июн 27, 2020 19:24 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл--894

«Шӯро" муборак сураси  36-39-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Шӯро” муборак  сураси  36- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

فَمَا أُوتِيتُم مِّن شَيْءٍ فَمَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ۖ وَمَا عِندَ اللَّـهِ خَيْرٌ وَأَبْقَىٰ لِلَّذِينَ آمَنُوا وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ ﴿٣٦﴾

Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Сизга берилган нарсалар ҳаёти дунёнинг матоҳи, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсалар эса, иймон келтирган ва Роббиларига таваккал қилганлар учундир. (Ушбу берилган нарсалар хоҳ молу дунё бўлсин, нима бўлса бўлсин—ҳаммаси бу дунёнинг матоҳи, ўткинчи ҳой-ҳавас, холос. Уларнинг ҳақиқий қадр мезонида ҳеч бир оғирлиги йўқ. Ҳақиқий қадр-қийматга, боқийликка эга нарсалар бошқа томонда —охиратда, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Аллоҳнинг ҳузуридаги ўша нарсалар, бу дунё матоҳи каби, ким бўлишидан қатъи назар ҳамма учун эмас.) (36)

Олдинги дастурларда қуруқлик ва денгиздаги илоҳий неъматлар ҳақида гапирилган эди. Бу ояти каримада буюрилади: Худо бу дунёда бандаларига берган барча нарсалар ӯткинчи ва маҳв бӯлгувчидир ва булар  ҳар доим сизнинг ихтиёрингизда деб ўйламаслигингиз керак. Аммо мўминлар яхши ва муносиб ишларни қилишлари билан эришадиган у дунёнинг сармояси ва неъматлари абадий ва барқарордир. Шундай қилиб, агар одам вақтинчалик моддий дунёдаги чекланган ҳаётнинг молу матосини ушбу абадий сармоя билан алмаштирса, жуда даромадли тижоратга қӯл урган бӯлади.

Бу дунё неъматлари барча инсонларга берилган ва Худо неъмат билан сийлашда мўмин билан кофирни бир-биридан ажратмайди. Аммо охират неъматлари фақат дунё неъматларидан фойдаланиб, охиратини қуришга қодир бўлган мўминлар ва пок кишилар учундир. Шубҳасиз, мўмин киши нотўғри ишларни қилишдан бош тортади ва диний меъёрларга риоя қилиш учун баъзи маҳрумиятларга бардош беради, аммо Худо охиратда унинг ўрнини тўлдиради ва унга яхшилик ва барқарор мукофот ва совғаларни ато этади.

Дунёга кӯнгил қӯйган, дунё мол-мулкига берилиб кетган очкўз ва ўжар одамлардан фарқли ўлароқ, Худога ишонганлар ўзларининг келажаги учун бойлик тўплашнинг ўрнига, садақа бериш ва муҳтожларга кӯмаклашишни ўйлашади. Улар ўзларининг ӯткинчи қудрат ва бойликларига эмас, балки  абадий барҳаёт илоҳий қудрат ва раҳматга суянадилар.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Мӯмин киши дунё неъматларидан фойдаланади, аммо унинг мақсади охиратдир. Шу тамойил билан у фоний умрини боқийга айлантиради.
  2. Худо охират куни мӯмин киши дунёда қӯлдан берган нарсадан кӯра яхшисини унга ато қилади.
  3. Ӯзининг қудрат ва сарватига суяниш ӯрнига Худога таваккул қилиш иймон аҳлининг нишонасидир. Таваккул мӯминларнинг доимий амалидир.

Энди  “Шӯро” муборак  сураси  37- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَالَّذِينَ يَجْتَنِبُونَ كَبَائِرَ الْإِثْمِ وَالْفَوَاحِشَ وَإِذَا مَا غَضِبُوا هُمْ يَغْفِرُونَ ﴿٣٧﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Катта гуноҳлар ва фоҳиша ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир. (37)

Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада иймон аҳлининг ахлоқий ва амалий хусусиятларига ишора қилиниб, буюрилади: ёвуз ва жирканч амаллардан парҳез қилган, ӯз руҳларини барча ғиллу ғашликлардан поклаган кишилар охират куни Илоҳий мукофотдан баҳраманд бӯладилар, зеро, нопоклик билан иймон мутлақо ӯзаро келишолмайдилар.

