Январ 31, 2023 10:44 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (996)

Муборак Ҳашр сурасининг 1-7-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввалги дастурда Мужодала сураси тугаши билан бу дастурда Ҳашр сураси оятларини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз. Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган ва 24 оятдан иборат. Унинг оятларининг мазмуни асосан мунофиқларнинг Мадина яҳудийлари билан мусулмонларга қарши фитна уюштиришлари ҳақидадир. Албатта, бу оятларга кўра, уларнинг режалари ҳеч қаерга олиб бормайди ва хорлик ва мағлубиятдан бошқа нарса уларники бўлмайди.

Аввал муборак Ҳашр сурасининг 1 ва 2 ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ

سَبَّحَ لِلَّهِ مَا فِی السَّمَاوَاتِ وَمَا فِی الْأَرْضِ وَهُوَ الْعَزِیزُ الْحَکِیمُ، هُوَ الَّذِی أَخْرَجَ الَّذِینَ کَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْکِتَابِ مِنْ دِیَارِهِمْ لِأَوَّلِ الْحَشْرِ مَا ظَنَنْتُمْ أَنْ یَخْرُجُوا وَظَنُّوا أَنَّهُمْ مَانِعَتُهُمْ حُصُونُهُمْ مِنَ اللَّهِ فَأَتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ حَیْثُ لَمْ یَحْتَسِبُوا وَقَذَفَ فِی قُلُوبِهِمُ الرُّعْبَ یُخْرِبُونَ بُیُوتَهُمْ بِأَیْدِیهِمْ وَأَیْدِی الْمُؤْمِنِینَ فَاعْتَبِرُوا یَا أُولِی الْأَبْصَارِ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

1 - Осмонлардагию ердаги барча нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У зот азиз ва ҳикматли Зотдир. 2 - У зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашр учун чиқарди. Уларни чиқади деб ўйламаган эдингиз. Ўзлари ҳам қўрғонимиз бизни Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қоладир, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларни қалбига қўрқинч солди. Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар. Ибрат олинг, эй ақл эгалари!

Бу сура Аллоҳ таолога тасбеҳ билан бошланиб, Аллоҳ таолонинг кенг илми ва ҳикмати тақозо қилганидек, Аллоҳнинг иродаси душманларнинг ҳийлалари устидан ғалаба қозонишини кўрсатувчи икки сифат ва ҳикматга урғу беради.

Тарихий ҳужжатларга кўра, Мадина ва унинг атрофида яҳудийларнинг уч қабиласи яшаган: Бани Назир, Бани Қурайза ва Бани Қайнқа яҳудийлари. Ислом пайғамбари Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин улар билан ҳужум қилмаслик тўғрисида битим туздилар. Аммо Бадр ва Уҳуд урушларидан сўнг уларнинг баъзилари ўз вақтида мусулмонларга зарба бериш учун Макка мушриклари билан тил бириктириб, мусулмонларга қарши яширинча келишув туздилар.

Жаброил (алайҳиссалом) орқали яҳудийларнинг келишуви бузилганидан Ислом пайғамбарига хабар берилди ва мусулмонларни Бани Назир яҳудийлари билан тўқнаш келишга тайёр туришни буюрилди. Бу яҳудий қабиласи Мадина атрофидаги қалъаларига паноҳ топди, бироқ мусулмонлар қалъани қамал қилдилар. Оқибатда улар шунчалик даҳшатга тушиб, ҳеч қандай урушсиз, қон тўкилмай таслим бўлишди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикмати асосида яратилган дунё ҳамиша ўз яратувчисини ҳар қандай ожизлик, камчилик ва нуқсонлардан пок деб билади.

2. Агар биз Аллоҳнинг бандаси бўлсак, илоҳий ёрдам ўз вақтида намоён бўлади ва душманларнинг макрлари барбод бўлади.

3. Шартномани бузган душманлар яна аҳдни бузмасликлари ва мусулмонларга орқадан зарба бермасликлари учун қаттиқ ва қатъий чоралар кўриш керак.

4. Душманлар билан тўқнашувда уларнинг кучлари, техникаси ва моддий имкониятларидан қўрқиб кетманг. Аллоҳга иймон билан амал қилинг ва Унинг марҳаматига таваккал қилинг.

Энди муборак Ҳашр сурасининг 3 ва 5 ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

وَلَوْلَا أَنْ کَتَبَ اللَّهُ عَلَیْهِمُ الْجَلَاءَ لَعَذَّبَهُمْ فِی الدُّنْیَا وَلَهُمْ فِی الْآخِرَةِ عَذَابُ النَّارِ، «ذَلِکَ بِأَنَّهُمْ شَاقُّوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَمَنْ یُشَاقِّ اللَّهَ فَإِنَّ اللَّهَ شَدِیدُ الْعِقَابِ، مَا قَطَعْتُمْ مِنْ لِینَةٍ أَوْ تَرَکْتُمُوهَا قَائِمَةً عَلَى أُصُولِهَا فَبِإِذْنِ اللَّهِ وَلِیُخْزِیَ الْفَاسِقِینَ

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

3 - Мабодо Аллоҳ уларга кўчишни ёзмаганда ҳам бу дунёда уларни азоблар эди. Уларга охиратда дўзах азоби бордур. (Инсон охиратда бу дунёда қилган гуноҳ амалларига яраша жазо олиши муқаррар. Яҳудийларнинг кўчирилиши, улар учун нисбатан енгил азобдир.) 4 - Ундай бўлиши, улар Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилганлари учундир. Кимки Аллоҳга хилоф қилса (унутмасинки), албатта, Аллоҳ - азоби зўр зотдир. 5 - Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаши учун бўлди. 

