Нур томон йӯл--856
«Зуммар" муборак сураси 71-75-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Зуммар” муборак сураси 71-72- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَسِيقَ الَّذِينَ كَفَرُوا إِلَىٰ جَهَنَّمَ زُمَرًا ۖ حَتَّىٰ إِذَا جَاءُوهَا فُتِحَتْ أَبْوَابُهَا وَقَالَ لَهُمْ خَزَنَتُهَا أَلَمْ يَأْتِكُمْ رُسُلٌ مِّنكُمْ يَتْلُونَ عَلَيْكُمْ آيَاتِ رَبِّكُمْ وَيُنذِرُونَكُمْ لِقَاءَ يَوْمِكُمْ هَـٰذَا ۚ قَالُوا بَلَىٰ وَلَـٰكِنْ حَقَّتْ كَلِمَةُ الْعَذَابِ عَلَى الْكَافِرِينَ ﴿٧١﴾ قِيلَ ادْخُلُوا أَبْوَابَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا ۖ فَبِئْسَ مَثْوَى الْمُتَكَبِّرِينَ ﴿٧٢﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми? Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар. («Ҳа», ўзимиздан бўлган Пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға ярайдилар.) (71) «Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди. Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди. (72)
Ӯтган суҳбатимизда қиёмат куни турли гувоҳлар иштирокида Илоҳий маҳкама ташкил қилиниб, унда кишиларнинг амаллари муҳокама қилинади. Ҳақиқат ва адолат асосида ҳар бир кишининг дӯзахий ёхуд жаннатий эканлиги аниқланади, деб айтдик.
Бу ояти карималарда буюрилади: дӯзахийлар учун ҳукм эълон қилингач, улар гуруҳ-гуруҳ дӯзахга томон судраб кетилади, зеро улар дӯзахга ӯз оёқлари билан кириб боришни истамайдилар. Қуръон таъбири билан айтганимизда дӯзах фаришталари уларни дӯзахнинг дарвозаларигача судраб боришади ва шунда жаҳаннам дарвозалари очилади.
Дӯзахнинг маъмурлари уларга танбиҳ беришади: ораларингдан сизларга Аллоҳнинг оятларини ӯқиб эшиттириш учун пайғамбарлар танланмаганмиди? Уларнинг қайта-қайта огоҳлантиришлари ҳам сизни бугунги даҳшатли мулоқотдан сақлаб қололмадими? Нега пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, уларнинг огоҳлантиришларини унутдингиз? Пайғамбарларни ёлғончига чиқарсак, қиёматни унутсак кӯнглимиз истаган ишни қилаверамиз, деб ӯйладингизми?! Нега бунчалик бахтиқаро бӯлдингиз?!
Бу суҳбатлар дӯзахнинг остонасида бӯлиб ӯтади. Уларга: жаҳаннамнинг дарвозаларидан ичкарига киринг ва унда абадий қолинг, қандай ёмон жойдир кибрлиларнинг жойи, дея буюрилади.
Эътиборли жойи шундаки, дӯзах аҳлининг куфрга берилиш ва тӯғри йӯлдан адашишларининг асосий сабаби уларнинг ҳаққа таслим бӯлмай, кибр-ғурурга кетишларидир. Илоҳий оятларни инкор қилиш ва куфрга берилишнинг натижаси абадий жаҳаннам қаърида қолишдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дунёда кибр-ғурурга берилган, пайғамбарларнинг ҳақ сӯзларини ёлғонга чиқарган кишилар қиёмат куни азоб-уқубатга гирифтор этилади.
- Ҳақдан огоҳ бӯлмаган киши дӯзахга ташланмайди. Қиёмат куни гунаҳкор ҳақни эшитгани, аммо уни қабул қилишни истамаганини эътироф қилади.
- Кишиларниниг жаҳаннам азобига гирифтор этилишига далил уларнинг куфридир. Куфрнинг илдизи эса ҳаққа нисбатан кибр-ғурурга берилишдир.
Энди “Зуммар” муборак сураси 73-74-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَسِيقَ الَّذِينَ اتَّقَوْا رَبَّهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ زُمَرًا ۖ حَتَّىٰ إِذَا جَاءُوهَا وَفُتِحَتْ أَبْوَابُهَا وَقَالَ لَهُمْ خَزَنَتُهَا سَلَامٌ عَلَيْكُمْ طِبْتُمْ فَادْخُلُوهَا خَالِدِينَ ﴿٧٣﴾ وَقَالُوا الْحَمْدُ لِلَّـهِ الَّذِي صَدَقَنَا وَعْدَهُ وَأَوْرَثَنَا الْأَرْضَ نَتَبَوَّأُ مِنَ الْجَنَّةِ حَيْثُ نَشَاءُ ۖ فَنِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ ﴿٧٤﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар. (73) Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди! (74)
Таҳқирланиб, дӯзахга судраб олиб кирилган кофирларнинг акси ӯлароқ иймон ва солиҳ амалларнинг соҳиби бӯлган кишилар гуруҳ-гуруҳ бӯлиб ҳурмат-эҳтиром ила дарвозалари ланг очилиб, уларни кутиб турган жаннатга бошлаб кирилади. Шунда раҳмат фаришталари бӯлган жаннат маъмурлари уларга салом ва дуруд айтишади. Жаннатга хуш келибсиз, дея уларга бу мусаффо манзилда абадий қолиш ҳақида хушхабар беришади.
Бу лаҳзаларда жаннат аҳли Аллоҳга ҳамд айтишади.
Қайд қилиш жоизким, кибр-ғурур аҳли бӯлган кофирлар жаҳаннамда абадий қолгани каби пок ва солиҳ бандалар ҳам жаннатда абадийдирлар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Жаннатни қӯлга киритиш учун киши иймондан ташқари тақво, покдомонлик ва парҳезкорликка ҳам эга бӯлиши керак.
- Жаннат аҳли жаннатга кириш чоғи Аллоҳга ҳамд айтиб, шукрона қилишади. Зеро, ҳар бир неъматга эришган банда шукрона қилиши керак. Аллоҳ лутфу карами ила ато айлаган жаннат неъмати эса миллионлаб маротаба шукрона қилишга лойиқдир.
- Жаннатни солиҳ амалларсиз қӯлга киритиб бӯлмайди. Яхши ишлар ва эзгу амаллар қилган иймонли ва тақволи кишининг мукофоти жаннатдир.
Энди “Зуммар” муборак сураси 75-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَتَرَى الْمَلَائِكَةَ حَافِّينَ مِنْ حَوْلِ الْعَرْشِ يُسَبِّحُونَ بِحَمْدِ رَبِّهِمْ ۖ وَقُضِيَ بَيْنَهُم بِالْحَقِّ وَقِيلَ الْحَمْدُ لِلَّـهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ﴿٧٥﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ва фаришталарни Аршни ўраб олиб Роббиларига ҳамд ила тасбиҳ айтаётган ҳолда кўрурсан. Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинур ва: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» дейилди. (75)
“Зуммар” муборак сурасининг сӯнгги ояти бӯлган бу ояти каримада Расули акрам (с)га қарата буюрилади: Ӯша куни бандалар ҳақидаги Аллоҳнинг буйруғини бажаришни кутиб Арш атрофида давра тортган фаришталарни кӯрурсиз. Ӯша куни инсонлар орасида ҳақ ва адолат асосида ҳакамлик қилинади, Аллоҳнинг ҳамди ва мақтовлари фаришталар ва жаннат аҳлининг тилидан тушмайди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дӯзах ва жаннат ишларига маъмур бӯлган фаришталар Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга масъул бӯлиб, улар Худонинг буйруғидан бошқа ишни бажаришмайди.
- Аллоҳнинг ҳамд ва тасбиҳи уйғундир. Тадбирида заррача айбу нуқсон бӯлмаган, оламларнинг барча ишларини ҳикмат ила бошқарадиган улуғ зотгина ҳамд айтишга арзирлидир.