Нур томон йўл -- 927
Aҳқоф сураси 19 - 23 - ояти шарҳи
Дастлаб муборак Аҳқоф сурасининг 19-ояти каримаси тиловатига қулоқ тутамиз:
«وَلِکُلٍّ دَرَجَاتٌ مِّمَّا عَمِلُوا وَلِیُوَفِّیَهُمْ أَعْمَالَهُمْ وَهُمْ لَا یُظْلَمُونَ»
Ушбу ояти кариманинг таржимаси қуйидагича:
«Ҳар бирларига қилган амалларига яраша даражалар бордир. Ва уларга амалларининг (мукофат ёки жазоси) тўлиқ берилур ва уларга зулм қилинмас.»
Олдинги дастурда икки гуруҳ одамлар ҳақида сўз юритилган эди: бири ота-онасига яхшилик қилувчи ва Aллоҳ таолога иймони бор одамлар, бошқаси эса Aллоҳнинг мавжудлигини инкор этадиган ва ота-онасининг ҳақларини инобатга олмайдиган кимсалар.
Ушбу оятда айтиладики: Қиёмат куни Aллоҳ ҳар икки гуруҳнинг ҳар бирини қилмишига ва хатти-ҳаракатига қараб жазолайди ва мукофотлайди ва бу ҳар бирининг даражалари ва мартабалари, ният ва амалининг қандай эканлигига кўра турлича бўлади.
Оятнинг давоми жазо ва мукофот тизимидаги илоҳий адолатни таъкидлаб, шундай дейди: Ҳар ким ўз ишининг натижасини тўлиқ олади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди.
Ушбу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Ҳар кимнинг дунё ва охират тақдири ўз қўлида, инсоннинг қиёматдаги ўрни унинг бу дунёдаги нияти ва амалига боғлиқ.
2. Вақт ўтиши билан одамларнинг амаллари йўқ бўлиб кетмайди, балки амалларнинг асли ва унинг оқибати инсонларнинг амал дафтарчасига қайд этилади ва қиёматда тўлиқ равишда кўрсатилади. Бу қиёматдаги инсоннинг жазоси ёки мукофотининг асосий манбаидир.
Энди муборак Aҳқоф сурасининг 20 - ояти каримаси тиловатига қулоқ тутамиз:
«وَیَوْمَ یُعْرَضُ الَّذِینَ کَفَرُوا عَلَى النَّارِ أَذْهَبْتُمْ طَیِّبَاتِکُمْ فِی حَیَاتِکُمُ الدُّنْیَا وَاسْتَمْتَعْتُم بِهَا فَالْیَوْمَ تُجْزَوْنَ عَذَابَ الْهُونِ بِمَا کُنتُمْ تَسْتَکْبِرُونَ فِی الْأَرْضِ بِغَیْرِ الْحَقِّ وَبِمَا کُنتُمْ تَفْسُقُونَ»
Ушбу ояти кариманинг таржима қуйидагича:
«Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда (уларга): «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз. Бугунги кунда ер юзида ноҳақ кибру ҳаво ва фисқу фасод қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланасиз», дейилур.»
Илоҳий иноят ва раҳм-шафқат дунёдаги барча инсонларни ўз ичига олади, хоҳ мўмин бўлсин, хоҳ кофир ва Aллоҳ кофир ва мушриклардан моддий ва дунёвий неъматларини аямайди.
Ушбу оятда шундай дейилган: Дунёда кофир ва гуноҳкорлар моддий лаззатланишдан ва илоҳий неъматлардан етарлича баҳраманд бўлдилар ва ҳеч нарсадан маҳрум бўлмадилар, лекин жазо ва мукофот куни бўлмиш қиёматда улкан илоҳий раҳмат фақат пок ва солиҳ инсонларни ўз ичига олади. Шубҳасиз, дунёда ҳаққа қарши турганлар, ўжарлик ва такаббурлик туфайли ҳақиқатни қабул қилишдан бош тортганлар ўша куни қаттиқ жазога дуч келишади.
Ушбу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Дунёда илоҳий неъматлардан баҳраманд бўлиш, Aллоҳга иймон келтириш билан боғлиқ эмас, балки Aллоҳ барча мавжудотларига, шу жумладан инсонларга берадиган ризқдир.
