Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистон хабарлари
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:
- 2016 йилнинг 4 декабрь санасида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун бўладиган сайловда иштирок этадиган номзодлар номи маълум бўлди ;
- Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев "Ички ишлар органлари" тўғрисидаги қонунга имзо чекди;
- МДҲ раҳбарлари Ўзбекистон халқини ҳамжиҳатликка чақирди;
- Тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Ўзбекистон Президенти номзодлигига Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурмоқда;
- Ўзбекистон ТИВда Россия элчиси билан учрашув ўтказилди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
2016 йилнинг 4 декабрь санасида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун бўладиган сайловда иштирок этадиган номзодлар номи маълум бўлди. Бу ҳақда Кун. уз сайти хабар берган.
Унга кўра:1. Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан - Шавкат Мирзиёев;2. Ўзбекистон халқ демократик партиясидан – Ҳотамжон Кетмонов;3. “Адолат” социал-демократик партиясидан – Наримон Умаров;4. “Миллий тикланиш” демократик партиясидан - Сарвар Отамуродов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодини илгари сурган.
Эслатиб ўтамиз: бундан аввалроқ “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9, 14-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қабул қилган эди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон республикаси президенти сайловини ёритиш бўйича республика матбуот марказини тузиш ҳақида қарор қабул қилган.
Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев "Ички ишлар органлари" тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Ҳужжат матни шанба куни маҳаллий матбуотда чоп этилган деб хабар қилмоқда РИА Новости.Қонун имзоланган ва ОАВларда эълон қилинган кундан бошлаб олти ойдан сўнг кучга киради. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда ички ишлар органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини тартибга солувчи ягона қонун мавжуд эмас эди.
Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, уларнинг ваколатлари ва вазифалари, шунингдек, ушбу муассасаларда хизмат тартиби ва шартлари, ИИВ ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси акс эттирилган. Хусусан, қонунда ички ишлар ходимлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланиш тартиблари қайд этилган.
Қонунга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги бевосита мамлакат президентига бўйсунади, айрим ўзига хос масалалар бўйича эса — Вазирлар маҳкамасига.
Ўзбекистон Ички ишлар вазири Бош вазирнинг тақдимотига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланади ва давлат раҳбари томонидан вазифасидан озод этилади.Эслатиб ўтамиз, 2015-йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов "мамлакатда ички ишлар органлари ва ҳуқуқ тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини нормал ҳолат деб бўлмайди. Биринчи галда қонун устиворлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун зудликда уларнинг мақоми, формаси ва иш услубини аниқлаш ҳамда тузатишлар киритиш лозим", деб айтиб ўтган эди.
МДҲ раҳбарлари Ўзбекистон халқини ҳамжиҳатликка чақирди
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон халқини, янги президент сайлови тинч ўтиши учун ҳамжиҳатликка чақирди.
“Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев таклифига биноан, қардош Ўзбекистон халқига, сайловларни тинч вазиятда ўтказиб, мамлакат Ислом Абдуғаниевч бошлаган барқарорлик йўлида боришида давом этиши учун, ҳамжиҳатликка чорловчи мурожаатнома йўллашга қарор қилинди”, — деди Қирғизистон президенти МДҲ кенгайтирилган кенгаши мажлиси очилишида.
Тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Ўзбекистон Президенти номзодлигига Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурмоқда Бу ҳақда МСКнинг Facebook саҳифасига таяниб Кун. уз хабар берган.
МКС хабар беришича, ЎзЛиДеп партияси сиёсий кенгашининг йиғилишида Шавкат Мирзиёев номзоди Ўзбекистон Президенти номзодлигига таклиф этилган.
Ўзбекистон президенти лавозимига Парламентининг Спикер ўринбосари Сарвар Отамуродов номзоди тақдим этилди
"Миллий тикланиш" Демократик партияси Ўзбекистон Президенти лавозимига Сарвар Отамуродов номзодини илгари сурмоқда. Бу ҳақида МСК ўзининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.
"Миллий тикланиш" ЎДП Марказий Кенгашининг еттинчи пленумида шунга доир қарор қабул қилинди.
Партия Пленумининг мажлисида "Миллий тикланиш" Ўзбекистон Президенти лавозимига Сарвар Отамуродов номзодини тақдим қилди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти сайловлари 2016 йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ТИВда Россия элчиси билан учрашув ўтказилди.
2016-йилнинг 14-сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Владимир Тюрденев билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати. Хабарда таъкидланишича, суҳбат давомида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликнинг амалий масалалари муҳокама қилинган.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.