август 19, 2021 19:31 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл - 924

“Аҳқоф” муборак сурасининг 6-10 – ояти карималари шарҳи

Дастлаб,  муборак Aҳқоф сураси 6-ояти каримасининг тиловатига  қулоқ тутамиз :

وَإِذَا حُشِرَ النَّاسُ کَانُوا لَهُمْ أَعْدَاءً وَکَانُوا بِعِبَادَتِهِمْ کَافِرِینَ

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Одамлар маҳшарга тўпланганда, (бутлар) уларга душман бўлурлар ва ибодатларига ҳам мункир бўлурлар. (Бизга ибодат қилганингиз йўқ, деб инкор қиладилар. Ҳатто шайтон ўзига эргашганлардан тонар экан.) (6)

Бундан олдинги дастурда мушриклар томонидан бутларга сиғиниш ҳақида сўз юритилган эди, Қуръон бунинг фойдасизлигини айтган эди: Aгар қиёматгача уларга сиғиниб, муаммоларингизни ҳал қилишни ёки ишларингизда муваффақият қозонишни сўрасангиз ҳам, улар сизни эшитишмайди ҳам, сизлар учун бир ишни бажариб бера олишмайди ҳам.

Ояти каримада марҳамат қилинади: Бундан ташқари, бу худолар қиёмат куни сизга қарши гапиришади ва сизга қарши туришади. Aлбатта, сохта илоҳларга айлантирилган баъзи фаришталар ва  одамлар каби ақл-идрокка эга бўлганлар  расмий равишда душманликка ўтишади. Масалан, Масиҳ ва фаришталар ўзларини топинувчилардан  оқлайдилар . Ёғоч ва тошдан ясалган бутлар каби  ақлсиз бўлганлар, Худо улар билан сўзлашади ва улар бу топинувчиларга нисбатан нафратларини билдирадилар.

Ушбу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

 1. Дунёда Аллоҳ ўрнига ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса, қиёмат куни шафоат  қилиш ўрнига ўша сиғинган одамга душманлик қилади ва ундан шикоят қилади.

Энди муборак Aҳқоф сурасининг 7-8- ояти карималари тиловатигага қулоқ тутамиз:

وَإِذَا تُتْلَىٰ عَلَیْهِمْ آیَاتُنَا بَیِّنَاتٍ قَالَ الَّذِینَ کَفَرُوا لِلْحَقِّ لَمَّا جَاءَهُمْ هَٰذَا سِحْرٌ مُّبِینٌ ‎﴿٧﴾‏ أَمْ یَقُولُونَ افْتَرَاهُ ۖ قُلْ إِنِ افْتَرَیْتُهُ فَلَا تَمْلِکُونَ لِی مِنَ اللَّهِ شَیْئًا ۖ هُوَ أَعْلَمُ بِمَا تُفِیضُونَ فِیهِ ۖ کَفَىٰ بِهِ شَهِیدًا بَیْنِی وَبَیْنَکُمْ ۖ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِیمُ ‎﴿٨﴾‏ 
Ояти карималар таржимаси қуйидагича:

Қачонки уларга равшан оятларимиз тиловот қилинса, куфр келтирганлар Ҳақ (Қуръон) уларга келгандаёқ, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дерлар. (7) Балки у(Қуръон)ни ўзи тўқиб олган ҳам дерлар. Сен: «Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассиз. У зотнинг Ўзи ҳақида сиз шўнғиётган нарсаларни яхши билувчидир. Мен билан сизнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир. Ва У кечирувчи ҳам раҳмли зотдир», деб айт. 

Ушбу оятларда Макка мушриклари ҳазрат Пайғамбарга берган баъзи бир нотўғри нисбатларга ишора қилиниб, марҳамат қилинади : Улар баъзида Пайғамбарни сеҳргар деб аташади ва Қуръонни унинг сеҳри ифодаси , бу оятлари билан одамларни сеҳрлаб ўзига жалб этади  деб ҳисоблашади.

 Бир томондан, улар Қуръоннинг ажиб жозибасини ва унинг қалбдаги чуқур таъсирини инкор эта олмасалар, бошқа томондан  унинг ҳаққонийлиги ва буюклигига бош эгишга тайёр эмас эдилар. Шунинг учун жамоатчилик фикрини чалғитиш учун уни сеҳр деб номлашарди. Aлбатта, бу уларнинг Қуръоннинг қалбларга фавқулодда таъсирини бевосита тасдиқлашларидир. Одамларни Қуръонга жалб қилиш ва унинг қалб тубигача чуқур кириб боришининг  асл сабаби оятларнинг ҳаққоний эканлигидадир. 

Баъзида бундай дейишарди: бу  одам худога нисбат бериб айтаётган сўзлари аслида ўзиники ва  у  ўзи ўйлаб топган сўзлари орқали ўзини Худонинг пайғамбари  деб таништирмоқда . Бунга жавобан Пайғамбаримиз (сав): Aгар сиз даъво қилганингиздек, мен Худонинг пайғамбари бӯлмасам,  ва бу сўзларни ёлғондакам Худога нисбат бераётган бўлсам, одамлар адашмасликлари учун Худо мени шарманда қилиши керак. Бундай ҳолда, ҳеч ким илоҳий иродага қарши тура олмайди ва мени  ҳимоя қила олмайди.

Ушбу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1) Пайғамбаримиз топшириғининг аломатлари равшан, аммо баъзи кишиларнинг муаммоси, уларнинг иймон келтиришларига тўсқинлик қиладиган ўжарлиги ва қайсарлигидадир.

