Нур томон йӯл--880
«Фуссилат" муборак сураси 24-28-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Фуссилат” муборак сураси 24-25- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
فَإِن يَصْبِرُوا فَالنَّارُ مَثْوًى لَّهُمْ ۖ وَإِن يَسْتَعْتِبُوا فَمَا هُم مِّنَ الْمُعْتَبِينَ ﴿٢٤﴾ وَقَيَّضْنَا لَهُمْ قُرَنَاءَ فَزَيَّنُوا لَهُم مَّا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَحَقَّ عَلَيْهِمُ الْقَوْلُ فِي أُمَمٍ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِم مِّنَ الْجِنِّ وَالْإِنسِ ۖ إِنَّهُمْ كَانُوا خَاسِرِينَ ﴿٢٥﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Агар сабр қилсалар, жаҳаннам уларга макондир. Агар итобни талаб қилсалар, улар итобга қайтарилувчи ҳам бўлмаслар. (24) Биз уларга «дўстлар» тайёрладик. Бас, ўшалар уларга олдиларидаги ва ортларидаги нарсаларни зийнатлаб кўрсатдилар ва уларга ҳам ўзларидан олдин ўтган жин ва инсдан бўлган умматлар қатори (азоб) сўзи ҳақ бўлди. Албатта, улар зиёнкор бўлдилар. (Инсонга ёмон иши, гуноҳ амали яхши бўлиб кўриниши энг катта балодир. Одам боласига энг катта мусибат хатолари ва гуноҳларини ҳис этиш туйғусини йўқотиши оқибатида етади. У ўзининг ҳар бир ишини яхши, гўзал деб билади. Унинг атрофидаги дўстлари ҳам буни тасдиқлаб туради. Агар яқин дўстлар унга аввалги гуноҳларини ҳам, бўлажак гуноҳларини ҳам зийнатлаб кўрсатаверсалар, улар уни жаҳаннам томон мақтаб-мақтаб олиб кетаётган бўладилар. Аслида дўстлик эмас, душманлик қилаётган бўладилар. Оқил инсон маслаҳатгўйнинг маслахатидан ким дўст, ким душман эканини билиб олади. Дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб. Яқин дўстлари мақтовидан шод бўлиб, ўз амали ўзига зийнатли туюлганлар бориб-бориб ҳалокатга йўлиқдилар.) (25)
Ӯтган оятларнинг давоми сифатида бу ояти карималарда дӯст ва ҳаммаслакнинг ёмон оқибатга таъсири ҳақида ишора қилиниб, буюрилади: қиёмат куни гуноҳларни кечириш куни эмас. Зеро, бу узр-маъзур талаби дӯзах оловини кӯргач, изтиробга тушган гунаҳкорнинг изтирори асосида вужудга келган, ихтиёрий эмас.
Ояти карималарнинг давомида бу даҳшатли азоб-уқубатнинг илдизи дунёда ёмон дӯстлар ва маслакдошларни танлашда эканлигини таъкидлайди. Бундай кимсалар дӯстига насиҳат қилиб, уни ёмон амаллардан қайтариш ӯрнига уларни ёвуз қилмишларни бажаришга ташвиқ қилишади. Улар ёмон қилмишларни гӯзал амаллар сифатида жилвалантиришади. Шундай қилиб, ёмон дӯст ва маслакдошлар одамнинг нафақат дунёдаги ҳаёти, балки унинг охиратдаги ҳаётини ҳам барбод айлайди. Бу йӯлда юришни давом эттирган киши ӯзи учун нажот эшикларини ёпиб, дӯзах сари талпинган ҳисобланади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дунё ҳаётида тавба қилиш ва орқага қайтиш имкони бор, аммо охиратда тавба ва узр-маъзур қилишга имкон берилмайди.
- Атрофимизга фисқ-фужурга берилган дӯстларнинг тӯпланишидан эҳтиёт бӯлишимиз керак.
- Ёмон амалларимизни мақтаб, рағбатлантирадиган киши бизнинг дӯстимиз эмас, балки инсон либосидаги шайтон эканлигини англаб етишимиз лозим. Зеро, у шайтон мисоли ёвуз қилмишларни гӯзал жилвалантиради.
