июл 23, 2016 14:48 Asia/Tashkent

Мирзо Абдулқодир Бедилнинг ҳаёти ва ижодиёти

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Жаҳон шарқшунослик фанида Бедил ҳаёти ва ижодига бағишланган ишлар кўлами ва илмий савиясини кўз олдимизга келтирар эканмиз, олимларнинг олиб борган ишларини илмий-назарий жиҳатдан ҳам, методологик тадқиқ нуқтаи назаридан ҳам биринчи ўринга қўйишимиз зарур.

Йигирма ёшида биринчи марта шеърларини жамлаган Бедил умри давомида кўп йўлларни босиб ўтди. Халқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларини кўрди, буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватлиликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди...

Ниҳоятда сермаҳсул, тинмас ва изланувчан шоир бўлган Бедил катта мерос қолдирди. Унинг «Куллиёт»ига киритилган асарларининг ўзи 130 минг мисра шеър ва 50 босма тобоқдан ортиқ насрни ташкил этади.

Энг долзарб жанр ҳисобланган рубоийлар ёзишда ҳам Мирзо Бедил катта меҳнат қилди.

Мирзо Бедил ўз фалсафий қарашларини одатда очиқдан очиқ фалсафий тушунчалар асосида эмас, балки шеърий услубда, диний-ақидавий сўзларни ишлатиш, уларни теологик либосларга ўраб ифодалайди. Бунга уни ўз давридаги сиёсий ва маънавий тазйиқ мажбур қилади.

Мирзо Бедил зўр меҳнат қилиш имкониятига эга бўлиб, у жуда унумли ижод қилади. Унинг биргина “Куллиёт” номли тўпламига 16 асари кирган бўлиб, бу асарлари ичида фалсафий масалаларга бағишланганлари қуйидагилардир: “Чор унсур” (“Тўрт унсур”) асари, “Ирфон” (“Билим”) номли шеърий поэмаси, “Нукот” (“Ҳикматли сўзлар”) асари. У бу асарларида тўрт унсур: ҳаво, сув, ер, олов тўғрисида ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамларнинг пайдо бўлиши ҳақида баён этади, ҳамда фалсафа, социология, теология, тарих, тиббиёт ва адабиётнинг турли масалаларига тўхталади, бунда диний-теологик ва тасаввуф терминларини ишлатиб, борлиқ, материя, майда бўлакчалар, жонсиз ва жонли табиат, жонли табиатнинг пайдо бўлиши ҳақида муҳокама юритиб, ўз қарашларини баён этади.

Умуман, Мирзо Бедилнинг дунёқараши пантеистик бўлиб, унинг фалсафий фикр ва ғоялари диний-теологик ва тасаввуфий тушунчалар қобиғига ўралган ҳолда ифодаланган.

Академик И. Мўминов тадқиқотига кўра, Мирзо Бедилнинг пантеизми – бу ваҳдати–вужуд ва ваҳдати–мавжуддир. “Пантеизмни деб ёзади у — асосан икки оқимга бўлиш мумкин: биринчиси – “ваҳдати–вужуд” жисмоний бирлик бўлиб, унинг қоидаси: “Дунё – худо демак”дир, иккинчиси – араб фалсафасида – “Ваҳдати – мавжуд” (олам бирлиги), деб аталган оқим бўлиб, унинг қоидаси: “Худо – дунё демак”дир, — деб ифодаланади.”[1] Пантеизмининг биринчи оқими вакиллари худони ўзидан суюқлик чиқариб, иплар ҳосил қилган ўргимчакдай, худо ҳам ўзидан нур чиқариб, бутун борлиқни ҳосил қилади, шу туфайли ҳамма нарсада худо ифодаланади, худо ҳамма нарса билан бирдир, деб ҳисоблайди. Пантеизмнинг иккинчи оқими вакилларининг айтишича, “Ваҳдати–мавжуд” (“олам бирлиги”)– бу “Худо – дунё демак”дир, деган қарашдан келиб чиқиб, жисмоний олам, нарсалар дунёси ҳақиқий эмас, ҳақиқат фақат худода мужассам этилгандир. Пантеизмни бундай талқин қилиш ислом дини, калом фалсафаси ҳамда тасаввуф фалсафасига ҳосдир.

Мавзуни  таҳлилчи   Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Заҳм ўлди яна чашми пуроб ўлди, бизим дил,

Рангин қадаҳ ичра қон шароб ўлди, бизим дил.

Гулбоғу чаман фаслида тош ўлса у кўнгил,

Дашт узра ғубор ўлса-да, об ўлди, бизим дил.

Васл анжумани ичра ҳаё жом бўлибдур,

Об ўлса агар бодаи ноб ўлди, бизим дил.

Не ҳосил, аё нола, бул оташ нафасингдан,

Қон бўл, сени деб бўйла кабоб ўлди, бизим дил.

Бир чашма-ку тўфони хаёл ичра бу олам,

Бедил, на илож, эмди сароб ўлди, бизим дил.

Мирзо Бедил ўз пантеизмида бу “ваҳдати–вужуд ” ва “ваҳдати– мавжуд” ларни ўзича ўзига хос талқин қилади. Унингча: “Ваҳдати –вужуд” бу “жисмоний бирлик бўлиб, унга оллоҳ бир, оллоҳ ягона, мавжуд нарсалар дунёси ҳақиқий эмас фақат ягона оллоҳгина ҳақиқий демакдир.” “Ваҳдати – мавжуд” эса, бу мавжудот бирлиги бўлиб, фақат реал воқеликдан иборат ягона моддий олам бор ва у оллоҳ билан бирдир демакдир. Мирзо Бедилнинг пантеизми айни шу: “ваҳдати мавжуд”га оид бўлиб, унга кўра табиат, олам абадий, оллоҳ шу оламнинг ўзида, унга сингиб кетган, шунинг учун биз оламдан воз кечмаслигимиз уни билишимиз лозим, дейди[2]. Демак, Мирзо Бедилнинг пантеизми ўзига хос бўлиб, у Шарқ мутафаккирларининг кўпчилиги каби ваҳдати – мавжуд позициясида турган.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.