Нур томон йўл (985)
Муборак Воқеьа сурасининг 57-74-ояти карималарининг шархи.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Аввал муборак Воқеьа сурасининг 57-62-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
نَحْنُ خَلَقْنَاکُمْ فَلَوْلَا تُصَدِّقُونَ، أَفَرَأَیْتُمْ مَا تُمْنُونَ، أَأَنْتُمْ تَخْلُقُونَهُ أَمْ نَحْنُ الْخَالِقُونَ، نَحْنُ قَدَّرْنَا بَیْنَکُمُ الْمَوْتَ وَمَا نَحْنُ بِمَسْبُوقِینَ، عَلَى أَنْ نُبَدِّلَ أَمْثَالَکُمْ وَنُنْشِئَکُمْ فِی مَا لَا تَعْلَمُونَ»، وَلَقَدْ عَلِمْتُمُ النَّشْأَةَ الْأُولَى فَلَوْلَا تَذَکَّرُونَ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
57 - Биз сизларни яратганимиз, ишонсаларинг-чи! 58 - Ўзингиз чиқарадиган манийни ўйлаб кўринг-а! 59 - Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?! 60 - Орангиздаги ўлимни Биз белгилаганмиз ва Биз ожиз эмасмиз. 61 - Сизнинг ўрнингизга сизга ўхшашларни алмаштиришдан ва сизларни ўзингиз билмайдиган ҳолда яратишдан. 62 - Ва дарҳақиқат, аввалги яратилишини билдингиз-ку, эсласаларингиз-чи!
Аввалги оятларда қиёмат кунини инкор қилувчилар ҳақида гапирган эдик; Бу оятлар қайта тирилиш сабабларига ишора қилиб, шундай дейилади: Ўзингизнинг яратилишингизда Аллоҳнинг қудратини кўрмадингизми? Бас, қандай қилиб қайта тирилишга шубҳа билдирасиз?
Ўзингиздан ташқари, фарзандларингиз ҳақида нима дейсиз? Сиз уларнинг яратувчисимисиз? Сиз шунчаки бачадонга нутфа қўясиз ва ҳомила даврининг 9 ойи давомида у қандай ўзгаришларга дучор бўлишини билмайсиз. Кичкина нутфани тўлиқ инсонга айлантириш сизнинг вазифангизми ва бунда сизнинг ролингиз борми?
Бошқа томондан, сизлардан биронтангиз ўз ўлимингизни тўхтатиб, ўлимдан қутула олдими? Сиз, ҳаётингиз ва ўлимингиз сизнинг қўлингизда бўлмаган ва ўз хоҳишингиз билан туғилмаган ва ўз хоҳишингиз билан ўлмайсиз, ўзингизни қайта яратишда Аллоҳ таолонинг қудратига қандай шубҳа қиласиз?
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Мантиқий саволлар бериш орқали Аллоҳни ва қиёматни инкор қилувчиларнинг ақли ва фитратини уйғотайлик, токи улар жавоб топиб, ҳақни қабул қилсинлар.
2. Қуръоннинг мухолифларнинг шубҳа ва гумонларига қарши усули ҳақорат ёки таҳқир ва масхара эмас, балки табиий ва аниқ далилларни қўллашдир.
3. Инсон ҳаёти ва ўлими унинг қўлида эмас. Инсоннинг яратилишида ҳам, унинг ўлимида ҳам ҳамма нарсани билувчи ва қудратли яратувчининг қудрати кўринади.
4. Ҳеч ким ўлимдан қочиб қутула олмайди ва бу илоҳий қисматни енголмайди. Албатта, ўлим ҳам бошқа ҳодисалар каби ҳикмат ва ҳисоб-китобларга асосланади.
Энди муборак Воқеьа сурасининг 63-67-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
أَفَرَأَیْتُمْ مَا تَحْرُثُونَ، أَأَنْتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ، لَوْ نَشَاءُ لَجَعَلْنَاهُ حُطَامًا فَظَلْتُمْ تَفَکَّهُونَ، إِنَّا لَمُغْرَمُونَ، بَلْ نَحْنُ مَحْرُومُونَ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
63 - Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а! 64 - Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми? 65 - Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз. Сизлар эса надоматда ажабланиб: 66 - «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. 67 - Балки маҳрум бўлганлармиз», (дейсиз).
Бу оятлар табиатдаги илоҳий қудратнинг яна бир мисолига ишора қилиб, шундай дейилади: Ернинг тубидан ўсимликлар ва дарахтлар етиштириш сизнинг ишингизми ёки Аллоҳнинг иши? Аллоҳ яратган уруғни тупроқнинг бағрига қўясиз ва унга Аллоҳ туширган сувни тўкиб суғорасиз. Бошқа томондан, қуёш нури ва иссиқлиги унга етиб боради. Бу омиллар ёрдамида уруғларнинг ўсиши таъминланади.