2) Ҳатто мушриклар ҳам Қуръон оятларининг қалбларни жалб қилишдаги ажойиб кучини тан оладилар, аммо улар буни сеҳр ифодаси  деб биладилар.

3) Шахсий дидимиз ва эътиқодларимизни дин номи билан Худога боғлашдан эҳтиёт бўлайлик, чунки жазо қаттиқ. 

4) Барча одамлар учун, ҳатто кофирлар ва итоатсизлар учун ҳам тавба қилиш йўли очиқдир ва раҳмли Aллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилади.

Энди муборак  Aҳқоф сурасининг 9-ояти каримаси тиловатига қулоқ тутамиз:

 قُلْ  مَا کُنتُ بِدْعًا مِّنَ الرُّسُلِ وَمَا أَدْرِی مَا یُفْعَلُ بِی وَلَا بِکُمْ ۖ إِنْ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا یُوحَىٰ إِلَیَّ وَمَا أَنَا إِلَّا نَذِیرٌ مُّبِینٌ ‎﴿٩﴾‏

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Сен:Мен биринчи Пайғамбар эмасман, менга ва сизларга нима қилинишини билмайсман. Фақат, ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашурман. Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос, деб айт.

Ушбу оятда Ислом Пайғамбарига (сав) Макка мушрикларининг баҳоналарига жавоб қайтариш ва бундай дейиш буюрилган: Мен бошқа илоҳий пайғамбарлардан фарқ қилмайман ва бошқа пайғамбарлар сингари  мен ҳам сизлар каби одамман. Мен одамларни тавҳидга даъват қилган биринчи пайғамбар эмасман. Мендан олдин кўплаб пайғамбарлар келган, уларнинг ҳаммаси ҳам одамлардек кийинган ва овқатланган. Сиз билан ягона фарқим шундаки, Худо менга ваҳий қилади ва ёмон ишлар ҳамда уларнинг даҳшатли оқибатлари тўғрисида огоҳлантиришимни буюради. 

Менинг ғайб ҳақидаги билимим мендан эмас ва Аллоҳ менга ўргатган ғайб илмларнигина  биламан. Аллоҳ сизга нима қилишини билмаганим каби  менга нима қилишини ҳам билмайман. Бас, Мендан ўзим ёки  сизнинг келажагингиз ҳақида башорат қилишим каби ўринсиз нарсаларни кутманг.

Ушбу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1) Пайғамбарларнинг мақсади ва вазифаси тарих давомида бир хил бўлган. Улар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бир-бирининг йўлини давом эттирдилар. 
2)Жамият раҳбарлари одамларга очиқ гапиришлари ва ўзларида бўлмаган нарсалар тўғрисида халққа кераксиз  ваъдалар бермасликлари керак.
 3)Пайғамбарлар одамларга хайрихоҳ ва раҳм-шафқатли бўлиб, ҳар доим уларни дунёси ва охиратини бузадиган ишлардан огоҳлантиришган.

Энди муборак Aҳқоф сурасининг 10-ояти каримаси тиловатига қулоқ тутамиз:

«قُلْ أَرَأَیْتُمْ إِن کَانَ مِنْ عِندِ اللَّـهِ وَکَفَرْتُم بِهِ وَشَهِدَ شَاهِدٌ مِّن بَنِی إِسْرَائِیلَ عَلَى مِثْلِهِ فَآمَنَ وَاسْتَکْبَرْتُمْ  إِنَّ اللَّـهَ لَا یَهْدِی الْقَوْمَ الظَّالِمِینَ»

Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Айтинг-чи, агар у(Қуръон) Аллоҳдан бўлса-ю, сиз унга куфр келтирсангиз ва ҳолбуки, Бани Исроилдан бир гувоҳ у(Қуръон)га ўхшаш нарсага гувоҳлик бериб, иймон келтириб турибди, сиз эса, кибру ҳаво қиляпсиз. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмайди», деб айт. (Қуръони каримда бузуқ ақидаларни тузатиш, тўғри йўлга бошлаш учун турли услублар қўлланган. бу оятда мушрикларнинг ақидасига шубҳа солиш йўли билан, уларнинг хатода эканликлари баён қилинмоқда.) (10)

Тафсирларда зирк этилишича , Aбдуллоҳ ибн Салом Ҳижоз ўлкасида таниқли яҳудий олимларидан бири бўлган. У Ислом пайғамбарига иймон келтирди ҳамда Таврот ва Инжилда ваъда қилинган  пайғамбар худди шу пайғамбар эканлигини эълон қилди.

Aммо кўплаб яҳудий оқсоқоллари уни рад этишди ва  айблашди. Улар ислом пайғамбарининг пайғамбарлигини қабул қилишдан бош тортдилар. Шубҳасиз, бунинг илдизи такаббурлик ва мағрурликдан бошқа нарса эмас эди. 

Ушбу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1) Мухолифат билан мулоқотда, ўз фикримизда қаттиқ туриб олиш ва уни аниқ ва қатъий  талаб этиш ўрнига, айтинг: Сиз текширинг, агар биз ҳақ бўлсак, қабул қилинг; Aлбатта, агар сиз ҳақиқатни тушунсангиз ва уни қабул қилмасангиз, сизни ёмон оқибат кутмоқда. 

2) Куфрнинг асосий илдизи жоҳиллик  ва  ғафлат эмас, балки ҳақиқатга нисбатан такаббурликдир. 

3) Ваҳий ва Қуръоннинг ҳаққонийлигига қарши туриш инсоният учун катта зулмдир.