май 07, 2020 15:34 Asia/Tashkent
  • 888
    888

«Шӯро" муборак сураси  7-10-ояти карималарининг шарҳи.

 

Дастлаб “Шӯро” муборак  сураси  7- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَكَذَٰلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لِّتُنذِرَ أُمَّ الْقُرَىٰ وَمَنْ حَوْلَهَا وَتُنذِرَ يَوْمَ الْجَمْعِ لَا رَيْبَ فِيهِ ۚ فَرِيقٌ فِي الْجَنَّةِ وَفَرِيقٌ فِي السَّعِيرِ ﴿٧ 

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Ана шундай қилиб, Биз сенга шаҳарларнинг онасини ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун, бўлишида ҳеч шубҳа йўқ жамлаш кунидан огоҳлантиришинг учун арабий Қуръонни юбордик. Бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахда. (Илмий изланишлар кўрсатдики, Маккаи Мукаррама ернинг қуруқлик қисмининг қоқ маркази экан. Бу ҳақиқатдан, ояти каримадаги «шаҳарларнинг онаси ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун» дегани, бутун ер юзини огоҳлантиришинг учун, дегани эканлиги маълум бўлди. Шу кашфиётга асосланиб, дунёнинг ҳамма нуқтасидан туриб қиблани топиб оладиган асбоб яратилди.) (7) 

Ӯтган суҳбатимизда тарих давомида пайғамбарларга ваҳий келгани ҳақида айтган эдик. Бу ояти каримада исломнинг азиз пайғамбарига қарата буюрилади: ӯтган пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби сизга ҳам ваҳий нозил қилдик. Биринчи босқичда Макка ва унинг атрофида яшовчи кишиларни унинг муборак оятлари билан  ҳидоят қилишингиз учун Қуръонни Макка шаҳридаги аҳолининг тилида, араб тилида туширдик.

Ояти кариманинг давомида дунёда яшаб ӯтган барча инсонлар қиёмат куни Илоҳий маҳкамада ҳозир бӯлишларига ишора қилинади. Унда халойиқ икки гуруҳга бӯлинади: Аллоҳга иймон келтириб, эзгу амаллар қилганлар. Булар жаннатга кирадиганлар. Иккинчиси ёвуз амалларни бажарганлар.  Буларнинг жойи дӯзах оловидир.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръон араб тилида бӯлсада, аммо у барча миллатлар ва қавмларга тегишли. Шу сабабли самовий китобимизнинг бирор оятида “Ё айюҳал араб!” хитобини учратмаймиз.
  2. Дин таблиғи жараёнида тингловчининг эҳтиёжларини назарда тутиш лозим.
  3. Қуръоннинг оятлари бугунгача Расулуллоҳга ваҳий қилинган ҳолатда сақланиб қолган. Унга бирор-бир ӯзгариш киритилмаган.
  4. Қиёматнинг бӯлмаслигига бирор киши аниқ далил келтиролмайди. Шу сабабли унга шак келтириш билан фисқ-фасодга кенг йӯл очиб бермайлик.

 

Энди  “Шӯро” муборак сураси  8-9-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَلَوْ شَاءَ اللَّـهُ لَجَعَلَهُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَلَـٰكِن يُدْخِلُ مَن يَشَاءُ فِي رَحْمَتِهِ ۚ وَالظَّالِمُونَ مَا لَهُم مِّن وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ ﴿٨ أَمِ اتَّخَذُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاءَ ۖ فَاللَّـهُ هُوَ الْوَلِيُّ وَهُوَ يُحْيِي الْمَوْتَىٰ وَهُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ﴿٩

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, уларни бир уммат қилар эди. Лекин У зот хоҳлаган кишини Ўз раҳматига киритур. Золимларга эса, ҳеч бир дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам йўқдир. (8) Ёки улар ундан бошқа «дўстлар» тутдиларми?! Бас, Аллоҳнинг Ўзигина дўстдир. У зот ўликларни тирилтирур. Узот ҳар бир нарсага қодирдир. (9) 

Ӯтган ояти каримада буюрилган эди: Қиёмат куни халойиқ икки гуруҳга бӯлинади: Аллоҳга иймон келтириб, эзгу амаллар қилганлар. Булар жаннатга кирадиганлар. Иккинчиси ёвуз амалларни бажарганлар.  Буларнинг жойи дӯзах оловидир.

