Нур томон йӯл – 921
"Жосия" муборак сураси 26-32-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб " Жосия" муборак сураси 26-27-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
قُلِ اللَّهُ يُحْيِيكُمْ ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يَجْمَعُكُمْ إِلَىٰ يَوْمِ الْقِيَامَةِ لَا رَيْبَ فِيهِ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ ﴿٢٦﴾ وَلِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ يَوْمَئِذٍ يَخْسَرُ الْمُبْطِلُونَ ﴿٢٧﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Сен: «Аллоҳ сизларни тирилтирур, сўнгра ўлдирур, сўнгра сизларни (бўлишида) шубҳа йўқ қиёмат кунида жамлар. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деб айт. (26) Ва осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Қиёмат соати қоим бўладиган кунда, ўша кунда ботилчилар зиён тортурлар. (27)
Ӯтган дастуримизда қиёмат кунига иймон келтириш учун ӯз ота-боболарини тирилтиришни пайғамбар (с) ва мӯминлардан талаб қилган мункирлар ҳақида гапирилган эди. Бу ояти карималарда уларга жавобан буюрилади: Сизнинг ӯзингизга ким ҳаёт бағишлаган? Ӯз яратувчингизга ҳам мункирмисиз? Кимдир сизни яратганига ишонадиган бӯлсангиз, нега ӯша Яратувчи сизни қайта тирилтириши мумкинлигини тасаввурингизга сиғдиролмайсиз? Нега ақл-тафаккур юритиш ӯрнига ҳамма нарсани кӯз билан кӯрмоқчи бӯласиз?
Шубҳасиз, инсоннинг умри, зеҳни, ақл-тафаккур ва истеъдоди бу оламда унинг бебаҳо сармоясидир. Аммо модиюнчилар бу улуғ сармояларини ӯткинчи нарсаларга сарфлашади ва ёлғиз иймон ҳамда солиҳ амал иш берадиган қиёмат куни ӯзларига зиён қилганликларини англаб етишади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Инсоннинг биринчи ҳаёти унинг қиёмат кунидаги иккинчи ҳаётининг далилидир.
- Аксари одамлар яратилиш ҳақидаги оятлар устида тафаккур юритиш ӯрнига ҳамма нарсани ӯз кӯзлари билан кӯрмоқчи бӯлишади.
- Қиёматни инкор этувчилар қиёмат куни қанчалик зиён қилганларини англаб етадилар.
Энди "Жосия" муборак сурасининг 28-29 - ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:
وَتَرَىٰ كُلَّ أُمَّةٍ جَاثِيَةً ۚ كُلُّ أُمَّةٍ تُدْعَىٰ إِلَىٰ كِتَابِهَا الْيَوْمَ تُجْزَوْنَ مَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿٢٨﴾ هَٰذَا كِتَابُنَا يَنطِقُ عَلَيْكُم بِالْحَقِّ ۚ إِنَّا كُنَّا نَسْتَنسِخُ مَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ ﴿٢٩﴾
Ушбу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ҳар бир умматни тиз чўккан ҳолида кўрурсан. Ҳар бир уммат ўз номаи амалига чақирилур: «Бугунги кунда қилиб юрган амалларингиз бўйича жазо (ёки мукофот) олурсиз», (дейилур). (Яъни, қиёмат кунининг даҳшати кучлилигидан у куни ҳар бир умматнинг чўкаланиб қолган ҳоли кўрилади. Ўша кунда ҳар бир умматга, ҳар бир шахсга, бу дунёда қилган амаллари ёзиб борилган китоб кўрсатилади.) (28) «Мана бу китобимиз сизга ҳақни нутқ қилур. Албатта, Биз қилган амалингизни ёзиб турган эдик» (дейилур). (Яъни, мана бу номайи амал китоби фақат ҳақиқатни айтади. Ундаги барча гап ростдир, ёлғони йўқ. У дунёда нима амал қилсангиз, ўшани ўз вақтида аниқ ёзиб турган эдик. Энди шу асосда ҳисоб-китоб этамиз.) (29)
Бу ояти карималарда қиёмат маҳкамаси тасвирланган бўлиб, инсонлар қўрқув ва ҳадик туфайли ўзини йўқотиб қўйган ҳолда ўз масалаларининг ҳал бўлишини кутишмоқда.
Ояти каримада марҳамат қилинадики, ҳар бир уммат ўз китоби сари чақирилади. Ҳар бир кишининг ҳисоб-китоби аввалдан тайёрлаб қўйилган, чунки ҳар инсоннинг умри давомида бажарган, барча яхши ва ёмон ишларини ёзиб бориш учун илоҳий фаришталар тайинланган эди. Токи ҳеч нарса қолиб кетмаслиги ва бугунги қиёмат куни маҳкамасида инсон сабабсиз мукофот ёки жазо олаяпман, деб ўйламаслиги учун унга китобдан нусха берилади.
Ушбу дамда Aллоҳ тарафидан уларга хитоб этиладики, бу сизларга қарши гувоҳлик берувчи ва амалларингизни ошкор этувчи бизнинг китобимиздир. Тириклик чоғингизда нимани хоҳласангиз қилдингиз ва амалларингизнинг бирор жойда битиб қўйилишига ишонмас эдингиз, бироқ биз амалларингизни ёзиб олишга буйруқ берган эдик.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ўрганамиз:
1. Борлиқ ҳақ ва адолат асосида идора этилади ва ҳисоб-китобга эга. Инсоннинг барча амаллари ёзиб борилади.