Олдинги оятларнинг давоми сифатида бу оятлар шундай дейилади: Бану Назир яҳудийларининг бўйсунишлари ва Мадинадан ҳайдалишлари сабаб қотиллик ва асирликка олиб келадиган уруш ва фитналарнинг олди олинди ва улар омон қолишди, аммо Қиёматдаги жазолари ўз ўрнида қолмоқда, чунки улар Расулуллоҳга қарши душманликни тўхтатмадилар - бу аслида Аллоҳга душманликдир.

Ислом маданиятида дарахт ва ўрмонларни кесишга рухсат берилмайди, фақат ҳаётий ва муҳим масала бундан мустасно. Масалан, дарахтларнинг мавжудлиги жангчиларнинг ҳаракатларига тўсқинлик қиладиган ҳолатда. Албатта, дарахтларни кесиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки заруратга қараб бошқа ваколатли кишиларнинг рухсати билан амалга оширилиши керак. Яҳудий қалъасини фатҳ қилиш чоғида Расулуллоҳнинг рухсати билан аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва қалъани забт этиш имконини яратиш мақсадида қалъа атрофидаги бир қанча хурмо дарахтлари кесилган.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Ислом дини фитначилар учун кўрган энг кам жазо шаҳар ва яшаб турган жойларидан бадарға қилишдир.

2. Бир гуруҳ яҳудийларнинг Мадинадан чиқариб юборилиши улар яҳудий эканликлари учун эмас, балки шартномани бузишгани ва фитна учун эди.

3. Дарахтларни кесиш фақат фавқулодда вазиятларда ва муҳимроқ ва зарур сабабларга кўра мумкин.

Сўнгда муборак Ҳашр сурасининг 6 ва 7 ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

وَمَا أَفَاءَ اللَّهُ عَلَى رَسُولِهِ مِنْهُمْ فَمَا أَوْجَفْتُمْ عَلَیْهِ مِنْ خَیْلٍ وَلَا رِکَابٍ وَلَکِنَّ اللَّهَ یُسَلِّطُ رُسُلَهُ عَلَى مَنْ یَشَاءُ وَاللَّهُ عَلَى کُلِّ شَیْءٍ قَدِیرٌ، مَا أَفَاءَ اللَّهُ عَلَى رَسُولِهِ مِنْ أَهْلِ الْقُرَى فَلِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ وَلِذِی الْقُرْبَى وَالْیَتَامَى وَالْمَسَاکِینِ وَابْنِ السَّبِیلِ کَیْ لَا یَکُونَ دُولَةً بَیْنَ الْأَغْنِیَاءِ مِنْکُمْ وَمَا آتَاکُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاکُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِیدُ الْعِقَابِ 

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

6 - Аллоҳ Ўз Расулига улардан қайтариб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарини хоҳлаган кимсанинг устидан, ғолиб қиладир. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. 7 - Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар аҳлидан қайтариб берган нарса. Аллоҳгадир ва Унинг Расулига ва яқин қариндошларига, етимларга ва мискинларга ва кўча ўғилларигадир. Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун. Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир. 

Олдинги оятларда Мадиналик яҳудийларнинг урушсиз ва қон тўкмасдан таслим бўлиб, Мадинадан чиқариб юборилганини кўрдик. Баъзи мусулмонлар яҳудийлар қолдирган мол-мулк ва қишлоқ хўжалиги ерларини уруш ўлжаси сифатида ўзларига бўлиб беришни сўрашган, лекин Аллоҳ бу оятларда шундай дейди:

Мусулмонлар урушмаган ва ҳеч қандай харажат ва зиён кўрмаганликлари учун, яҳудийларнинг қолган мулкига уларнинг ҳаққи йўқ. Демак, у мулкларни тақсимлаш ваколати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлиб, у уларни ўзи хоҳлаган тарзда тақсимлай олади.

Тарихий ривоятларга кўра, Расулуллоҳ бу мулкларни Маккадаги уй ва мулкларини ташлаб, Мадинага бўш қўл билан Пайғамбарга ёрдам бериш учун келган муҳожирлар ҳамда Мадинага муҳтож бўлган ансорлардан баъзилари ўртасида тақсимлаганлар.

Оятларнинг давоми умумий асосга ишора қилиб, шундай дейилади: Пайғамбарнинг амр ва наҳийлари сизлар учун далил бўлиб, хоҳ диний, хоҳ иқтисодий, хоҳ ижтимоий ва хоҳ бошқа ишларда унга асосланиб амал қилишингиз керак.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Аллоҳга таваккул қилиш, шунингдек, илоҳий ёрдамнинг тушиши ва душман қалбида даҳшат уйғотиши билан баъзан уруш ва қон тўкишларсиз ғалаба қозонилади.

2. Уй-жойини, мулкини ташлаб, мусулмон давлатларини тарк этган душманлар, уларнинг мол-мулкини мақсадга мувофиқлик асосида муҳтожларга бериш жамиятнинг диний етакчилари ихтиёридадир.

3. Исломнинг иқтисодий тизими бойлик жамиятдаги маълум бир гуруҳ одамлар қўлида тўпланиб қолмаслиги учун бойликни тартибга солиш ва уни адолатли тақсимлашга урғу беради.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр ва тақиқлари, суннатлари ва ҳаёт тарзи далил бўлиб, Қуръондаги илоҳий амрлардан фарқи йўқ.

Ушбу дастур тугаши билан сиз буюк Аллоҳга топширамиз ва фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. Хайр.

Нур томон йўл (995)

Ёрлиқ