Шу ўринда савол туғилади: тупроқ, сув, ёруғлик ва иссиқлик сизникими ёки Аллоҳники? Уруғнинг бир томондан тупроқда илдиз отиб, бир томондан тупроқдан униб чиқиши, бу хусусиятни уруғга сиз ёки Аллоҳ берганми?
Агар Оллоҳ бу ўсиш омилларидан бирини олиб ташласа ва ўсимлик қуриб, унумсиз бўлиб қолса, қандай қилиб уни яшил ва ҳосилдор қилиш қиласиз?
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Бу дунёда тупроқнинг бағрига уруғ экиб, тупроқ бағридан яшил ўсимлик чиқарган ўша қудрат, ўлган одамдан қолган заррани ўстириб, қиёматда уни қайта тирилтириши мумкин.
2. Инсон меҳнати яратилишнинг воситачисидир. Гоҳида қорнда, гоҳида тупроқнинг бағрига уруғ экади. Лекин гўдакни яратувчи ва ўсимликни парвариш қилувчи бутун мавжудотнинг яратувчиси бўлган Аллоҳдир.
Энди муборак Воқеьа сурасининг 68-74-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
أَفَرَأَیْتُمُ الْمَاءَ الَّذِی تَشْرَبُونَ، أَأَنْتُمْ أَنْزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنْزِلُونَ، لَوْ نَشَاءُ جَعَلْنَاهُ أُجَاجًا فَلَوْلَا تَشْکُرُونَ، أَفَرَأَیْتُمُ النَّارَ الَّتِی تُورُونَ، أَأَنْتُمْ أَنْشَأْتُمْ شَجَرَتَهَا أَمْ نَحْنُ الْمُنْشِئُونَ، نَحْنُ جَعَلْنَاهَا تَذْکِرَةً وَمَتَاعًا لِلْمُقْوِینَ، فَسَبِّحْ بِاسْمِ رَبِّکَ الْعَظِیمِ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
68 - Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! 69 - Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз тушурувчимизми? 70 - Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи! 71 - Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўринг-а! 72 - Унинг дарахтини сиз яратгансизми ёки Биз яратувчимизми? 73 - Биз у(олов)ни эслатма ва йўловчилар учун манфаъат қилиб қўйдик. 74 - Бас, улуғ Роббинг исмини поклаб ёд эт! (Мазкур неъматларнинг эгасини таниган инсон Улуғ Аллоҳ таолога тасбиҳ айтиб, ибодат қилишга ўтади.)
Табиатдаги илоҳий қудрат белгиларига ишора қилган олдинги оятларнинг давоми сифатида ушбу оятлар шундай дейилади: Денгиз ва океанлар устида булутлар пайдо бўлиши ва булутларни ернинг турли минтақаларига ҳайдаб юборадиган шамолнинг эсиши одамларнинг иши?
Агар бир неча йил ёмғир ёғмаса, нима қиласиз? Сиз ҳам, дарахтларингиз ҳам, чорва молларингиз ҳам ташналикдан нобуд бўласиз. Ёки ёмғир ёғса, лекин ёмғир суви денгиз суви каби аччиқ ва шўр бўлса, нима қиласиз?
Ёмғир ёғмаса, мевасидан фойдаланишингиз учун дарахт ўсмайди ёки ёғочидан турли жиҳозлар, иситиш учун фойдаланолмайсиз. Ёғочнинг қалбидан алангаланадиган олов саёҳатчилар учун ҳам ёруғлик, ҳам иситиш воситасидир ва Аллоҳнинг сув ва ердан олов яратиш қудратини эслатади!
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Сув, тупроқ, шамол ва оловнинг тўрт элементи ҳаммаси Аллоҳнинг иродаси ва амри остидадир ва Аллоҳни билиш ва унинг қудратини англаш воситасидир.
2. Сувнинг келиб чиқиши ва сувнинг тирик мавжудотлар ҳаётидаги муҳим роли, булутларнинг пайдо бўлиш механизми ва уларни шамол, ёмғир билан ернинг турли қисмларига олиб боришига эътибор бериш инсонга Аллоҳни эслатади ва унга шукроналик руҳини сингдиради.
3. Дарахт сувдан ва тупроқдан чиқади, дарахтнинг ўтинидан эса олов ёқади ва инсониятга илиқлик бахш этади. Буларнинг барчаси бир-биридан қарама-қарши ҳодисалар яратиш учун илоҳий кучнинг белгиларидир.
4. Тасбиҳни доимо зикр қилиш билан Аллоҳни ҳар қандай ожизлик ва жаҳолатдан пок деб билишимиз керакки, Аллоҳнинг қиёмат кунини барпо этишдаги қудратига шубҳа қилмаслигимиз керак.
Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.