декабр 19, 2019 19:04 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл--865

«Ғофир" муборак сураси  34-37-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Ғофир” муборак сураси  34- ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَقَدْ جَاءَكُمْ يُوسُفُ مِن قَبْلُ بِالْبَيِّنَاتِ فَمَا زِلْتُمْ فِي شَكٍّ مِّمَّا جَاءَكُم بِهِ ۖ حَتَّىٰ إِذَا هَلَكَ قُلْتُمْ لَن يَبْعَثَ اللَّـهُ مِن بَعْدِهِ رَسُولًا ۚ كَذَٰلِكَ يُضِلُّ اللَّـهُ مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ مُّرْتَابٌ ﴿٣٤﴾

Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Батаҳқиқ, бундан олдин Юсуф очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келди. Бас, сиз у ўзингизга келтирган нарсага шак келтириб, туриб олдингиз. Ниҳоят, у вафот этган пайтда: «Аллоҳ ундан кейин Пайғамбар юбормас», дедингиз. Аллоҳ шундай қилиб, исрофчи ва шубҳачи бўлган кимсани залолатга кетказди. (Эй қавмим, сиз Юсуф алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига шубҳа қилиб, иймон келтирмай туриб олдингиз. Хуллас, Юсуф алайҳиссалом вафот этганида, ундан қутулдик, Аллоҳ томонидан Пайғамбар бўлиб келдим, дейдиган одам энди бўлмайди, дедингиз. Аллоҳ Юсуф алайҳиссалом ҳақида шубҳада туриб олган ўша ота-боболарингизни залолатга кетказгани каби, ҳар бир хусусда исрофгар бўлган ва динда шубҳа қилганларни ҳам залолатга кетказди. Мусо ҳақида исрофчи ва шубҳачи бўлманг, яна Аллоҳ сизни ҳам залолатга кетказиб қўймасин.) (34)

Ӯтган суҳбатимизда Фиръавн дарборидаги мӯмин киши ҳазрат Мусо алайҳиссаломни қатл қилиш режасининг олдини олиш учун турли далиллар келтирганини эслатган эдик. Бу ояти каримада ӯша иймонли киши ҳазрат Юсуф алайҳиссалом саргузаштига ишора қилиб дейди: Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбарларидан бири эди. У ӯз пайғамбарлигига жуда кӯп аниқ ва тушунарли далиллар келтиради. Аммо кӯпчилик одамлар уни тушунишни истамадилар.

Айш-ишратга берилиб, фисқ-фужур амалларини бажарадиганлар эътироз билдирадиган кишининг бӯлишини сира истамас эдилар. Шу сабабли улар пайғамбарларнинг насиҳатига қулоқ солиш ӯрнига уларни ёлғончига чиқаришарди.

 Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ӯтган қавмларнинг расм-русум ва эътиқодлари кейинги авлодларга ҳам ӯз таъсирини ӯтказади.
  2. Шубҳа ва гумон масалани чуқур ӯрганишга қаратилган бӯлса яхши, аммо у муаммони инкор қилиш мақсадида бӯлса офатдир.
  3. Ҳаво ва ҳавас ҳамда нафсоний тамойилларга берилиб, пайғамбарларнинг келтирган аниқ мантиқларига қарши турадиган, уларни инкор қиладиган кишилар дунё ва охиратда гумроҳ бӯлишади.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   35-ояти каримаcининг тиловатига қулоқ тутамиз:

الَّذِينَ يُجَادِلُونَ فِي آيَاتِ اللَّـهِ بِغَيْرِ سُلْطَانٍ أَتَاهُمْ ۖ كَبُرَ مَقْتًا عِندَ اللَّـهِ وَعِندَ الَّذِينَ آمَنُوا ۚ كَذَٰلِكَ يَطْبَعُ اللَّـهُ عَلَىٰ كُلِّ قَلْبِ مُتَكَبِّرٍ جَبَّارٍ ﴿٣٥﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиганлар Аллоҳ томонидан ҳам, иймон келтирганлар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга қолурлар. Аллоҳ шундай қилиб, ҳар бир мутакаббир ва зўровон қалбни муҳрлар», деди. (35)

 Ӯтган оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада шубҳа-гумонга муккасидан кетган, ҳақ сӯзни қабул қилмайдиган кишиларга ишора қилиниб, буюрилади: бундай одамлар баҳс ва тортишув аҳлидирлар. Улар ҳақиқатни англашни эмас, балки баҳслашишни яхши кӯришади.

Шу сабабли улар ҳеч қандай исбот-далилсиз ҳақ сӯзни рад қилишади. Бундай кишилар ӯзларини мантиқ аҳли қилиб кӯрсатмоқчи бӯлишади, аммо аслида улар кибр-ғурур аҳлидирлар. Шу сабабли ҳатто энг ишончли далилни ҳам қабул қилмай, рад қилаверишади.