2. Кибр ва такаббурлик амалда фисқу-фужр ва тўғри йўлдан оғишга олиб келади.
3. Қиёмат кунидаги хорлик ва зиллат бу дунёда мағрурланиб, куч-қудрат ва буюкликка даъво қилганларнинг жазосидир.
Энди муборак Aҳқоф сурасининг 21 -23 - ояти карималари тиловатига қулоқ тутамиз:
«وَاذْکُرْ أَخَا عَادٍ إِذْ أَنذَرَ قَوْمَهُ بِالْأَحْقَافِ وَقَدْ خَلَتِ النُّذُرُ مِن بَیْنِ یَدَیْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا اللَّـهَ إِنِّی أَخَافُ عَلَیْکُمْ عَذَابَ یَوْمٍ عَظِیمٍ»، «قَالُوا أَجِئْتَنَا لِتَأْفِکَنَا عَنْ آلِهَتِنَا فَأْتِنَا بِمَا تَعِدُنَا إِن کُنتَ مِنَ الصَّادِقِینَ»، «قَالَ إِنَّمَا الْعِلْمُ عِندَ اللَّـهِ وَأُبَلِّغُکُم مَّا أُرْسِلْتُ بِهِ وَلَـکِنِّی أَرَاکُمْ قَوْمًا تَجْهَلُونَ»
Ушбу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Ўз қавмини қум тепаликларда «огоҳлантирган Однинг биродарини эсла! Ва ҳолбуки, ундан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар ўтган. «У зотдан ўзгага ибодат қилманглар, албатта, мен улуғ кунда бошингизга тушадиган азобдан қўрқурман», (деб).»
«Улар:«Бизни худоларимиздан оздиришга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», дедилар.»
« У:«Албатта, илм Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен нима билан юборилган бўлсам, шуни етказмоқдаман. Лекин сизларнинг жоҳил қавмлигингизни кўриб турибман», деди.»
Ушбу оятларда Ҳуд ва унинг қавми ҳақида ҳикоя қилинади ва шундай марҳамат қилинади: Ҳуд ҳам бошқа илоҳий пайғамбарлар каби одамларни ширк ва бутпарастлик ва ёмон ишлардан огоҳлантирган. Aммо улар ўзларининг нотўғри ишлари ҳақида фикрлаш ва мулоҳаза қилиш , сохта худоларга сиғинишдан воз кечиш ўрнига, пайғамбарларидан ўзларига бу дунёда ваъда қилинган азобни беришларини сўрашди. Ҳолбуки, жазо Aллоҳнинг қўлида ва пайғамбарлар уни жорий қилинишида дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай рол ўйнамайдилар.
Шунинг учун Ҳазрат Ҳуд шундай жавоб берди: Сиз мендан сўраган нарсангиз менинг қўлимда эмас ва унинг илми Aллоҳ таолога тегишли. Мен фақат Худонинг буйруқларини етказиш ва сизни тавҳидга даъват қилиш билан шуғулланаман. Мен сизни сўзларимни қабул қилишга мажбурламайман ва ҳеч кимни жазолай олмайман. Сизнинг бу қайсарлигингиз ва Ҳақни тан олмаслигингизнинг илдизини мен ҳақиқатни тушунмаслигингизга ва унга ишонмаслигингизга олиб келадиган жаҳолат ва нодонликда кўраман.
Ушбу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Пайғамбарларнинг мушрик ва бузуқ миллатларга қарши биринчи вазифаси уларни хавф-хатар ҳақида огоҳлантириш эди.
2. Тарих давомида барча пайғамбарларнинг мақсади ва шиори битта бўлган, ягона Aллоҳга сажда қилиш ва ҳар қандай ширк ва куфрдан сақланиш.
3. Aгар инсон қиёматнинг келишига ишонса, ўзининг дунёдаги амаллари ва хатти-ҳаракатларини ислоҳ қилади.
4. Пайғамбарларнинг вазифаси одамларни ибодат қилишга мажбурлаш эмас, балки илоҳий рисолатни етказиш эди.
5. Қавм ва қабилавий урф-одатларга нисбатан мантиқсиз таассуб одамларнинг жоҳиллигидан далолат беради ва уларнинг ҳақиқатни тушунишдан узоқлашишига олиб келади.