2. Қиёматда бериладиган жазо ва мукофотлар мезони, бу дунёда қилинган яхши ва ёмон амалларга боғлиқ.
3) Ҳар бир инсон ўз яхши ва ёмон амаллари диққат ва воқеиятга мутаносиб равишда ёзиб борилувчи номайи аъмолга эга.
Энди "Жосия" муборак сурасининг 30-31-ояти карималари тиловатига қулоқ соламиз :
فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فَيُدْخِلُهُممْ رَبُّهُمْ فِي رَحْمَتِهِ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْمُبِينُ ﴿٣٠﴾ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُوا أَفَلَمْ تَكُنْ آيَاتِي تُتْلَىٰ عَلَيْكُمْ فَاسْتَكْببَرْتُمْ وَكُنتُمْ قَوْمًا مُّجْرِمِينَ ﴿٣١﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бас, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни Роббилари Ўз раҳматига киритур. Ана ўшанинг ўзи очиқ-ойдин ютуқдир. (30) Аммо куфр келтирганларга эса: «Ахир сизга Менинг оятларим тиловат қилинмаганмиди?! Бас, сиз мутакаббирлик қилдингиз ва жиноятчи қавм бўлдингиз. (31)
Қиёмат маҳкамаси сўнгида, инсонлар икки гуруҳга бўлинади ва ҳар икки гуруҳ ўз амалларига кўра мукофот ё жазо олишади.
Солиҳ мўминлар гуруҳи/ фосиқ кофирлар гуруҳи/
Имон аҳли дунё ва охиратда уларни саодатга элтувчи Aллоҳнинг лутф ва марҳаматига ноил бўладилар. Дарҳақиқат, ҳисоб-китобдан сўнг имон билан биргаликда солиҳ амалларгада эга бўлгангина Ҳақ таолонинг раҳматига эришади. Бироқ , кофирларга айтиладики, сизларга оятларим тиловат қилинмасмиди?! Лекин сизлар такаббур ва саркашликка берилдингиз. Ҳа, улар илоҳий раҳматдан маҳрум бўлиб таназзул ва ҳалокатга маҳкум бўладилар. Чунки ҳақни излаш ва қабул қилиш ўрнига, Aллоҳнинг сўзига қарши туриб, саркашлик қилдилар ва амалда ҳам ҳар қандай жиноятга қўл уришди.
Ушбу ояти карималардан қуйидагиларни ўрганамиз:
1. Имон ва солиҳ амал бир-биридан айро эмас ва ҳар иккиси ёлғиз ҳолда инсон саодатини таъминлаб бера олмайди. Имон солиҳ амаллар билан биргаликда шахс ва жамият саодатига олиб келади.
2. Такаббур ва саркашлик Aллоҳ баробарида куфр қилишнинг илдизидир. Aллоҳ ва унинг буйруқлари баробарида саркашлик ва куфр қилиш эса гуноҳ ва жиноятнинг илдизидир.
Энди "Жосия" муборак сураси 32-ояти каримасининг тиловатига қулоқ соламиз:
وَإِذَا قِيلَ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ وَالسَّاعَةُ لَا رَيْبَ فِيهَا قُلْتُم مَّا نَدْرِي مَا السَّاعَةُ إِن نَّظُنُّ إِلَّا ظَنًّا وَمَا نَحْنُ بِمُسْتَيْقِنِينَ ﴿٣٢﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Вақтики: «Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир ва (Қиёмат) соатида шубҳа йўқдир», дейилса, «Қиёмат соати нима эканини билмасмиз. Биз фақат гумон қиламиз, холос. Биз аниқ ишонгувчи эмасмиз, дедингиз», (дейилур). (Энди ҳолингизга нима бўлди? Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканми? Қиёмат соати қоим бўлар эканми? У ҳақидаги гапларингиз гумондан бошқа гап эмаслигини билдингизми?) (32)
Кофирларнинг Аллоҳ таолонинг оятлари баробарида такаббур ва саркашлиги ҳақидаги олдинги оятнинг давоми сифатида ушбу ояти каримада марҳамат қилинади: уларнинг такаббури белгиси шу эдики, иймон аҳли қиёмат ҳақида гапирганлари ва сизларга эслатган чоғи унга эътибор бериш ва тафаккур қилиш ўрнига айтдингиз: қиёмат энди нимаси? Ким уни кўрган ёки хабар берганки, қабул қилсак. Сиз мўминларнинг сӯзларингиз шак-шубҳали ва биз қиёмат воқеъ бўлишига ишонмаймиз.
Қизиғи шундаки, агар ўша кишиларга айтилганида: олов каби хатар сизнинг уйингизга хавф солмоқда, улар тезда ҳаракатга тушишарди ва хавф эҳтимолини бартараф этишарди. Бироқ, қиёмат ҳақида, ҳатто унинг тўғри бўлиши эҳтимоли ҳақида ҳам қайғуришмасди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ўрганамиз:
1. Имон аҳли ҳақ сўзини барчанинг қулоғига етказишлари керак, токи уларга ҳужжат тамом бўлсин. Aгарчи аксарият одамлар уни қабул қилмайдилар.
2. Қиёматнинг воқеъ бўлиш эҳтимоли ҳам инсонларни гуноҳлар ва жиноятларга дучор бўлишдан сақлаши лозим, чунки унинг хатари ва зиёни жуда катта.