Бекорга тортишавериб, ҳаққа қарши курашиш инсон тафаккурининг юзига зулмат пардасини тортиб, унинг фикрлаш қобилиятини чеклаб қӯяди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Баҳс-мунозара илмий суҳбатларнинг услубидан биридир. Бу усул ҳақиқатга ташна кишилар учун манфаатли. Аммо кибр-ҳавога берилиб, бошқаларнинг сӯзини инкор қилишни мақсад қилиб олган кимсалар учун айни офатдир.
  2. Иймонли киши мантиқсиз баҳс-мунозара аҳли бӯлмаслиги керак. Улар ӯз фикрларини мустаҳкам мантиқ асосида баён этиб, бошқаларга ӯрнак бӯлишлари керак.  

Энди  “Ғофир” муборак сураси   36-37-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَقَالَ فِرْعَوْنُ يَا هَامَانُ ابْنِ لِي صَرْحًا لَّعَلِّي أَبْلُغُ الْأَسْبَابَ ﴿٣٦﴾ أَسْبَابَ السَّمَاوَاتِ فَأَطَّلِعَ إِلَىٰ إِلَـٰهِ مُوسَىٰ وَإِنِّي لَأَظُنُّهُ كَاذِبًا ۚ وَكَذَٰلِكَ زُيِّنَ لِفِرْعَوْنَ سُوءُ عَمَلِهِ وَصُدَّ عَنِ السَّبِيلِ ۚ وَمَا كَيْدُ فِرْعَوْنَ إِلَّا فِي تَبَابٍ ﴿٣٧﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Фиръавн деди: «Эй Ҳомон, менга бир баланд қаср бино қил, шояд сабабларга етсам. (36) Осмонларнинг сабабларига етсам, сўнгра Мусонинг Илоҳига боқсам. Албатта, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман». Шундай қилиб, Фиръавнга унинг ёмон амали зийнатланди ва у йўлдан тўсилди. Фиръавннинг макр-ҳийласи зиёнкорликдан бошқа нарса эмас. (У вазири Ҳомонни баланд қаср қуришга буюрди. У қаср нима учун керак бўлиб қолганини ҳам айтди, осмонларга чиқадиган сабабларга, йўлларга етишсаму чиқиб Мусонинг худосини кўрсам. Мен Мусонинг Аллоҳ томонидан юборилган Пайғамбар эканига ишонмайман, ўзим осмонга чиқиб, унинг ёлғончи эканини исботламоқчиман, деди. Фиръавннинг бу гаплари қайси томондан олиб қаралганда ҳам қавмни алдаш, ўзини олий мақом қилиб кўрсатиш ва Аллоҳнинг динини инкор этишдан иборат экани билинади. Бу гаплар унинг инсофга келиб, тўғри йўлга тушмаслигидан дарак берарди.) (37)

Фиръавн дарборидаги иймонли киши улуғ ишни амалга ошириб, турли йӯллар билан йиғилиш аҳлига таъсир ӯтказмоқчи бӯлди. Охир-оқибат унинг гаплари Фиръавнга таъсир қилди ва у ҳазрат Мусони қатл қилишни кечиктириш қарорига келди.   

Аммо Фиръавн кибр-ғурур отидан тушмади. У Мусонинг Худоси осмонда борми-йӯқлигини аниқлаш учун самоларга туташган минора қуриш буйруғини берди.

Фиръавннинг бу иши одамларни чалғитишдан бошқа нарса эмасди. Зеро, ҳазрат Мусо: менинг Худом осмонда, уни кӯз билан кӯрса бӯлади, дея иддао қилмаганди.

Кибр-ғурурга берилган Фиръавн ҳеч кимни менсимас, унинг ана шундай авомни алдашга қаратилган ёвуз ишлари ҳам ӯзига гӯзал амал сифатида жилваланарди. Ана шу ӯта ӯзига бино қӯйиш ҳисси унинг ҳалокатига сабаб бӯлди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Далил ва мантиқ аҳли бӯлмаган кишилар жанжал ва тортишувлар орқали вазиятни ӯз манфаатларига ҳал қилмоқчи бӯлишади.
  2. Одамларга таъсир ӯтказиш учун куч-қудратини намойиш қилиш ва одамларни чалғитиш зулмга асосланган тоғутий ҳукуматларнинг иш услубидир.
  3. Кибр-ҳаво одамнинг ярамас амалларини ҳам ӯзининг кӯзига гӯзал амал сифатида жилвалантиради. Унинг ислоҳ бӯлишига йӯл қӯймайди.
  4. Тоғутлар иймон аҳлининг йӯлига тӯсиқлар яратишади. Мӯминлар агар истиқомат йӯлини танлаб ӯз фикрларида қатъий туришса, золимларнинг албатта, ҳалокатга учраши муқаррар.