Нур томон йӯл--871
«Ғофир" муборак сураси 61-65-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Ғофир” муборак сураси 61-63- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
اللَّـهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ اللَّيْلَ لِتَسْكُنُوا فِيهِ وَالنَّهَارَ مُبْصِرًا ۚ إِنَّ اللَّـهَ لَذُو فَضْلٍ عَلَى النَّاسِ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَشْكُرُونَ ﴿٦١﴾ ذَٰلِكُمُ اللَّـهُ رَبُّكُمْ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ لَّا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ ۖ فَأَنَّىٰ تُؤْفَكُونَ ﴿٦٢﴾ كَذَٰلِكَ يُؤْفَكُ الَّذِينَ كَانُوا بِآيَاتِ اللَّـهِ يَجْحَدُونَ ﴿٦٣﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳ сизга сукунат топишингиз учун кечани, кўрсатувчи этиб кундузни қилиб берган зотдир. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан фазлу карам соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар. (61) Ана ўша Аллоҳ–Роббингиздир. У ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?! (Аллоҳга ибодат қилмай, қайси томонга бурилиб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг айтганини қилмай, қаён қараб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг оятларига амал қилмай, қаёққа кетмоқдасизлар?!) (62) Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиганлар ана шундай бурилиб кетурлар. (63)
Бу ояти карималарда тавҳид ва Аллоҳнинг ягоналиги масаласига қайтилади, ҳамда айрим кам эсланадиган Аллоҳнинг неъматларига таважжуҳ қаратилиб, буюрилади: инсон ҳамда кӯпгина тирик мавжудотларнинг ҳаётида муҳим рол ӯйнайдиган тун қоронғуси ва куннинг ёруғи ҳам Аллоҳнинг икки улуғ неъматидир.
Куннинг ёруғи инсоннинг иш ва фаолияти, шунингдек, гиёҳ ва турли деҳқончилик маҳсулотларининг ривожланишига муносиб шароит яратади. Тун қоронғиси эса инсонга кундузги оғир меҳнат сӯнгида ухлаб, ҳордиқ чиқаришига замина яратади. Кеча- кундузнинг мунтазам такрорланиб, нур ва зулматнинг айланиши ер куррасидаги мавжудотлар ҳаётининг муҳим омилларидан биридир.
Аммо аксари одамлар Аллоҳнинг бу улуғ неъматларига таважжуҳ билдирмай, Аллоҳга шукр қилишмайди. Бир гуруҳ кимсалар эса Худога шукр қилиш ӯрнига ҳатто уни инкор қилишгача бориб етишган.
Ояти кариманинг давомида буюрилади: Барча неъматларни сизга тортиқ этган зот соҳибингиз ва тарбиячингиз бӯлган Аллоҳдир. Демак, фақат оламдаги барча нарсалдарнинг яратувчиси ва олам ишларининг тадбир қилувчиси бӯлган ягона Аллоҳгина сиғинишга лойиқ. Шундай экан, қандай қилиб ҳақ йӯлдан чалғиб, Худо ӯрнига бошқа нарсаларга сиғинасиз? Шубҳасиз, Аллоҳнинг оятларини инкор қилувчи кимсалар ҳақ йӯлдан адашади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Яратилиш низомида тун дам олиш ва кундуз эса меҳнат қилиш учун белгиланган. Шу сабабли ҳаётимизда бу табиий жараёнга амал қилишимиз лозим.
- Дунёда Аллоҳнинг фазл-карами ва унинг неъматлари муъминни ҳам кофирни ҳам, яхши ва ёмон одамларни ҳам хуллас, барча халойиқни қамраб олади.
- Аллоҳ одамларга ӯз неъматларини нозил қилиш учун уларнинг шукронасини кутиб ӯтирмайди. У айрим одамларнинг ношукур эканлигини билсада, улардан ӯз неъматини аямайди.
- Оламнинг яратувчиси ва унинг ишларини тадбир қилувчи зотгина сиғинишга лойиқ. Бу сифатлар эса фақат ягона Аллоҳга хосдир.
Энди “Ғофир” муборак сураси 64-65-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
اللَّـهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ ۚ ذَٰلِكُمُ اللَّـهُ رَبُّكُمْ ۖ فَتَبَارَكَ اللَّـهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ ﴿٦٤﴾ هُوَ الْحَيُّ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ فَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ ۗ الْحَمْدُ لِلَّـهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ﴿٦٥﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг сувратларингизни гўзал сувратда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган зотдир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, оламларнинг Робби Аллоҳ юксак-баракотли бўлди. (64) У зот тирикдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. (Аллоҳга холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, иймон-эътиқодни ёлғону риёдан поклаган ҳолда дуо-ибодат қилинг. (65)
Аллоҳнинг айрим неъматлари зикр этилган олдинги оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда инсон ҳаётида осмон ва заминнинг аҳамиятига ишора қилиниб, буюрилади: Ер ӯз ӯқи атрофида айланиб, кеча ва кундузни вужудга келтиради, унинг қуёш атрофида айланишидан эса йил фасллари вужудга келади. Аммо ернинг айланиб туришига қарамай, у осойишта ва ишончли бир маскандир.
Парвардигори карим ерни инсоннинг яшаши учун осойишта ва ишончли маконга айлантирган. Шу сабабли биз унинг ҳаракатини ҳис қилмаймиз.
Сӯнгра буюрилади: Осмон улкан шамсия каби сиз замин аҳлини кӯпгина балолардан асраб қолади. Ер сатҳини қамраган атмосфера ерликларни қуёшнинг заҳарли нурлари ва осмондан ёғиладиган тошларнинг зараридан муҳофаза қилади.
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Аллоҳнинг инсонга ато этган улуғ неъматларидан бири уни барча ҳайвонлардан ажратиб турган мавзун ва чиройлик қадду-қомат ҳамда ташқи кӯринишдир. Муносиб ташқи кӯриниш инсоннинг жуда кӯп ишларни бажара олишига имконият яратгандир.
Ояти карималарда шунингдек, инсоннинг таъбига мос бӯлган покиза егулик ва ичимликларга ишора қилинган.
Бу улуғ неъматлар баён этилгач, буюрилади: Ана шу неъматларни инсонга тортиқ қилган ва оламлар ишини тадбир ила бошқариб турган зот сизнинг Аллоҳингиздир. У баракотли зотдир. Оламнинг мавжудотлари бари келиб-кетгувчидир, абадий қолувчи эса фақат буюк ва қудратли Аллоҳдир. Зеро, унинг ҳаёти зотидандир, бошқа нарсага боғлиқ эмас. Барча тирик мавжудотларнинг қисқа ҳаёти эса Худога боғлиқ. Абадий ҳаёт бӯлган ягона Аллоҳгина сиғинишга лойиқдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Бир неча турли ҳаракат соҳиби бӯлган заминни Аллоҳ инсон ҳаёти учун осойишта маконга айлантирган.
- Заминнинг осойишталиги, осмонни барпо қилиш, инсоннинг яратилиши ва унга покиза нарсалардан ризқлантирилиши барча-барчаси одамизод фарзандининг ривожланиб, комиллик касб этишига қаратилган.
- Олам мавжудотлари орасида Аллоҳ таъоло энг гӯзал чеҳрани инсонга ато айлаган. Бу Аллоҳнинг улуғ неъматларидан биридир.
- Аллоҳнинг раҳмат ва баракоти, бутун олам, жумладан инсонни ҳам қамраб олган. Ундан ӯзга сиғинишга лойиқ зот йӯқ. Шундай экан, фақат унга сиғинишимиз лозим.