сентябр 25, 2016 15:30 Asia/Tashkent

Ўзбекистон янгиликлари

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

1.Ўзбекистон ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмайди;

2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда республика фуқаролигидан маҳрум бўлиш ҳолларига ойдинлик киритилди;

3. Ўзбекистон тиббиёт, ҳаёт ва соғлиқ билан боғлиқ барқарор ривожланиш индикаторлари бўйича мамлакатлар рейтингида 55-ўринни эгаллади;

4. Шавкат Мирзиёев: Қозоғистон билан товар айланмаси ҳажмини 2 баробар ошириш керак

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

БМТ Бош Ассамблеянинг 23-сентябрдаги мажлисида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Ташқи ишлар раҳбари Адбулазиз Камилов дастлаб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик изҳор қилган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳамда халқаро ташкилотлар ва жаҳон ҳамжамиятига миннатдорчилик билдирган.

Абдулазиз Комилов, маърузасининг биринчи қисмида Ўзбекистоннинг бўлғуси ташқи сиёсатига оид фикрларни айтиб ўтган."Ўзбекистон мамлакатнинг асосий манфаатларини ҳимоя қилиш ва уни илгари суришга қаратилган ташқи сиёсатини сақлаб қолади ва уни давом эттиради. Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев баёнот қилганидек, Ўзбекистон келгусида ҳам ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда барча хорижий мамлакатлар билан дўстона ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидан оғишмайди", — деб таъкидлаган Камилов. У шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги қатъияти БМТ Низоми ва Республика Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган халқаро ҳуқуқ меъёрларининг асосий қоидалари, биринчи президент вақтида зиммасига олган халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларига оғишмай амал қилишни тақозо этишини таъкидлаган.

"Ўзбекистон шунингдек, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ҳамда вужудга келган барча зиддият ва можароларни тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдоридир. Мамлакатимиз ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик, қуролли кучларимизни мамлакат ҳудудидан ташқарига сафарбар этмаслик қоидаларини принципиал ва ягона танлов сифатида қабул қилган. Масалага шундай ёндашув, биз учун энг тўғри қарор деб ҳисоблаймиз", — деган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, шу ой ўрталарида Бишкекда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлат раҳбарлари саммитида ҳам Ўзбекистон Президенти в.б. Шавкат Мирзиёевнинг ўрнида Абдулазиз Камилов иштирок этган эди.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда республика фуқаролигидан маҳрум бўлиш ҳолларига ойдинлик киритилди. Шу ҳақдаги қонунни Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган.

Кун. уз сайтига кўра унга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароси:-  чет давлатда ҳарбий хизмат, хавфсизлик хизмати, полиция, адлия идоралари ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирса; -  чет элда уч йил ичида узрсиз Ўзбекистон консуллиги ҳисобида турмаса; -  Ўзбекистон фуқаролигини сохта ҳужжатлар ёки ёлғон маълумотлар асосида олган бўлса;-  чет давлат фойдасини кўзлаш, тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказса;-  хорижий давлат фуқаролигини олса, (бунда, у 1 ой муддат ичида Ўзбекистон ИИВ идоралари ёки хориждаги консуллигига фуқаролигини ўзгартирганини маълум қилиши шарт) Ўзбекистон республикаси фуқаролигидан маҳрум этилади.  

Шу билан бирга, Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 26-моддасига киритилган 5-қисмга кўра, чет эл фуқароси мазкур модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган шахслар томонидан фарзандликка олинса, ўз фуқаролигидан чиққан тақдирдагина, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинади. 

Ўзбекистон тиббиёт, ҳаёт ва соғлиқ билан боғлиқ барқарор ривожланиш индикаторлари бўйича мамлакатлар рейтингида 55-ўринни эгаллади. Индекс The Lancet тиббиёт журнали томонидан тузиб чиқилди, деб хабар беради Uz24.

Дарё.уз сайтига кўра, рейтингга асос сифатида 33 кўрсаткич олинди, уларнинг ҳар бири 0–100 балл орасида баҳоланди. Критерийлар орасида — ортиқча вазн, алкоголь ва тамаки истеъмоли даражаси, болалар ва чақалоқлар ўлими,  туберкулёз ва гепатит В юқтириш кўрсаткичлари, ўз жонига қасд қилишлар миқдори.

Бундан ташқари, экспертлар зўравонлик ва уруш ҳаракатлари оқибатидаги ўлимлар даражасини баҳолади. Ҳар бир критерий мамлакатларда 1990–2015 йилларда ҳукм сурган вазият бўйича кўриб чиқилди.

Биринчи ўринни Исландия эгаллади. Кучли бешликка, шунингдек, Сингапур, Швеция, Андорра ва Буюк Британия кирди.

Охирги учта ўринга Жанубий Судан, Сомали ва Марказий Африка Республикаси қўйилди.

Ўзбекистон мазкур рейтингда 188 мамлакат ичида 55-ўринни эгаллади. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қайд қилган натижалар: Туркманистон — 60-ўрин, Қозоғистон — 85-ўрин, Тожикистон — 99-ўрин, Қирғизистон — 113-ўрин.

Шавкат Мирзиёев: Қозоғистон билан товар айланмаси ҳажмини 2 баробар ошириш керак.

     22 сентябрь куни Қозоғистон республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, вазир ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов ва Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев иштирокидаги музокараларда қатнашди.

Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва келгусидаги истиқболлари, саноат соҳасида ҳамда транспорт ва транзит ташиш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш масалалари муҳокама этилган. «Биргаликда ишлаб давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш соҳасидаги салбий анъаналарни бартараф этишимиз керак. Бизда фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 млрд долларгача етказишимиз зарур», — дея қайд этган Мирзиёев.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.