октябр 04, 2016 14:59 Asia/Tashkent

Қазвин шаҳридаги қадимий маконлар

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Айтиш лозимки, Қазвин шаҳрида Салжуқийлар, Сафавийлар ва Қожорлар салтанатлари даврида ўнлаб масжидлар қурилган ва уларнинг айримлари халқаро шуҳратга эга бўлишган. Бунга илова ушбу шаҳар ва унинг атрофида  кўплаб зиёратгоҳлар ва имомзодалар мақбаралари ҳам жойлашган. Мазкур масжид ва зиёратгоҳлар Эрон халқининг диққатини ўзига жалб этган. Масжид ан-Набий ва Имомзода Ҳусейн (а) бунга мисол бўла олади. Масжид ан-Набий бинонинг азамати, қурилиш услуби ва меъморчиликнинг  нафислиги  жиҳатидан Қазвиннинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланди.

Имом Ризо (а)нинг ўғиллари Имомзода Ҳусейн 780 йили вафо этган бўлиб, Қазвинда дафн этилган. Мақбара қурилишига мансуб энг қадимий сана қабрни ўраб турган ёғоч тўсиндаги 1385 йил деб ёзилган санадир. Асосий бинонинг барпо бўлиш вақти ҳам Шоҳ Сафавий даврига тўғри келади. Қазвиннинг хушманзара ва қулай иқлимга эга шимолий баландлик қисмида жойлашган  Имомзода Исмоил, Имомзода Султон, Саййид Муҳаммад, Пайғамбария ва  Эбазор мақбаралари шаҳарнинг бошқа машҳур зиёратгоҳ жойлари қаторига киради.

Қазвинда жойлашган Шайх Аҳмад Ғаззолий мақбараси  маҳаллий аҳоли орасида кўпроқ  “Аҳмад мақбараси”  номи билан шуҳрат топган.

Аҳмад Ғаззолий машҳур сўфий бўлиб, тахминан 1083-1106 йиллар орасида вафот этган.

Шунингдек, Қазвинда  бошқа машҳур шахсларнинг, жумладан,  Халил ибн Ғози Қазвиний мақбараси, Раис ул-Мужоҳиддин мақбараси (у Машрутият конституцион инқилобида курашиб вафот этган), Мир Иброҳим ибн Маъсум мақбараси, 1229 йили вафот этган  Пири Сафид номи билан шуҳрат топган Шайх Жамолиддин Рашид ал-Қутний (Нажмиддин Кубронинг шогирди) мақбаралари мавжуд.

Қазвин бозори мажмуаси ҳам  ўзининг қадимийлиги ва хос меъморчилиги билан  ушбу шаҳарнинг кўришга сазовор жойларидан ҳисоболанади. Қазвин бозори  мазкур шаҳрнинг маданий-тарихий маркази сифатида  Эроннинг энг гўзал ва қулай бозорларидан биридир.  Қазвин бозорининг тарихи Исломдан олдинги бўлган даврга бориб тақалади. Ушбу бозорнинг гўзаллиги  ўтмишда ҳам  ва ҳозирги  вақтда ҳам хорижий ва эронлик сайёҳларни ўзига жалб этган. Қазвин бозорларининг мажмуаси Сафавия даврида равнақ топади ва ҳар бир бозор бир саноатга ихтисослаштирилади  ҳамда  йўл ва йўллакчалар билан бир-бирларига уланади. Бозор мажмуасининг турли жойларида масжид, ҳаммом, саройлар ва кичик саройлар, тижорат марказлари ва ҳунармандларнинг иш жойлари бунёд этилган.  Шу сабабдан Қазвин бозорида мавжуд  меъморчилик унсурлари  бир-бирлари билан мураккаб бир шаклда уйғунлашган ҳамда мазҳабий –тижорат  мажмуаси  аҳолининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий эҳтиёжларидан келиб чиқиб шаклланган.

Қазвин бозоридаги биноларни безашда  ойнабанд ғиштлар, керамика ва гажкорлик усулларидан фойдаланилган ва чиндан ҳам бинолар чиройли бир кўринишга эга бўлишган. Ушбу бозор арк ва гунбазларга ҳам эгадир. Гунбазлар устида қурилган  нур ўтказувчи жойлар, нафақат  бозорларга зийнат беришган, балки ҳавони тозалашда муҳим  восита ҳисобланишади.

Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги    дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Маълумингизким, ўтган даврларда  Эроннинг кўплаб шаҳарларида эзгу ишларни амалга оширувчи шахслар халқни ичимлик суви билан таъминлаш ва ушбу сувларни тоза сақлаш учун турли иншоот ва суванборлар бунёд этишган. Гўзал дид билан қурилган ушбу бинолар ҳозирги вақтда санъат ва тарихий ёдгорликлар  қаторида жой олишган.  Қазвин шаҳрида ҳам бир қатор суванборлари қурилган ҳамда меъморчилик ва керамика, яъни кошикорлик жиҳатидан диққатга сазовордир.  Мазкур шаҳардаги “Сардори бузург” суванбори  Эроннинг бир гунбазли энг йирик суванборларидандир.  Ушбу суванборни Фатҳалишоҳ Қожорнинг амирлари Муҳаммад Ҳасанхон ва  Муҳаммад Ҳусейнхон Сардорлар томонидан қурилган. Ушбу суванбор камалак шаклида  қурилган арк ва баланд дарвозага эгадир. Сувни захира этувчи ушбу иншоотда сув олиш учун 12.5 метр пастга бориш лозим. Сув сақланадиган жой тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг кўлами 17 метрни ташкил этади. Суванборнинг  азим гунбази  ғиштдан қурилган ва унинг юқори қисмида бодгир ёхуд  ҳаво олувчи тешиклар қурилган. Сув сақланадиган жойдан  гунбазнинг учигача мазкур суванборнинг баландлиги   қарийб 28.5 метр ва сув сиғимининг  ҳажми 3600 куб метрни ташкил этади.

Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

Ёрлиқ