октябр 18, 2016 15:32 Asia/Tashkent

Аламут қалъаси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Сайёҳат қилишнинг азиз ишқивозлари, ёдингизда бўлса, ўтган сўҳбатимизда Қазвин шаҳрининг  ҳаммом ва   археологик музейи ҳақида сизга маълумот берган эдик. Ушбу бинолар ҳам  шаҳарнинг қадимий ёдгорликларидан ҳисобланади. Мазкур шаҳарда энг йирик бўлган ушбу ҳаммом ҳижрий-қамарий 1057 йилда  шоҳ Аббос Сафавий сардорларидан бўлган Амиргунахон Қожор Қазвиний орқали қурилган ва ўша вақтда “Ҳаммоми шоҳи” номланган.

Қазвин ҳаммоми биносининг масоҳати  қарийб 1045 квадрат метрни ташкил этади. Ушбу ҳаммом уч  асосий қисмдан: сарбина, миёндар ва гармхонадан иборат бўлиб, эркаклар ва аёллар учун алоҳида қисмлар ташкил этилган. Ҳаммомнинг асосий эшиги жануб томон очилади ва илонга ўхшаган зинапоялар орқали сарбина, яъни ҳаммомнинг асосий кириш жойига борилади. Ҳаммомга  йирик кириш жойининг ўртасида  чиройли ҳовуз қурилган ва у бир йўлак орқали  гармхонага уланган. Ушбу тарихий бино шамсий  1379 йилда Қазвин маданий мероси ва саёҳлик идораси томонидан сотиб олинади ва қайтадан таъмирланиб, археологик музейга айлантирилади. Қажар номланган ушбу археологик музейи

Уч қисмга бўлинган. Ҳар бир қисмда турли  қавмларнинг ҳаётларини, миллий  удумларини ва машғул бўлган касбларини ифода этувчи  муҳим экспонатлар сақланмоқда. Шу сабабдан ушбу музейни кўплаб кишилар томоша қилишади.

Аламут  бугунги кунда Қазвин шимолидаги тоғларнинг бир бўлаги бўлиб,  унинг  шуҳрати муайян муддатда  Исмоилия фирқаси раиси Ҳасан Сабоҳ ва унинг ўринбосарлари ҳукумати қароргоҳи   жойлашган  қалъа  билан боғликдир. “Бургут уяси”  номи билан ҳам машҳур бўлган ушбу қалъа  баландлиги 2100 метрга эга тоғ устида жойлашган. Қалъанинг  тўрт тарафида жарликлар мавжуд ва унга киришнинг йўли фақат шимоли-шарқий бурчакнинг охири  орқали бўлган.

Аламут қалъасининг қурилиши Ҳамдуллоҳ Муставфийнинг китоби “Нузҳатулқулуб”да ёзилишича, ҳижрий-қамарий 246 йилда амалга оширилгани зикр этилган. Мавжуд манбаларда  таъкидланишича, ушбу қалъа Пайғамбар хонадонидан бўлган Ҳасан бин Зайд Алавийнинг фармони билан қурилган. Ҳижрий 483 йилда эса бу қалъани  Ҳасан Сабоҳ қўлга киритади ва ҳижрий 654 йилгача Исмоилия фирқаси бошлиқларининг қароргоҳи бўлган. Бироқ  мўғул ҳукмдори Ҳелокухон буйруғи билан ушбу қалъа бузиб ташланади. Мўғуллар  исмоилийлар томонидан ушбу қалъада ташкил этилган нодир  кутубхонани ҳам қўлга  киритишади. Ҳелокухон  ушбу кутубхонани ҳам нобуд этиш фармонини беради. Аммо эронлик тарихчи ва адиб Атомалик Жувайний Ҳелокухондан нодир китобларни ушбу кутубхонадан ажратиб олиш рухсатини олади, токи у ушбу йўл билан Қуръон китоби ва бошқа қадимий китоблар нусхаларини ҳамда астрономия фани учун яратилган  асбоб-анжомларни ажратиб олсин.  Мазкур кутубхонанинг бошқа китоб ва нарсаларини ёқиб юборишади. Кейинчалик ушбу қалъани сургун  қилиш жойи ва зиндон ўрнида ишлатишади. Шоҳ Таҳмосб савафий ҳукумати давригача ушбу қалъанинг биноси бутун бўлган. Аламут қалъаси кейинчалик бир неча муддатгача  Гилон ва Мозандарон ҳукмдорларининг қўллари остида ҳам бўлган ва бир неча бор таъмирланган. Аммо афсуски, Қожор даврида ушбу қалъада хазиналар топиш учун олиб борилган қазилма ишлари натижасида қалъанинг  кўплар жойларига катта  зарарлар етказилган.  

Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги    дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Мазкур минтақада яшовчи аҳоли Аламут қалъасини “Ҳасан қалъаси” деб аташадики, икки қисмдан иборатдир. Унинг ғарбий қисми кўпроқ баландликларга эга бўлиб, уни юқори қалъа ва ёки йирик қалъа деб аташади. Қалъанинг шарқий қисмини пастки қалъа ва ёки кичик қалъа  деб номлашган. Қалъанинг узунлиги қарийб 120 метр бўлиб, унинг кенглиги 10 метрдан 35 метргача етади. Мазкур қалъада узоқ йиллар  давомида кўплаб одамлар гуруҳлари яшаганлари боис сувга ҳам эҳтиёж сезишган. Шу сабабдан қалъа қурувчилари унда  юксак маҳорат  билан сувни захира этувчи иншоотлар яратишган. Қалъанинг суви унинг шимолидаги тоғ этагида жойлашган  Кулдар булоғидан таъминланган.

Қалъанинг шарқий қисми аскар ва уларнинг оилалари яшовчи макон бўлган. Унинг ғарбий қисмида  учта сув захира этувчи кичик  иншоот  ва тош бағрида ўялган бир неча уйлар ҳам бўлганки, ҳозирги вақтда улар бузилиб кетган.  Қалъанинг юқори ва пастки қисмлар ўртасида бир майдон жойлашган. Унинг атрофидаги девор  қалъани икки қисмга бўлган. Мазкур майдон ўртасида кўплаб бино ва қурилишлардан қолган қолдиқларни кузатиш мумкин. Мазкур қалъанинг шимолий, жанубий ва шарқий маноралари ҳам ҳозиргача сақланган бўлиб, шарқий манора эса кўпроқ бутун ҳолида қолган.

Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

Ёрлиқ