апрел 02, 2021 00:56 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл – 918

"Жосия" муборак сураси  9-14-ояти карималарининг  шарҳи

Дастлаб "Жосия" муборак сураси 9-11-ояти карималарининг  тиловатига қулоқ соламиз:

  وَإِذَا عَلِمَ مِنْ آيَاتِنَا شَيْئًا اتَّخَذَهَا هُزُوًا ۚ أُولَٰئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُّهِينٌ ﴿٩ مِّن وَرَائِهِمْ جَهَنَّمُ ۖ وَلَا يُغْنِي عَنْهُم مَّا كَسَبُوا شَيْئًا وَلَا مَا اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ ﴿١٠ هَٰذَا هُدًى ۖ وَالَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِ رَبِّهِمْ لَهُمْ عَذَابٌ مِّن رِّجْزٍ أَلِيمٌ ﴿١١ 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Қачонки Бизнинг оятларимиздан бирор нарса билса, уни истеҳзо қилади. Ана ўшаларга хорловчи азоб бордир. (9) Ва ортларида жаҳаннам бор. Уларга касб қилган нарсалари ҳам, Аллоҳни қўйиб тутган «дўстлари» ҳам ҳеч бир нарсада асқотмас. Уларга улкан азоб бордир. (10) Бу (Қуръон) ҳидоятдир. Роббилари оятларига куфр келтирганларга аламли азобнинг ашаддийси бордир. (11) 

Бундан олдинги оятларда Илоҳий оятларни эшитиб, улардан хабардор бӯлиб, аммо кибр-ҳавога берилган ҳолда уларни қабул қилишга ҳозир бӯлмаган одамлар ҳақида гапирилган эди.

Бу ояти карималарда буюрилади: Улар ӯзлари эшитган Илоҳий оятларни қабул қилмаслик билан бирга уни масхаралаб, пайғамбар ва муминларни таҳқир қилишади. Аллоҳ таъоло уларни дунё ва охиратда хору залил айлайди.

Қиёмат куни дунёда ишонган бойликлари ва сиғинган одамлари ҳам уларнинг мушкулини осон қилолмайди.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: бу Қуръон ҳидоят воситасидир. Ҳақни ботилдан ажратиб, инсоннинг ҳаёт йӯлини нуроний айлайди ва Ҳақ йӯлининг йӯлчиларини манзилга етказади. Аммо Парвардигорларининг оятларига куфр келтирадиган кимсалар учун оғир ва куйдиргувчи азобдир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қиёмат куни жазо ва азоб бандаларнинг гуноҳига яраша берилади. Шу сабабли масхаралаш ва камситишнинг жазоси хорлик ва зиллатдир.
  2. Кофирлар дунёда ӯзларининг бойлик, қудрат ва дӯстларига таянишади, аммо қиёмат куни уларнинг ҳеч бири ёрдам беролмайди.
  3. Илоҳий ҳидоятни бир четга суриб қӯйган киши қиёмат куни азоб-уқубат чекишига сабаб бӯладиган палидлик ва фисқ-фужурга гирифтор бӯлади.

Энди "Жосия" муборак сураси 12-13-ояти карималарининг  тиловатига қулоқ соламиз:

۞ اللَّهُ الَّذِي سَخَّرَ لَكُمُ الْبَحْرَ لِتَجْرِيَ الْفُلْكُ فِيهِ بِأَمْرِهِ وَلِتَبْتَغُوا مِن فَضْلِهِ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ ﴿١٢ وَسَخَّرَ لَكُم مَّا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مِّنْهُ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ ﴿١٣  

Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳ сизга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва сиз Унинг фазлидан исташингиз учун бўйсундириб қўйди. Шоядки, шукр келтирсангиз. (12) Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни—ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир. (13)

Бу ояти карималарда тавҳиднинг борлиқдаги нишоналарига ишора қилиниб, буюрилади:  Сиз тижорат мақсадида кемага ӯтириб, дунёнинг турли мамлакатларига сафар қиласиз.

Сувни кеманинг шунча юк ва йӯловчини кӯтариб,  чӯкмасдан турли мамлакатларга саломат етиб боришининг заминасига айлантирган  ким?!

Қизиғи шундаки, аҳли башарнинг машинасозлик ва темир йӯл саноатини ривожлантиришда қӯлга киритган муваффақиятларига қарамай, ҳалигача энг кӯп юклар кемалар орқали ташиб, манзилга етказилади. Сув йӯлларини қуриб, доимо янгилаб туриш шарт эмас, бу йӯллар ҳамиша инсониятнинг хизматига шай.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳ таъоло бутун борлиқни инсоннинг ӯз манфаатлари учун фойдаланиш заминаларини муҳайё айлаган. Аммо одамизод бунинг учун ҳатто миннатдорчилик билдириб, шукрона қилишни ҳам истамайди.
  2. Ислом таълимоти бӯйича одамизод яхши яшаш учун саъй-ҳаракат қилиши керак.
  3. Борлиқнинг турли ҳодисалари ҳақида тафаккур юритиш бизни Худога етказиб, қалбимизда маърифат асосидаги иймонни вужудга келтиради.

Энди "Жосия" муборак сураси 14-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُل لِّلَّذِينَ آمَنُوا يَغْفِرُوا لِلَّذِينَ لَا يَرْجُونَ أَيَّامَ اللَّهِ لِيَجْزِيَ قَوْمًا بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ ﴿١٤﴾

   Бу ояти карима   қуйидагича таржима қилинган:

Сен иймон келтирганларга айт. Аллоҳнинг кунларидан умидвор бўлмайдиганларни кечирсинлар. Токи У зот бу қавмни касб қилиб юрган нарсалари учун мукофотласин. (Эй Муҳаммад, сен мўминларга айт, улар ўзларига озор берган, келажакдаги Аллоҳнинг ҳисоб-китоб кунларидан ноумид бўлган кофирларни кечирсинлар. Бу эса, Аллоҳ таоло ўша мусулмон қавмни яхши касбларига кўра мукофотлаши учундир.) (14) 

Кофирларнинг Илоҳий оятларни эшитганларида кибр-ҳавога берилишлари, ва ботил ақидаларига маҳкам ёпишишлари борасида бу ояти каримада муминларга қарата буюрилади: қиёмат кунини инкор қилгувчи кишилар билан талашиб-тортишмай, уларни Худога топширинг, уларнинг жазосини Худонинг ӯзи беражак.

Албатта жаҳл ва нодонлик юзасидан ширк ва куфрга мубтало бӯлган кофирларга кенгбағирлик ва босиқлик билан муомала қилиш керак. Сизнинг кечиримлилик ва яхши муомалангиз уларни ғафлат уйқусидан уйғониб, Ҳақ динга қайтишларига сабаб бӯлиши ҳам мумкин. Аммо қасддан ҳақни қабул қилмайдиган кофирларга эътибор қаратмай, уларни  ӯз ҳолига қӯйинг.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Мухолифлар билан уларнинг шароитига қараб, турлича муомала қилиш керак.Баъзида уларга қарши курашиш, баъзида эса уларни ӯз ҳолига қӯйиб, Худога ҳавола қилиш керак.
  2. Аллоҳнинг жазоси амалимизга муносибдир.