Бу ояти карималарда буюрилади: Дунёда ҳам одамлар бир хил эмас. Бир гуруҳ одамлар эзгу амалларни бажаришга мойил бӯлган поктийнатлар, бошқа бир гуруҳ эса ёвуз ишларни бажаришга мойил бӯлган нопок кимсалардир.

Савол туғилади: Нега Худо одамларнинг барчасини дунёда эзгу амаллар бажарадиган, қиёматда эса ҳаммаси жаннатга кирадиган қилиб яратмади?

Бу ояти карималарда буюрилади: Аллоҳ истаганида барча халойиқни пайғамбарлар даъватини қабул қилишга мажбур қиларди. Аммо мажбурий равишда келтирилган иймон қадрли эмас. Инсонга ихтиёр ва ирода берган Аллоҳ унинг ӯз ихтиёри билан амал қилишини истайди. Зеро, камолотга етишнинг ҳақиқий йӯли шу.

Дарҳақиқат, бу нарса Аллоҳнинг аҳли башарга ато этган энг улуғ неъматларидан бири бӯлиб, шу йӯл билан У камолотга етишиш эшикларини инсоннинг юзига очган.

Одил ва ҳаким бӯлган Аллоҳ ҳар кимга танлаган йӯлига қараб муомала қилади. Ҳақ йӯлни танлаганлар Худонинг махсус раҳматига восил бӯладилар. Аммо ӯз ихтиёри билан ӯзи ва бошқаларга зулм қилган кимсалар дунё ва охиратда Илоҳий лутфу марҳаматидан маҳрумдирлар.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Одамизоднинг ихтиёри ӯзида эканлиги ва унинг танлов ҳуқуқига эга эканлиги Аллоҳнинг буюк неъмати бӯлиб, бу ҳақни ундан ҳеч ким тортиб ололмайди.
  2. Аллоҳнинг дини ва Унинг пайғамбарига зулм қилишдан олдин кофир ва мушриклар аввало ӯзларига зулм қилишган. Зеро, улар Аллоҳнинг раҳмати  соясидан четга чиқишган.
  3. Одамларнинг ҳаёти ва ӯлими илкида бӯлган, чексиз қудратли зотгина уларга ҳукмронлик қилиши мумкин.

 

Энди  “Шӯро” муборак сураси  10-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

 وَمَا اخْتَلَفْتُمْ فِيهِ مِن شَيْءٍ فَحُكْمُهُ إِلَى اللَّـهِ ۚ ذَٰلِكُمُ اللَّـهُ رَبِّي عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ أُنِيبُ ﴿١٠

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

«Бирор нарсада ихтилоф қилсангиз, унинг ҳукми Аллоҳдадир. Ана ўша Аллоҳ Роббимдир. Унгагина таваккал қилдим ва Унгагина қайтурман». (10)

Бу ояти каримада буюрилади: Аллоҳнинг ҳокимиятини тан олган киши ҳар қандай масала, ҳатто ихтилофли муамоларни ҳал қилишда ҳам Унинг сӯзига эргашиши лозим, дӯстлари ва ошна-оғайнисининг сӯзига эмас.

Афсуски, бирор-бир муаммо вужудга келган чоғи биз ӯз манфаатимиз нуқтаи назаридан амал қилишга ҳаракат қиламиз. Ёхуд кӯп ҳолларда Аллоҳнинг ҳукми қолиб, “Одамлар нима дейди?!” деган баҳонада шариатга эмас, расм-русумга итоат қиламиз. Аслида ҳақиқий иймоннинг нишонаси ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий...  масалаларда Илоҳий илм сарчашмасига мурожаат қилишдир.

Табиийки, Аллоҳнинг аҳкомларига эргашган кишиларга оила ёхуд жамият томонидан тазйиқлар бӯлиши мумкин. Бундай ҳолатда Аллоҳдан ӯз йӯлида бизга кӯмаклашишини ва бу йӯлда собитқадам айлашини сӯраб дуо қилишимиз лозим.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ислом  фақатгина эътиқод ва ахлоқ эмас. Унда  инсоннинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва оилавий ҳаётдаги барча эҳтиёжларига муносиб жавоблар бор. Шундай экан,  ҳар қандай ҳолатда динимизнинг кӯрсатмаларига риоя қилишимиз айни муддао.
  2. Вақтинчалик маҳдуд қудратларга эмас, балки мутлақ қодир Аллоҳга таваккул қилишимиз, муаммо ва қийинчиликлар пайти Унга юзланишимиз лозим.