сентябр 20, 2016 10:27 Asia/Tashkent

Қазвин тарихий обидалари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Муҳтарам мухлислар, олдинги эшиттиришда таъкидлаб  ўтганимиздек, Қазвин вилояти Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрини мамлакатнинг ғарбий вилоятлари  ва Европа билан боғловчи муҳим ва стратегик йўлда жойлашгани боис хос мавқега эга бўлган. Бунга илова ушбу вилоятда кўплаб тарихий ёдгорликлар ва обидалар мавжуд бўлгани боис Эроннинг маданий ва тарихий марказларидан бири ҳисобланади.

Мазкур вилоятнинг маркази Қазвин шаҳри Теҳрон ғарбидан 150 километрлик узоқликда жойлашган.

Қазвин вилояти бир неча ўн йилликлар олдин саноат ва ишлаб чиқариш қутбларидан бири ҳисобланган. Айни ҳолда ушбу минтақа қишлоқ хўжалик ва  чорвачилик соҳаларида  узоқ асрлик  тажрибага эга бўлгани боис улкан муваффақиятларга эга бўлмоқда.  Қазвин шаҳри ўзининг токзорлари билан ҳам машҳурдир. Европалик сайёҳлар ҳам ўзларининг сафарномаларида  бир неча километрлик узум боғлари Қазвин шаҳри атрофини ўраб олишганига ишоралар қилишган.  Ушбу узум боғлари минтақа  ва унинг атрофидаги аҳоли учун зарур ва муҳим  бўлган  даромад  манбалари  бўлган. Қазвин вилояти  ўтган йиллар давомида қишлоқ хўжалик соҳасида янги лойиҳаларни биринчи бўлиб амалга оширган минтақа ҳисобланади. Қазвин вилоятининг кенг даштлари Эрон юрти масоҳатининг  бир фоиздан кўпроқ  қисмини ташкил этсада, аммо қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда мамлакатда етакчи ўринларни эгаллайди.

Қазвин вилоятининг қишлоқ хўжалик ва чорвачилик маҳсулотлари на фақат ички бозорларни таъминлайди, балки хорижий мамлакатлар  учун  ҳам кенг миқдорда экспорт қилинади.

Айтиш жоизким, Қазвин шаҳри саноат соҳасида ҳам Эрон шаҳарлари орасида муҳим ўринларни эгаллайди. Мазкур вилоятнинг шаҳарчаларида қурилган турли  саноат корхоналари Қазвин  туманларини иқтисодий марказларга айлантирган. Қазвин вилояти жануби-шарқида саноат корхоналари марказлаштирилган ва Албурз саноат шаҳрида жойлашган. Темир кукунларини  тайёрлаш каби  муҳим корхоналарнинг мавжудлиги  ва шаҳид Ражоий номли икки минг мигаватга  эга электростанцияси ва бошқа саноат корхоналари ҳамда  халқ ҳунармандчилик санъати   Қазвин  саноатининг катта ва кичик бўлимларини  ташкил этади. Айтиш лозимки, минтақанинг ривожланган саноати ва қишлоқ хўжалик  соҳаси ушбу шаҳарга кўплаб кишиларнинг кўчиб келишларига сабаб бўлган. Эроннинг ҳар жойидан Қазвинга  келган  кишилар ҳар бир кўрувчи назарида шаҳарнинг турли кўринишларга  эга эканлигини яққол намоён этади.

Қазвин шаҳри узоқ ўтмишга эга бўлгани боис  ушбу шаҳарда кўплаб тарихий обидалар мавжуд. “Кабир” жоме масжиди, “Аминийлар” ҳусейнияси,  Ҳамдуллоҳ  Муставфий мақбараси, “Чиҳилсутун” қасри шулар жумласидандир.

Қазвин тарихи ва унга оид қолган манбалардан маълум бўлишича,  ушбу шаҳар ўтмишдан бошлаб  илм ва билим  марказлари ҳамда  ҳунар ва ҳунармандларнинг жилвагоҳи бўлган. Олтинчи асрнинг донишмандларидан бири Қазвиний Розий, етук фақиҳ ва донишманд Рофеъий Қазвиний, машҳур хаттот  Миримод Қазвиний, тарихчи ва адиб Ҳамдуллоҳ Муставфий, Эроннинг комил  луғатномасини  ёзган   аллома Алиакбар Деҳхудо, шаҳид Муҳаммадали Ражоий собиқ бош вазир, собиқ президент  ва Исломий инқилобнинг етук шахсияти Қазвин шаҳрининг машҳурларидан ҳисобланишади.

Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги    дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Қазвин шаҳрида ҳар томонга боқсангиз, шаҳарнинг мўмин аҳолиси билан гавжум  минора, гунбаз  ва масжидларни кўрасиз. Мазкур шаҳарда жойлашган масжидларнинг энг каттаси  Қазвин жоме ёхуд “Кабир” масжиди ҳисобланадики, унинг шукуҳи ва азамати кўрган вақтда маънога эга бўлади. Ушбу масжид шаҳарнинг энг қадимий ва кўркам обидалардан бири ҳисобланади. Хос ва қадрли бўлган ушбу макон тўрт айвон шаклида ва Ислом  даврининг меъморчилигига хос бўлган тарзда қурилган.

Мутахассисларнинг ақидаларига кўра, ушбу масжид тарих ва санъат бўйича Эронда кам учрайдиган масжидлардан ҳисобланади. Ушбу масжиднинг азим ва салобатли гунбази, шукуҳли маноралари, баланд айвонлари ва чиройли катибалари салжуқийлар ва савафийлар давридаги меъморчилик услубининг ёрқин намунасидир.

Айрим ривоятларга кўра, масжиднинг энг қадимий қисми ҳижрий-қамарийнинг  100 йилида Умар бин Абдулазиз томонидан қурилган ва бошқа ривоятга кўра, ҳижрий-қамарийнинг 192 йилида Ҳорун Ар-Рашид   қўли билан қурилган. Шу боисдан Ҳорун арки номи билан машҳурдир.

Маданий мерос мутахассисларининг фикрича, Қазвин жоме масжиди тарихий катибалар мажмуасига эгадир. Ушбу катибалар шеър, сўз ва ёки турли шакллар билан нақшга  солинган.

Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

Ёрлиқ