Нур томон йӯл -- 897
"Шӯро" муборак сураси 48-53-ояти карималарининг шарҳи
Дастлаб "Шӯро" муборак сураси 48-ояти каримасининг тиловатига қулоқ соламиз:
فَإِنْ أَعْرَضُوا فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظًا ۖ إِنْ عَلَيْكَ إِلَّا الْبَلَاغُ ۗ وَإِنَّا إِذَا أَذَقْنَا الْإِنسَانَ مِنَّا رَحْمَةً فَرِحَ بِهَا ۖ وَإِن تُصِبْهُمْ سَيِّئَةٌ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ فَإِنَّ الْإِنسَانَ كَفُورٌ ﴿٤٨﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Агар улар юз ўгирсалар, бас, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. Сенинг зиммангда фақат етказиш бор, холос. Албатта, Биз инсонга Ўзимиздан раҳмат тоттирган чоғимизда у ундан қувонур ва агар уларга ўз қўллари тақдим этган нарса туфайли ёмонлик етса, бас, албатта, инсон куфрони неъмат қилур. (Яхшилик етганда ҳаддан ошганидек, ёмонлик етганда ҳам ўзини тўғри тута ололмайди, куфрони неъмат қилади. Аслида эса, яхшилик етса, инсон шукр қилиб, ёмонлик етса, сабр этиши лозим. Унга нимаики етса, Аллоҳдандир.) (48)
Илоҳий пайғамбарларнинг ӯзига хос хусусиятларидан бири одамларнинг ҳидоят топишлари учун дилсузлик қилишларидир. Улар одамларнинг бир қисми иймон келтирмай, тӯғри йӯлга кирмаганлари учун ғам чекар эдилар.
Бу ояти каримада Аллоҳнинг расулига қарата буюрилади: Эй, Пайғамбар, қанчалик жон чексангиз ҳам бари-бир одамларнинг бир гуруҳи иймон келтирмайди. Сиз Аллоҳнинг барча паёмларини уларга етказиб, масъулиятингизни ӯтаб бӯлдингиз. Сиз уларни иймон келтириш учун мажбурлашга масъул эмассиз. Аллоҳ бандаларининг ӯз ирода ва ихтиёри билан иймон келтиришларини истайди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Дин пешволари ва таблиғчиларининг масъулияти Илоҳий даъватни одамларга етказишдир, одамларни динни қабул қилишга мажбурлаш эмас.
- Одамларнинг аксарияти лаёқатсиздирлар. Улар роҳат-фароғатда кибр-ғурурга бериладилар. Аллоҳнинг неъматларига шукрона қилишни унутадилар.
- Инсон ҳаётидаги муаммо ва қийинчиликлар унинг қилмишлари инъикосидир. Аллоҳ ҳеч кимга қийинчиликларни раво кӯрмайди.
Энди "Шӯро" муборак сураси 49-50-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
لِّلَّـهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ ۚ يَهَبُ لِمَن يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ ﴿٤٩﴾ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا ۖ وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيمًا ۚ إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ ﴿٥٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. (49) Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир. (Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.) (50)
Бу ояти карималарда буюрилади: ер ва осмонларнинг ҳокими Аллоҳ бӯлиб, у истаган нарсасини яратади. Ояти карималарнинг давомида Аллоҳнинг муҳим неъматларидан бири фарзандга ишора қилинади.
Маълумки, ота-она фарзанднинг яратувчиси эмас, балки Худонинг яратувчилиги воситасидирлар.Фарзанднинг яратувчиси эса Аллоҳдир.
Бу ояти карималарда келтирилишича қизлар ҳам, ӯғил болалар ҳам Аллоҳнинг ҳадялари бӯлиб, уларнинг бирини иккинчисидан устун қӯйиш дуруст эмас. Фарзанд кӯрмайдиган кишиларга ҳам Худо ӯзининг ҳикмати асосида шу нарсани қисмат айлаган.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ӯғил ва қиз фарзанд Аллоҳнинг ота-онага юборган ҳадясидир. Уларнинг бирини иккинчисидан устун қӯйиш дуруст эмас.
- Аллоҳ доимий равишда яратиш ҳолатидадир.
- Аллоҳга иймони бор киши фарзанднинг бӯлиш-бӯлмаслиги, унинг қиз ё ӯғил туғилиши ҳақида Худога суяниши керак.
