октябр 03, 2019 18:15 Asia/Tashkent

«Ғофир" муборак сураси  16-20-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  16-17- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

يَوْمَ هُم بَارِزُونَ ۖ لَا يَخْفَىٰ عَلَى اللَّـهِ مِنْهُمْ شَيْءٌ ۚ لِّمَنِ الْمُلْكُ الْيَوْمَ ۖ لِلَّـهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ ﴿١٦﴾ الْيَوْمَ تُجْزَىٰ كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ ۚ لَا ظُلْمَ الْيَوْمَ ۚ إِنَّ اللَّـهَ سَرِيعُ الْحِسَابِ ﴿١٧ 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ўша кунда улар зоҳир бўлурлар. Аллоҳга улардан бирон нарса махфий қолмас. Бугун мулк кимникидир?! Яккаю ёлғиз, ўта қаҳрли Аллоҳникидир! (Қиёмат кунида одамлар кўмилиб ётган жойларидан чиқиб, зоҳир бўлиб, кўриниш берадилар. Бандаларидан содир бўлган бирон нарса Аллоҳ таолога махфий қолмас, аммо бу ҳақиқатни қиёмат куни ҳақида алоҳида такрор айтишдан мақсад кофир, мунофиқ ва осийлар, қилган ишларимиз тўполоннинг ичида махфий қолса ажаб эмас, деган ўйда бўлсалар, ўша хаёлни кўтариш учундир.) (16) Бугунги кунда ҳар бир жон ўзи қилган касбга яраша жазо олур. Бугунги кунда зулм йўқдир. Албатта, Аллоҳ ҳисобни тез қилгувчи зотдир. (17) 

Шарҳлаганимиз сӯнгги оятда Аллоҳ таъоло самовий китоблар ва пайғамбарлари орқали халойиққа қиёмат куни ҳақида огоҳлантирган, деган нуктага ишора қилинган эди. Бу ояти каримада қиёмат кунининг айрим ӯзига хос хусусиятлари тасвирланиб, буюрилади: Қиёмат куни пардалар сурилиб, ҳамма нарса ошкора бӯлади. Амаллар дафтари очилиб, одамларнинг ботини намоён бӯлади. У куни ҳеч нарса махфий қолмайди.

Дунёда ҳам ҳеч нарса Аллоҳдан махфий эмас. Одамлар дунёда айрим гуноҳ ва нуқсонларини Аллоҳдан яширмоқчи бӯлишади. Аммо қиёмат куни ҳеч нарса махфий қолмагани, амалларининг барчаси аниқ ёзиб борилганига гувоҳ бӯлишади.

Ӯша куни мутлақ ҳоким Аллоҳдир. Аллоҳнинг ҳокимияти шунчалик кенг қамровликим, инсонлар ҳатто ӯз баданларининг аъзоларига ҳам ҳокимлик қилишолмайди. Шу сабабли Аллоҳ истаган пайти кишининг қӯл-оёғи ва баданининг бошқа аъзолари эгасига қарши гувоҳлик беришади.

Қиёмат инсоннинг амалларига бериладиган мукофот ёхуд жазо кунидир. Унда ҳар ким ӯз қилмишларининг ҳосиласини кӯради.

Дунёда одамлар кӯпроқ манфаат ёхуд лаззатларни қӯлга киритиш учун бир-бирларига зулм қилишади. Аммо қиёмат куни ҳеч ким бировга зулм ӯтказолмайди, зеро бунда мутлақ ҳокимият Аллоҳникидир ва Аллоҳ эса ҳеч кимга зулмни раво кӯрмайди. Балки ҳар бир кишига амалига яраша жазо ёхуд мукофот ато этади.

   Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Бирор нарсани Аллоҳдан яширамиз, деб ӯйламаслик керак, зеро, қиёмат куни ҳамма нарса очиқ-ойдин намоён бӯлади.
  2. Қиёмат куни барча халойиқ сарҳисоб қилинади.
  3. Аллоҳ таъоло борлиқ оламнинг мутлақ ҳокими бӯлишига қарамай, ҳеч кимга зулм қилмайди.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   18-20-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَأَنذِرْهُمْ يَوْمَ الْآزِفَةِ إِذِ الْقُلُوبُ لَدَى الْحَنَاجِرِ كَاظِمِينَ ۚ مَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ حَمِيمٍ وَلَا شَفِيعٍ يُطَاعُ ﴿١٨﴾ يَعْلَمُ خَائِنَةَ الْأَعْيُنِ وَمَا تُخْفِي الصُّدُورُ ﴿١٩﴾ وَاللَّـهُ يَقْضِي بِالْحَقِّ ۖ وَالَّذِينَ يَدْعُونَ مِن دُونِهِ لَا يَقْضُونَ بِشَيْءٍ ۗ إِنَّ اللَّـهَ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ ﴿٢٠﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сен уларни яқинлашгувчи кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ. (Яқинлашгувчи кун қиёмат кунидир. У ҳадемай келиб қолади. Кўзни очиб юмгунча рўй беради. Одамлар ўша кундан огоҳ бўлсинлар. У кун оғир кун бўлади. Ҳаёти дунёда куфр ва ширк ила зулмга юрган кишилар учун ёнини оладиган дўст ҳам, гапига қулоқ соладиган шафоатчи ҳам бўлмайди.) (18) У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур. (Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар ундан огоҳ бўлсинлар.) (19) Аллоҳ ҳақ ила ҳукм қилур. Ундан ўзга илтижо қилаётганлари эса, ҳеч нарса билан ҳукм қилмаслар. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир. (20)

Қиёмат куни тасвирланган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда буюрилади: Қиёмат ҳали –вери келмайди, унгача хоҳлаган ишимни қиламан, деб ӯйламанг. Унутманг, қиёмат жуда яқин ва ҳар ким амалига яраша ҳисоб-китоб қилинади.

Қиёмат инсон қӯрқувдан жони ҳалқумига тиқиладиган кун.

Ҳа, одамлар орасида шарманда бӯлмаслик, Аллоҳнинг аниқ ҳисоб-китобидан қӯрқиш, азоб-уқубатга гирифтор бӯлишдан таҳликага тушган инсонларнинг ҳолатини тасвирлаш жуда қийин.

Унда инсонларнинг ичи ғам-ғуссага тӯлсада, аммо уни баён этишга тиллари лол. Зеро, қиёмат Илоҳий адолат маҳкамасидир, наъра тортиб, дод-фарёд қиладиган жой эмас.

Ноилож қолган киши бирор-бир дӯст ёхуд шафоат қилувчига кӯз тиккан  ана шундай бир оғир шароитда Қуръони карим буюради: бу оғир шароитда унга кӯмаклашадиган, ақалли унга таскин берадиган бирор-бир дӯст ё шафоат қилувчи йӯқ. Чунки ҳамманинг аъмоли муҳокама қилинади ва ҳеч ким ӯзидан ортиб бировга ёрдам беролмайди.

Ояти карималарнинг давомида Аллоҳнинг чексиз илмига ишора қилиниб, буюрилади: нигоҳимни ҳеч ким илғамайди, дея тақиқланган нарсаларга қараганингиз пайти Аллоҳ ӯша ерда эди ва нигоҳингизнинг хиёнат қилаётганини билиб турарди. У сизнинг ботинингизни билиб турар, нопок мақсадингиздан огоҳ эди.

Кӯз хиёнатининг бир қанча турлари мавжуд: номаҳрам аёлга тикилиб қараш, бировларга таҳқир ва масхаралаш усулида қараш шулар жумласидандир. Шубҳасиз, инсон қиёмат кунидаги сарҳисобга ишонса, унинг нигоҳи ва ҳатто фикр-хаёли ва орзулари ҳам назорат остида бӯлади. Бундай кишининг вужудида тақво ва тӯғрилик ҳислари жӯш уради.

Ҳа, кӯзларнинг яширин ҳаракати ва қалблар қаъридаги сирлардан огоҳ бӯлган Аллоҳ таъоло қиёмат куни одамлар ҳақида ҳукм қилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қиёматнинг дарвозаси бӯлган ӯлим жуда яқиндир. Шу сабабли ҳар лаҳза унга тайёр туришимиз лозим.
  2. Бир томондан қиёматдаги сарҳисоб изтироби, иккинчи томондан ӯтган ишларидан пушаймонлик ва ҳасрат ҳисси гунаҳкор кишини исканжага олиб, қалбини ғам-ғуссага тӯлдиради. Аммо унинг дардини баён этиб, фарёд чекишга ҳам имкони йӯқ.
  3. Қиёмат гунаҳкорларнинг ёлғизлик кунидир.  Унда ҳеч ким бировга кӯмак етказолмайди.
  4. Аллоҳнинг ботиний ният ва фикр-қарашларимиздан огоҳ эканига ишонч инсоннни жабр-зулм ва ёвуз ишлардан асраб қолади. Бу нарса қилмишларимизни назорат қилишнинг энг яхши омилидир.