- Инсоннинг таназзули қадамма-қадам, узлуксиз равишда кечади. Илк қадамда дӯстлари унинг ёмон амалларини гӯзал тарзда жилвалантиради. У йӯлида давом этиб, ёмонликларга кӯника боради ва бу нарса унга оддий ҳолга айланади.
- Ёмон дӯст инсоннинг дунё ва охиратда зиёнкорга айланишининг воситасидир.
Энди “Фуссилат” муборак сураси 26-28-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَا تَسْمَعُوا لِهَـٰذَا الْقُرْآنِ وَالْغَوْا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَغْلِبُونَ ﴿٢٦﴾ فَلَنُذِيقَنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا عَذَابًا شَدِيدًا وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَسْوَأَ الَّذِي كَانُوا يَعْمَلُونَ ﴿٢٧﴾ ذَٰلِكَ جَزَاءُ أَعْدَاءِ اللَّـهِ النَّارُ ۖ لَهُمْ فِيهَا دَارُ الْخُلْدِ ۖ جَزَاءً بِمَا كَانُوا بِآيَاتِنَا يَجْحَدُونَ ﴿٢٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Куфр келтирганлар: «Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз», дедилар. (26) Бас, албатта, Биз куфр келтирганларга шиддатли азобни тоттирамиз ва, албатта, уларга қилиб юрган амалларининг энг ёмон жазосини берамиз. (27) Мана, Аллоҳ душманларининг жазоси дўзахдир. Уларга унда абадийлик диёри бор. Оятларимизни инкор қилганларининг жазоси шудир. (28)
Бу ояти карималарда Макка мушриклари пайғамбаримиз (с) га раво кӯрган ёмон амаллардан бирига ишора қилиниб, буюрилади: Пайғамбар Қуръони каримнинг дилнишин оятларини Макка мушрикларига тиловат қилгани чоғи айрим мушриклар Аллоҳнинг Расули сӯзларини одамлар эшитмаслиги ва уларнинг иймон келтирмаслиги учун ҳуштак чалишар, ёхуд баланд овозда шеър ӯқишарди.
Бу йӯналиш бугунги кунда ҳам давом этяпти. Зеро, ислом душманлари одамлар Қуръони карим маорифини англаб етишса, гуруҳ-гуруҳ бӯлиб бу муқаддас динга юзланишларини яхши билишади. Шу сабабли улар таблиғот машиналари ва кенгқамровли ОАВ билан ҳужумга ӯтиб, олам аҳли ислом садосини эшитмасин учун сай-ҳаракат қилишади.
Улар ӯзларининг ғаразли мақсадлари йӯлида кинофилм, театр, рассомлик, карикатура, қисса ва романлардан фойдаланиб, исломий қадриятларни масхара қилишади. Бу гуруҳдагилар динимизга нисбатан ҳар хил ӯйдирма туҳмат гапларни тарқатиб, исломни шафқатсизлик дини сифатида жилвалантирмоқчи ва аҳли башарни ундан нафратланишга даъват қилмоқчи бӯлишади.
Аммо ҳақ барча тӯсиқларни енгиб, олдинга ҳаракат қилаверади. Шу сабабли ислом дини душманларнинг тӯсқинлик қилишига қарамай кун сайин дунёда кенг ёйилмоқда.
Албатта, одамларни самовий оятларни эшитишдан тӯсиб қолмоқчи бӯлган кимсаларни оғир Илоҳий азоб кутади. Доимий равишда Ҳақнингоятларини инкор қилувчилар дарҳақиқат, Аллоҳ ва ислом динининг душманидирлар. Бу гуруҳнинг ёвуз амалларига бериладиган азоб даҳшатли бӯлажак. Улар ёмон амаллари билан ӯзлари учун нажот йӯлини беркитиб қӯйишади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Иддаолари мантиқий бӯлмаган кишилар турли баҳоналар билан одамларни бошқаларнинг мантиқий гапларини эшитишдан тӯсиб қолмоқчи бӯлишади.
- Қуръони карим махсус жозиба ва таъсир кучига эга. Унинг оятларини тинглаган кишининг кӯнгли албатта, Худога мойил бӯлади.
- Душманлар турли воситалар билан Қуръон ҳақиқатларининг аҳли башарга етиб бормаслиги учун ҳаракат қилишади.
- Аллоҳнинг жазоси адолат юзасидандир. Ҳаққа қарши онгли равишда кураш олиб борганларни абадий дӯзах кутади.