиғинамиз.

Қуръони карим ушбу оятлар орқали бу нотӯғри тафаккур тарзига жавоб қайтариб, буюради: Сиз ва Худо ӯртасида ниманинг воситачи бӯлиши Аллоҳнинг ихтиёридадир. Сиз ӯзингиз хоҳлаган нарсани воситачи қилолмайсиз.

Бордию, бутун борлиқни Аллоҳ яратган, фақат у бу оламнинг подшоси ва ҳокимидир, деб ишонсангиз, нега унинг яратган жонсиз махлуқларига сиғинасиз, улардан шафоат талаб қиласиз?

Қуръони каримнинг гувоҳлик беришича, Илоҳий пайғамбарлар инсон ва Худо ӯртасида воситачилик қилиш,уларни шафоат айлашга ҳақлидирлар, зеро, уларга Аллоҳ ижозат берган.

Масалан,  ҳазрат Юсуф қиссасида акалари қилган ишларидан қаттиқ пушаймон бӯлгач, бу гуноҳларидан кечиши учун оталари ҳазрат Яъқуб пайғамбарни ӯзлари ва Аллоҳ ӯртасида восита қилишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръон шафоатни рад қилмайди.  Балки бутлар ва мушриклар сиғинадиган ашёларнинг шафоатини рад қилади.
  2. Биз билан Аллоҳ ӯртасида воситачилик қилувчи шахс биздан афзалроқ бӯлиши керак. Ақл-тафаккур ва қудрат соҳиби бӯлмаган бутлар қандай қилиб бизга кӯмаклашишлари мумкин?
  3. Борлиқ сабаб ва воситалар асосига қурилган. Аммо бу сабаб ва воситаларни ҳаракатга келтирувчи ҳам Аллоҳдир.

Энди  “Зуммар” муборак сураси  45-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَإِذَا ذُكِرَ اللَّـهُ وَحْدَهُ اشْمَأَزَّتْ قُلُوبُ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ ۖ وَإِذَا ذُكِرَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ إِذَا هُمْ يَسْتَبْشِرُونَ ﴿٤٥﴾

Бу ояти карима    қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар. Қачонки ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар. (45)

Бу ояти каримада буюрилади: Ягона Аллоҳнинг номи тилга олинган чоғи қиёмат кунига иймони бӯлмаган кишиларнинг қалби нафратга тӯлади. Аммо бошқа маъбудлар ҳақида сӯз очилганида улар завқ-шавққа тӯлишади.

Мушриклар ва фақат дунёнигина кӯрадиган, охиратга ишонмайдиган  иймони заиф кишилар Аллоҳ, унинг чексиз илм ва қудрати ҳақида гап очилганида тоқатлари тоқ бӯлади. Зеро, бундай одамлар ҳаётда бошқаларга суянадиган, Аллоҳга таваккул қилмайдиганлар тоифасидандирлар.

Улар оламларнинг яратувчиси бӯлган Аллоҳ таъолога таъзим қилишни исташмайди. Аммо ӯзларига ӯхшаш одамлар қаршисида тиз чӯкиб, таъзим қилишади. Улар бойлик, мақом-мартаба эгаси бӯлган кишилар  билан фахрланишади. Қайси йӯллар билан бӯлмасин уларга яқинлашмоқчи бӯлишади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳнинг номини эшитгач, қалбимизнинг  шодликка тӯлиши, иймоннинг белгисидир.
  2. Аллоҳнинг кӯрсатмаларини менсимай умумбашарий қонунларни устун деб биладиган бӯлсак, гарчи иймонлилик иддаосида бӯлсакда, ширкка гирифтор бӯлганмиз.