Нур томон йӯл – 914
"Духон" муборак сураси 28-36-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб " Духон" муборак сураси 28-29-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
- ۖ وَأَوْرَثْنَاهَا قَوْمًا آخَرِينَ ﴿٢٨﴾ فَمَا بَكَتْ عَلَيْهِمُ السَّمَاءُ وَالْأَرْضُ وَمَا كَانُوا مُنظَرِينَ ﴿٢٩﴾
- ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Мана шундай! Биз у(нарса)ларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик. (28) Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам йиғламади ва улар муҳлат берилганлардан ҳам бўлмадилар. (29)
Фиръавн қавми можароси сӯнгида бу ояти карималарда буюрилади: Фиръавнийлар Нил дарёсида ҳалок бӯлгач, бутун бойликлари меҳнат-машаққатсиз Бани Исроил қавмининг қӯлига ӯтди. “Шуаро” сурасида келтирилганидек: фиръавнийлар ғарқ бӯлгач, бир гуруҳ Бани Исроилликлар Мисрга қайтиб, Фиръавн мамлакатига ҳукмронлик қилишди.
Ояти карималарнинг давомида таъкидланадиким, фиръавнийлар зулми шу даражага етгандиким, улар бу оламдан илдизи билан қӯпориб ташлангач, ҳеч ким бир қатра кӯз ёши тӯкмади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Зулм-ситам қилувчи қавмларни ҳалокатга етказиш Илоҳий суннат бӯлиб, у одамлар учун огоҳлантириш ва ибратдир.
- Борлиқ олам ҳам ӯзига хос ҳиссиёт ва ақл-шуурга эга. Шунинг учун нафақат инсонлар, балки моддий табиат ҳам золимларнинг ҳалокатига яхши аксиламал кӯрсатади.
Энди "Духон" муборак сураси 30-33-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
وَلَقَدْ نَجَّيْنَا بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنَ الْعَذَابِ الْمُهِينِ ﴿٣٠﴾ مِن فِرْعَوْنَ ۚ إِنَّهُ كَانَ عَالِيًا مِّنَ الْمُسْرِفِينَ ﴿٣١﴾ وَلَقَدِ اخْتَرْنَاهُمْ عَلَىٰ عِلْمٍ عَلَى الْعَالَمِينَ ﴿٣٢﴾ وَآتَيْنَاهُم مِّنَ الْآيَاتِ مَا فِيهِ بَلَاءٌ مُّبِينٌ ﴿٣٣﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, Бани Исроилга хорловчи азобдан. (30) Фиръавндан нажот бердик. Албатта, у мутакаббир ва ҳаддидан ошганлардан эди. (Фиръавн ва қавмини ҳалок қилиш билан биз Бани Исроилни азобдан озод этдик. Улар унинг қавми қўл остида азоб чекар эдилар.) (31) Батаҳқиқ, Биз уларни билиб туриб, оламлар ичидан танлаб олдик. (32) Ва уларга оят-мўъжизалардан ичида очиқ-ойдин синов бор нарсаларни бердик. (Аллоҳ таоло Бани Исроилга турли оят-мўъжизалар юборди. Уларда синов бор эди.) (33)
Мусо алайҳиссалом золим Фиръавнга қарши курашди. Фиръавн золим ва қонхӯр ҳукмрон эди. Фиръавнийлар Бани Исроил қавмини чидаб бӯлмас усулларда қийнашарди. Уларнинг ӯғил болаларини ӯлдириб, қизларини чӯри қилиб ишлатишарди. Бани Исроил қавмини энг оғир ишларда ишлатишарди.
Оқибат Парвардигори карим Бани Исроил қавмини Ҳазрат Мусонинг Илоҳий қиёми орқали зулмдан нажот бериб, бой-бадавлат бир қавмга айлантирди.
Бойликдан ташқари Аллоҳ таъоло уларга “Бақара” муборак сурасида келтирилган самовий таъом (ману салва) ёхуд харсанг тошнинг ёрилиб Бани Исроил қавмининг ӯн икки уруғи учун ӯн икки чашманинг пайдо бӯлиши каби бошқа афзалликларни ҳам ато айлади.
Аммо бу неъматларнинг барчаси синов воситаси эди. Зеро, Аллоҳ бир гуруҳни бало ва мусибат, бошқа бир гуруҳни эса неъмат билан имтиҳон қилади. Қуръон таълимотида қийинчилик ва азоб-уқубат ҳам, бойлик ва қудрат ҳам синов воситалари ҳисобланади. Бани Исроил қавми хӯрланган пайти ҳам, ноз неъматларга ғарқ бӯлган пайти ҳам синовда эдилар. Афсуски, улар бу неъматларнинг қадрига етмай, синовдан ӯтмадилар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳнинг элчисига кӯмаклашиб, унинг таълимотига эргашган қавм золимларнинг зулмидан нажот топади.
- Манманликка берилиш ва ӯз ҳад-ҳудудидан тажовуз қилиш фиръавний хислатдир, гарчи бу хислатларнинг эгаси Фиръавн бӯлмасада.
- Бирор бир қавм ё миллат ҳалокатининг рамзи уларнинг ярамас хислатларидир.
- Аллоҳ бир қавмни бошқалардан афзаллиги учун эмас, балки синаш учун бойлик ва ноз-неъматларнинг соҳибига айлантиради.
Энди "Духон" муборак сураси 34-36-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
إِنَّ هَـٰؤُلَاءِ لَيَقُولُونَ ﴿٣٤﴾ إِنْ هِيَ إِلَّا مَوْتَتُنَا الْأُولَىٰ وَمَا نَحْنُ بِمُنشَرِينَ ﴿٣٥﴾ فَأْتُوا بِآبَائِنَا إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ ﴿٣٦﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Албатта, анавилар дерлар: (34) «Биринчи ўлимимиздан бошқа ҳеч қандай ўлим йўқ ва биз қайта тирилтирилувчи эмасмиз. (35) Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни келтиринглар». (36)
Фиръавнийлар ва Бани Исроил қавмининг можаролари тугагач, бу ояти карималарда яна Макка мушрикларига қайтиб уларнинг қиёмат кунини инкор қилиш ҳақидаги қуйидаги гапларини келтиради: “Ҳаётнинг охири шу ӯлим билан тугайди. Қайта тирилиш деган нарса йӯқ”.
Улар ӯзларининг бу ботил ақидаларига шунчалик ишонишардиким, Аллоҳнинг пайғамбарига қарата дейишарди: ӯликларнинг тирилиши ҳақидаги гапларинг рост бӯлса, ӯлиб кетган ота-боболаримизни шу дунёдаёқ тирилтир, токим биз кӯриб, ишонч ҳосил қилайлик.
Аслида, қиёмат кунидаги қайта тирилиш инсонларни қилмишига яраша жазо ва мукофотлаш учундир. Аммо, бордию, Аллоҳнинг изни билан Расули акрам ӯликларни тирилтирганида ҳам улар бошқа баҳоналар келтириб, Аллоҳнинг элчисини сеҳргарга чиқариб, тағин ҳам иймон келтиришмасди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Мухолифларнинг нуқтаи назарини келтириб уларга жавоб қайтариш Қуръони каримнинг муминлар ақидасини мустаҳкамлашга қаратилган услубларидан биридир.
- Ӯлимдан кейинги ҳаётни инкор қилувчиларда ҳеч қандай далил-исбот йӯқ. Бу нарса кофирларнинг тарих давомидаги исбот-далилсиз иддаоларидир.