Энди "Шӯро" муборак сураси 51-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَن يُكَلِّمَهُ اللَّـهُ إِلَّا وَحْيًا أَوْ مِن وَرَاءِ حِجَابٍ أَوْ يُرْسِلَ رَسُولًا فَيُوحِيَ بِإِذْنِهِ مَا يَشَاءُ ۚ إِنَّهُ عَلِيٌّ حَكِيمٌ ﴿٥١﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳ башар билан гаплашмоғи бўлмаган, магар ваҳий орқали, ёки парда ортидан ёхуд элчи юборадию, У зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Албатта, У зот ўта олий ва ўта ҳикматлидир. (Инсон зоти учун Аллоҳ Таоло билан бевосита гаплашиш муяссар бўладиган нарса эмас. Аллоҳ билан башар орасидаги алоқа бовосита бўлур. Воситанинг бир тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган энг етук зотлар, Пайғамбар (а. с)лар турур. Яъни, ўша воситали гаплашишга ҳам ҳар бир инсон қодир эмас. Энди, одамлар орасидан танлаб олинган Пайғамбарлар ҳам баробар эмаслар, осмондаги нур сочиб турган юлдузлар ҳажм ва нур жиҳатидан хилма хил бўлганларидек улар ҳам хилма-хилдирлар.) (51)
"Шӯро" муборак сураси Илоҳий пайғамбарларга ваҳийнинг нозил бӯлиши мавзуси билан бошланиб, шу мавзу билан ниҳоясига етади. Ибтидо буюрилади: Аллоҳ инсонга бевосита хитоб қилмайди. Зеро, Худо оғиз ва тил билан гапирадиган жисм эмаски, инсон унинг сӯзларини қулоқ билан эшитса. Аллоҳ ӯзининг пайғамбарлари билан уч усулда муносабат қилади. Биринчиси шулки, Худо пайғамбар билиши ва одамларни даъват қилиши лозим бӯлган нарсаларни уларнинг қалбига илҳом қилади.
Иккинчиси, Худо овоз тӯлқинларини яратган ва пайғамбарлар ҳеч кимни кӯрмасдан юборилган тӯлқинни қабул қилиш қобилиятига эга бӯладилар. Худди ҳазрат Мӯсо алайҳиссалом каби.
Учинчиси, Худо ваҳий фариштаси бӯлган Жаброилни пайғамбарга юборади ва пайғамбар ундан Илоҳий ваҳийни қабул қилади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳ ӯзининг пайғамбарлари билан турли усулларда муносабат қилиб, ӯз сӯзини уларга етказади, токим улар Аллоҳнинг сӯзларини одамларга етказиб, уларни тӯғри йӯлга бошлашсин.
- Аллоҳ ӯзининг илм ва ҳикмати асосида ӯзи хоҳлаган кишисини пайғамбарликка танлаб, унга илм ва ҳикмат ато айлайди.
Энди азизлар, "Шӯро" муборак сураси 52-53-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَكَذَٰلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ رُوحًا مِّنْ أَمْرِنَا ۚ مَا كُنتَ تَدْرِي مَا الْكِتَابُ وَلَا الْإِيمَانُ وَلَـٰكِن جَعَلْنَاهُ نُورًا نَّهْدِي بِهِ مَن نَّشَاءُ مِنْ عِبَادِنَا ۚ وَإِنَّكَ لَتَهْدِي إِلَىٰ صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ ﴿٥٢﴾ صِرَاطِ اللَّـهِ الَّذِي لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ ۗ أَلَا إِلَى اللَّـهِ تَصِيرُ الْأُمُورُ ﴿٥٣﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин, Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан. (Аллоҳ Таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад (с. а. в)га ваҳий орқали юборган сўнгги китобини руҳ-жон, деб атамоқда. Қуръони Карим инсоният учун маънавий руҳдир.) (52) Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур. (Сен Аллоҳнинг китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини, Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қилурсан.) (53)
"Шӯро" муборак сурасининг якунловчи оятлари бӯлган бу ояти карималарда ислом пайғамбарига қарата буюрилади: Олдинги пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби аҳли башар ҳаётининг асосий дастурамали ва инсоният жамияти вужудини тирилтирувчи руҳ каби бу Қуръонни сизга ваҳий қилдик. "Анфол" муборак сурасининг 24-ояти каримасида буюрилганидек:
Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билинки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва, албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз. («Ҳаёт берадиган нарса»–иймон ва Исломдир. Қуръони Карим таъбири бўйича, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Аллоҳ инсон билан қалбининг орасини ажратгандан кейин у ўзини ўнглай олмай қолади. Инсон ўз қалбига молик бўла олмай қолмайди.) (24)
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Ваҳийнинг нозил бӯлиши Аллоҳнинг расулига Илоҳий лутфу карам эди. Сӯнгра бу лутф одамларга насиб айлади, улар ҳам Аллоҳнинг Пайғамбари воситасида Қуръонинг нуроний оятлари ва иймон ҳақиқати билан танишдилар.
Шу муносабат билан ояти карималарда Аллоҳнинг Расулига қарата буюрилади: Қуръон нафақат сиз, балки барча учун юборилган нур бӯлиб, жаҳон аҳлини тӯғри йӯлга ҳидоят қилиш воситасидир. Сиз одамларни яшашнинг энг тӯғри йӯлига ҳидоят қиласиз. Сиротал мустақим, яъни тӯғри йӯл ибораси шундай шарҳланган: Тӯғри йӯл фақатгина ягона Аллоҳга элтадиган йӯлдир.
Бу ояти кармалардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Пайғамбарлар ҳам аҳли башарнинг пешвоси ва мурабийси бӯлиш учун Аллоҳнинг ҳидоятига муҳтождирлар.
- Қуръон таълимоти инсонларни ҳидоят қилувчи ва инсоният жамиятига жон бағишловчи таълимотдир.
- Қуръоннинг ҳаётбахш таълимотини жамиятга жорий қиладиган, ӯзи ҳам сиротал мустақимнинг амалдаги намунаси бӯлган мураббий ва муаллимга ҳамма вақт эҳтиёж бор.