Форсий қанд ҳаловати
Бедил ва эронлик адабиётшунослар
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда ҳам буюк шоир ва файласуф Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз. Бизни тинглаб боринг.
Асил шеъриятнинг азиз мухлислари, ўтган сўҳбатимизда таъкидлаганимиздек, инсоннинг асл моҳияти жисм эмас, балки руҳдадир. Унга кўпроќ эътибор бериш керак. Руҳ (ёки қалбни) маърифат билан зийнатлаш, шу маърифати орқали Ҳақни англаш ва унга бандалик қилиш инсоннинг асл бурчидир.
Илм билан ҳилмни баробар тутиш, қалбни зийнатлаш, ўзликни англаш, илоҳий асрор моҳиятига етиш орқалигина тариқатга кириш ва нисбат нурини топиш мумкин.
Байт:
Баҳри сайди халқ дар зўҳди риёи жон макан,
З-ин такаллуф оламе бедин шуду дунё нашуд.
(Мазмуни: Риёкорлик «зуҳд»и билан халқнинг кўнглини овлаш учун жон чекма. Бу ёлғон такаллуф билан Олам бедин бўлса бўлар, лекин дин мулки бўлмас.)
Бу ерда айримларининг тағофули (ғафлати) ва жаҳолати тамасхур этилмоқда. Диндорларимиз орасида тағофулнинг бу кўриниши, афсуски, бугунги кунда ҳам кўзга ташланади. Дарҳақиқат, ҳозирда Мавлоно Румийнинг «Ҳамиша кўринганингдай бўл ва бўлганингдай кўрин» ҳикматларига амал қиладиган дин пешволари ва руҳонийлари саноқлидир.
Муҳитимизнинг бу жабҳасида ҳам Иблис ўз нағмаси, макру ҳийласи билан «устоз»ликни қўлдан бермаётганини кўрамиз. Афсуски, бу иллатни яшириб бўлмайди. Тағофулнинг бу хусронидан билкулл қутулиб кетишнинг ягона йўли Аллоҳ йўлидаги тақводир.
Ўзларини илм аҳли деб ҳисоблайдиган бундай манфаат аҳли ҳақида улуғ муаллиф яна шундай дейди:
Маънисабақон гар ҳама сад баҳри китобанд,
Чун мавжи гуҳар пеши лабат сактажавобанд.
(Мазмуни: Илоҳий маърифатдан сабоқ олгувчи бу толиблар бир дунё китоб тўплайдилар; лекин улар гуҳар мавжига ўхшаб, ё Раббим, сенинг саволларинг олдида сактажавобдир.) Байтда кўплаб китоб тўплаб, ундаги маърифатдан баҳра ололмаган олимларнинг «сактажавоблиги» танқид қилинмоқда. Кейинги байт мазмунни янада тўлдиради:
Раҳм аст ба ҳоли табу тоби нафасе чанд,
К-ин хушклабон моҳии дарёи саробанд.
(Мазмуни: ўз нафсига қул бўлган бу толибларга раҳмингиз келсин; бу лаби қуруқлар сароб дарёсининг балиқларидир.) Бедил ижодиётида мутлақо янги истилоҳ ва ибораларга тез тез дуч келиш мумкин. Бу икки байт ичида њам «маънисабақ», «сактажавоб», «хушклаб», «дарёи сароб», «табу тоби нафас» каби бедилона иборалар ишлатилган. Маънисабақ—«маърифатни ўрганувчи»; сактажавоб—«илмида нуқсони бор»; хушклаб—«маърифатдан бебаҳра», дарёи сароб—«илми ботил», табу тоби нафас—«ўз нафси билан овора» маъноларини ифодалайди. Бу икки байтда шариат илмларини пухта ўрганиб, тариқат илмларидан, яъни маърифатдан бебаҳра қолган илм аҳллари назарда тутилган. Маърифатдан ғофиллик тағофулнинг энг ёмонидир. Чунки илм ањли нафсидаги жаҳолат, манфаатпарастлик, худбинлик, баднафслик, молпарастлик, жоҳпарастлик, хушомадгўйлик каби иллатлар айнан анна шу маърифатдан бебаҳраликнинг хунук аломатларидир.
Ҳозир эса Бедил асарлари ва Эрон адабиётшунослари бобида таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг қилган сўҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Энди эса буюк Бедилнинг гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.
Ёниқдил гавҳари ё қатра-қатра ноб, шабнамлар,
Ё кўзёшдек жаҳон сирри ниҳон, ноёб, шабнамлар.
Ки ғафлат зулматин огоҳлик нурига жам қилмас,
Саҳар бедор ёнар милт-милт, ютиб зардоб, шабнамлар.
Қаерга бормайин, кўзёшларим менга ватан бўлди,
Жаҳонни қатралардан айлади селоб, шабнамлар.
Ўзингдан кетма дардингга бўлиб мағрур, кўзим ёши,
Ки сутдек нурларин қилди бу тун маҳтоб, шабнамлар.
Ажабмас кўзёшим бўлса агар жононима манзур,
Не янглиғ, оҳ, чарақлар, кўрса гар офтоб, шабнамлар.
Тизилди минглаган кўз гавҳари рухсори ойимга,
Қаторлашган каби гулбарг уза шаффоф, шабнамлар.
Зулумот пардасин олғай сиғиб ҳадди, улардан тонг,
Мени дилхастани қилғай батар бетоб, шабнамлар.
Юзи гуллар висолида кўринмас бахт нишони ҳеч,
Шу боис лолалар бағридадир хуноб, шабнамлар.
Заифлик тавқи бўйнимдаки, юксакликка дахлим йўқ,
Оёқ остида минг юлдуз каби сероб, шабнамлар.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.