Мӯминлар ӯз нафсларини бӯйсундира олган кишилардир. Улар асабийлашган ва ғазабланган чоғи ӯзларининг тил ва қӯлларини назорат қиладилар.

Иймон инсонда раҳмат ва мағфират руҳиясини мустаҳкамлаш кучига эга. Бундай инсон бошқалар билан зиддиятли ҳолатда кечиримлилик йӯлини тутади.

Ҳақиқий мумин ғазаби алангаланган чоғи ихтиёрини қӯлдан бермайди. "Дӯстингизни ғазаблангани чоғи имтиҳон қилинг”—дея бежиз айтилмаган.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Иймон фақатгина қалбда эмас, балки у кишининг юриш-туришида ҳам  акс этиши керак. Гуноҳлардан узоқлашиш, шаҳват ва ғазаб ҳолатида ӯзини тута билиш ҳақиқий иймоннинг нишонасидир.
  2. Мӯмин киши ӯз ғаризалари ва нафсоний истакларини бошқара олади.
  3. Бошқаларнинг хатосини кечириш иймонлилик белгисидир. Кечиримли бӯлмаган киши ҳақиқий мӯмин эмас.

Энди  “Шӯро” муборак  сураси 38-39- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَالَّذِينَ اسْتَجَابُوا لِرَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَمْرُهُمْ شُورَىٰ بَيْنَهُمْ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ ﴿٣٨﴾ وَالَّذِينَ إِذَا أَصَابَهُمُ الْبَغْيُ هُمْ يَنتَصِرُونَ ﴿٣٩﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Роббиларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шуро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар учундир. (38) Ўзларига тажовузкорлик етганда нусрат қозонадиганлар учундир. (39)

Бу ояти карималарда иймон аҳлининг бошқа хусусиятларига ишора қилиниб, буюрилади: Улар тӯғри йӯлга кириш ҳақидаги Аллоҳнинг даъватини қабул айлаб, бутун вужудлари билан Унга таслим бӯлиб, фақатгина унинг учун ибодат қиладилар. Шунингдек, эҳтиёжмандларга ғамхӯрлик қилиб, ӯз молларидан бир қисмини уларга инфоқ қиладилар.

Оилавий ва ижтимоий ишларда бошқаларнинг фикрини ҳурмат қилиб, ишларини бошқаларнинг маслаҳати билан бажарадилар.

Албатта, оилавий, ижтимоий ва иқтисодий мавзуларда маслаҳат қилинади, Илоҳий ҳукмлар борасида эмас.

Қизиғи шундаким, мӯмин кишининг хислатлари баён этилганда маслаҳатлашиш хусусиятига алоҳида урғу берилган. Бу хусусиятнинг ӯта муҳимлигидан ушбу муборак сура ҳам “Шӯро”-яъни маслаҳат дея номланган.

Бу ояти карималарда санаб ӯтилган мӯмин кишининг сӯнгги хусусияти зулм-зӯравонликка қарши курашишидир. Мӯмин киши зулмга тан бермайди ва ундан қутулиш ҳаракатидадир. Бошқа бир ояти каримада буюрилганидек: Иймон аҳли зулм қилмайди ва золимга ҳам тан бермайди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ислом жомеъ ва комил диндир. У инсон ҳаётининг иқтисодий, ахлоқий, ижтимоий, ибодат ва сиёсий жабҳаларига эътибор қаратади.
  2.  Иймон амалда намоён бӯлиши керак. Мӯминнинг фақатгина намоз ва ибодатлари эмас, балки унинг  ҳар бир амали Худога хуш келадиган амал бӯлиши лозим.
  3. Ӯз фикрини бошқаларга юклаш иймонлилик нишонаси эмас. Мӯмин киши бошқаларнинг нуқтаи назарини ҳурмат қилади.
  4. Зулмга тан бериб, сукут сақлаш иймонли кишининг ахлоғи эмас. Мӯмин золимга қарши курашиб, ӯзининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилади.