Нур томон йӯл--859
«Ғофир" муборак сураси 10-12-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Ғофир” муборак сураси 10- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا يُنَادَوْنَ لَمَقْتُ اللَّـهِ أَكْبَرُ مِن مَّقْتِكُمْ أَنفُسَكُمْ إِذْ تُدْعَوْنَ إِلَى الْإِيمَانِ فَتَكْفُرُونَ ﴿١٠﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Албатта, куфр келтирганларга: «Иймонга чақирилганингизда куфр келтирган чоғингиздаги Аллоҳнинг ғазаби сизнинг ўзингизга (ҳозирги) ғазабингиздан каттароқдир», деб нидо қилинур. (10)
Ӯтган оятлар шарҳида Аллоҳнинг муминларга нисбатан чексиз раҳмати ҳақида гапирган эдик. Бу ояти каримада Парвардигори каримнинг ҳақни тушуниб туриб унга иймон келтирмайдиган мункир ва кофирларга нисбатан қаҳр-ғазаби ҳақида сӯз боради.
Ӯз амалларининг оқибатини қиёмат куни мушоҳада қилган кофирлар ғам-ғуссага ботиб, чексиз пушаймонлик ва надомат ила ӯзларида тӯлғанишади. Улар бундай йӯлни танлаганлари учун ӯзларини надомат қилиб, ана шундай ботил йӯлга бошлагани учун дӯстлари ва пешволарига лаънатлар айтишади. Иймонсиз кишилар қиёмат куни ӯзларига нисбатан шафқатсиз адоват ҳиссини туядилар. Дӯзах маъмурлари эса уларга қарата хитоб қилишади: Аллоҳнинг сиз манман кофирларга нисбатан нафрат ва ғазаби бу чекаётганингиз виждон азобидан кӯра дардлидир. Зеро, сиз Худонинг элчилари томонидан тӯғри йӯлга даъват этилдингиз, аммо ҳақни англаб, билиб туриб, ҳақнинг даъватчиларини ёлғончига чиқардингиз. Илоҳий ҳидоят чироқларидан юз ӯгириб, куфр ва инкор йӯлини тутдингиз. Яратганингиз сизнининг ҳидоят топишингиз учун юборган кишиларни таҳқирлаб, ҳақорат қилдингиз.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳақни инкор қилиш, Аллоҳ элчиларига ҳурматсизлик Яратувчининг улкан қаҳр-ғазабига сабаб бӯлади.
- Ҳидоят сари даъват қилинган, аммо илоҳий ҳидоятни назар-писанд қилмаган кишилар азобга тортилади.
Энди “Ғофир” муборак сураси 11-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
قَالُوا رَبَّنَا أَمَتَّنَا اثْنَتَيْنِ وَأَحْيَيْتَنَا اثْنَتَيْنِ فَاعْتَرَفْنَا بِذُنُوبِنَا فَهَلْ إِلَىٰ خُرُوجٍ مِّن سَبِيلٍ ﴿١١﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Улар: «Эй Роббимиз, Сен бизни икки марта ўлдирдинг, икки марта тирилтирдинг. Бас, биз гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди чиқишнинг бирон йўли борми?» дедилар. (Улар она қорнида руҳ киргунича жонсиз ҳолда ётганларини ва ёруғ дунёда ўлиб, кўмилганларини икки марта ўлиш демоқдалар. Онанинг қорнида бир марта ва қиёмат куни иккинчи марта тирилтирдинг. Сенинг ҳар бир нарсага қодир эканингни ҳам эътироф қилдик.) (11)
Кофирлар инкор қилиб келган ҳақиқатлардан бири қиёмат ва ӯлимдан кейинги ҳаётдир. Уларнинг фикрича инсон ӯлдими—тамом, у йӯқ бӯлиб кетади.
Аммо қиёмат куни ғафлат пардалари сидирилиб, одамларнинг ҳақбин кӯзлари очилади. Кофирлар бу ҳақиқатни инкор қилганларига пушаймон бӯлишади.
Улар ӯзларининг улкан хатоларига иқрор келтирганча, дейишади: Аллоҳ бизни икки марта ӯлдириб, икки марта тирилтирди. Биринчи ӯлим дунёда жисмоний ҳаётимизга нуқта қӯйди, Парвардигор бизга барзах ҳаётини берди. Иккинчиси барзах ҳаётининг охиридаги ӯлим, Аллоҳ бизни қиёматда тирилтирди.
Оятнинг мазмунидан кӯриниб турибдики, икки ӯлим деганда дунё ва барзах ҳаёти сӯнгидаги ӯлим, икки марта тирилтириш деганда барзах ҳаётида ва қиёмат кунидаги қайта тирилтириш кӯзда тутилган.
Ҳа, кофирлар ӯзларининг хатоларини эътироф қилишади. Аммо қиёмат куни эътироф ва пушаймонликнинг фойдаси йӯқ.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Гунаҳкорлар қиёмат куни дунё ҳаётига қайтишни жуда-жуда орзу қилишади. Шундай экан, тириклик чоғимиздаёқ гуноҳларимизга тавба қилиб, хато ва камчиликларимизни ислоҳ қилишга киришиш лозим.
- Қиёматдаги қайта тирилишни инкор қилувчилар ӯлимдан кейин икки маротаба тирилишади. Бири барзах ҳаётидаги қайта тирилиш, иккинчиси қиёмат кунидаги қайта тирилиш.
Энди “Ғофир” муборак сураси 12-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
ذَٰلِكُم بِأَنَّهُ إِذَا دُعِيَ اللَّـهُ وَحْدَهُ كَفَرْتُمْ ۖ وَإِن يُشْرَكْ بِهِ تُؤْمِنُوا ۚ فَالْحُكْمُ لِلَّـهِ الْعَلِيِّ الْكَبِيرِ ﴿١٢﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Бундай бўлишингиз Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига даъват қилинганида, куфр келтирганингиз, Унга ширк келтирилса, иймон келтирганингиз учундир. Бас, ҳукм олий ва улуғ Аллоҳникидир. (12)
Бу ояти каримада таъкидланишича, куфрнинг илдизи бир нав ширкка бориб тақалади. Гап шундаки, айрим кишилар олам ва одам саргузаштини таҳлил қилганда фақат Худони кӯришни истамай, айтишадиким: Тӯғри, Аллоҳ бизни яратган, аммо кейинчалик ӯз ҳолимизга қӯйиб қӯйган. Улар ӯзлари ва дунёга тегишли ишларни тадбир қилишда Аллоҳни қӯйиб, бошқа вариантларни излашади.
Қуръони каримнинг бошқа бир оятида келтирилишича, улар Аллоҳнинг холиқлигини инкор этишмайди, аммо унинг борлиқ низомидаги рубубиятини тан олишмайди. Баъзида Аллоҳ мақомида ӯтириб ӯзлари ва ӯзгалар учун қонун-қоидалар яратмоқчи бӯлишади. Баъзида жаҳолат ва гумроҳлик сабабли хурофотга берилиб, айрим нарса-ҳодисаларни фавқулодда қудрат ва имтиёз соҳиби деб ӯйлашади. Ӯша нарса-ҳодисани қисматларини ӯзгартиришга қодир дея ишонадилар. Худди бутпарастлар ва юлдузпарастлар каби.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Тавҳид ва яктопарастликка ихлос қилиб, ширкнинг ҳар қандай кӯринишларидан узоқлашиш инсонннинг қиёмат куни нажот топиши заминасидир.
- Юқорида таъкидлаганимиздек, ширкка берилган инсон Аллоҳнинг холиқлигини эътироф этади, аммо олам ишларини тадбир қилишда бошқаларни таъсирли деб ӯйлаб, Аллоҳдан ӯзга вариантларни қидиради. Ҳам Аллоҳни инкор қилувчи мутлақ куфр ва ҳам ширк инсонни дӯзахга бошлаб боради.