сентябр 27, 2016 15:24 Asia/Tashkent

Қазвиндаги тарихий обидалар

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Қазвин шаҳрида ҳар томонга боқсангиз, шаҳарнинг мўмин аҳолиси билан гавжум  минора, гунбаз  ва масжидларни кўрасиз. Мазкур шаҳарда жойлашган масжидларнинг энг каттаси  Қазвин жомеъ ёхуд “Кабир” масжиди ҳисобланадики, унинг шукуҳи ва азамати кўрган вақтда маънога эга бўлади. Ушбу масжид шаҳарнинг энг қадимий ва кўркам обидалардан бири ҳисобланади. Хос ва қадрли бўлган ушбу макон тўрт айвон шаклида ва Ислом  даврининг меъморчилигига хос бўлган тарзда қурилган.

Мутахассисларнинг ақидаларига кўра, ушбу масжид тарих ва санъат бўйича Эронда кам учрайдиган масжидлардан ҳисобланади. Ушбу масжиднинг азим ва салобатли гунбази, шукуҳли маноралари, баланд айвонлари ва чиройли катибалари салжуқийлар ва савафийлар давридаги меъморчилик услубининг ёрқин намунасидир.

Айрим ривоятларга кўра, масжиднинг энг қадимий қисми ҳижрий-қамарийнинг  100 йилида Умар бин Абдулазиз томонидан қурилган ва бошқа ривоятга кўра, ҳижрий-қамарийнинг 192 йилида Ҳорун Ар-Рашид   қўли билан қурилган. Шу боисдан Ҳорун арки номи билан машҳурдир.

Маданий мерос мутахассисларининг фикрича, Қазвин жоме масжиди тарихий катибалар мажмуасига эгадир. Ушбу катибалар шеър, сўз ва ёки турли шакллар билан нақшга  солинган.

Эронлик  етук тарихчи, донишманд ва   шоир Ҳамдуллоҳ Муставфий мақбараси Қазвин шаҳрида жойлашган. Ҳижрий-қамарий 980 йилда таваллуд топган ушбу олимдан “Сайланган тарих”, “Зафарнома” ва “Назҳатул қулуб” каби  нодир китоблар бизга мерос қолган. Мақбара биносининг шакли унинг пастки қисмида  тўртбурчак  бўлиб,  унинг керамика билан безатилган гунбази конуссимондир. Гунбазнинг ташқи қисми яшил мозаикалар билан безатилган ва унда Қуръон оятлари гўзал хат билан ёзилган.

“Чиҳид сутун” ёки “Кулоҳ фаранги” номи билан машҳур бўлган  иморат  ҳам Қазвин шаҳрининг гўзал ва тарихий биноларидан бири ҳисобланади.

Сафавия даврининг кўркам иншоотларидан бири бўлган “Чиҳил сутун”  саккиз қиррали шаклда  қурилган бўлиб, Қазвин шаҳрининг марказида жойлашган боғнинг ўртасида қад ростлаган. Ушбу иморат икки қаватли бино ва йирик залга эгадир. Мазкур иморатнинг деворларида Сафавия ва Қожория даврларига тегишли  шодлик базмлари, овни ифода этувчи  нақшлар ҳамда  турли ўсимлик ва ҳайвонларнинг расмлари солинган. Ўймакорлик ва бошқа нақшлар солинган ушбу иморатнинг эшиклари ҳам чиройлидир. Милодий 1958 йилда ушбу қаср тарихий ва қадимий ашёларнинг хазинаси сифатида ишлатиларди. Эндиликда эса  у Қазвин шаҳрининг “Хушнавислик” музейига айлантирилган.

Айтиш лозимки, Қазвин шаҳрида Салжуқийлар, Сафавийлар ва Қожорлар салтанатлари даврида ўнлаб масжидлар қурилган ва уларнинг айримлари халқаро шуҳратга эга бўлишган. Бунга илова ушбу шаҳар ва унинг атрофида  кўплаб зиёратгоҳлар ва имомзодалар мақбаралари ҳам жойлашган. Мазкур масжид ва зиёратгоҳлар Эрон халқининг диққатини ўзига жалб этган. Масжид ан-Набий ва Имомхода Ҳусейн (а) бунга мисол бўла олади. Масжид ан-Набий бинонинг азамати, қурилиш услуби ва меъморчиликнинг  нафислиги  жиҳатидан Қазвиннинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланади.

Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги    дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Имом Ризо (а)нинг ўғиллари Имомзода Ҳусейн 780 йили вафо этган бўлиб, Қазвинда дафн этилган. Мақбара қурилишига мансуб энг қадимий сана қабрни ўраб турган ёғоч тўсиндаги 1385 йил деб ёзилган санадир. Асосий бинонинг барпо бўлиш вақти ҳам Шоҳ Сафавий даврига тўғри келади. Қазвиннинг хушманзара ва қулай иқлимга эга шимолий баландлик қисмида жойлашган  Имомзода Исмоил, Имомзода Султон, Саййид Муҳаммад, Пайғамбария ва  Эбазор мақбаралари шаҳарнинг бошқа машҳур зиёратгоҳ жойлари қаторига киради.

Қазвинда жойлашган Шайх Аҳмад Ғаззолий мақбараси  маҳаллий аҳоли орасида кўпроқ  “Аҳмад мақбараси”  номи билан шуҳрат топган.

Аҳмад Ғаззолий машҳур сўфий бўлиб, тахминан 1083-1106 йиллар орасида вафот этган.

Шунингдек, Қазвинда  бошқа машҳур шахсларнинг, жумладан,  Халил ибн Ғози Қазвиний мақбараси, Раис ул-Мужоҳиддин мақбараси (у Машрутият конституцион инқилобида курашиб вафот этган), Мир Иброҳим ибн Маъсум мақбараси, 1229 йили вафот этган  Пири Сафид номи билан шуҳрат топган Шайх Жамолиддин Рашид ал-Қутний (Нажмиддин Кубронинг шогирди) мақбаралари мавжуд.

Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

Ёрлиқ