феврал 21, 2023 12:19 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (1004)

Муборак Жума сурасининг 1-5-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Олдинги дастурда Саф сураси тугаши билан ушбу дастурда Жума сураси оятларининг тафсири ва шарҳини бошлаймиз. Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган ва 11 оятдан иборат. Унинг оятларида асосий эътибор Расулуллоҳнинг миссиясининг мақсадлари, ўлимга тайёргарлик кўриш ва мўминларни жума намозида қатнашишга ундашдир.

Аввал муборак Жума сурасининг 1-ояти каримсининг қироатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ

یُسَبِّحُ لِلَّهِ مَا فِی السَّمَاوَاتِ وَمَا فِی الْأَرْضِ الْمَلِکِ الْقُدُّوسِ الْعَزِیزِ الْحَکِیمِ

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

1-Осмонлару ердаги барча нарсалар Хожа, Бенуқсон, Азиз, Ҳаким Аллоҳга тасбиҳ айтадир.

Олдинги сура каби бу сура ҳам Аллоҳ таолога тасбеҳ билан бошланиб, дунёдаги барча мавжудотларнинг тасбиҳ айтишидан хабар беради. Қуръон маданиятида оламдаги барча мавжудотлар қандайдир ақл-заковатга эга бўлиб, ўз яратувчисини билиш билан бирга, уни улуғлайдилар. Албатта, биз инсонлар буни тушунишга қодир эмасмиз. Шунинг учун Қуръони Карим “Исро” сурасининг 44-оятида айтилади: “Сизлар махлуқларнинг тасбиҳ ва мақтовларини тушунолмайсизлар.

оятнинг давомида у нафақат оламнинг яратувчиси, балки бутун борлиқ оламларининг ҳукмдори, дунёни бошқарадиган, лекин ҳукмронлиги одатда зулм ва адолатсизлик билан боғлиқ бўлган инсоний ҳукмдорлар каби эмаслиги таъкидланади. У азиз ва ҳикматли ва илм ва ҳикмат асосида амал қилгани учун ҳукмронлиги ҳар қандай нуқсондан ва бандаларига нисбатан ҳар қандай ноҳақликдан пок ва гўзал бўлган ҳукмдордир.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Еру осмондаги, очиқ ва яширин, жонсиз, наботот ва ҳайвонот дунёсидаги барча мавжудотлар Аллоҳ таолога тасбиҳ ва сажда қилишмоқда.

2. Борлиқни бошқариш Аллоҳнинг чексиз илми ва ҳикматига асосланади ва ҳеч ким Унинг иродасига қарши тура олмайди. Чунки унинг ҳукмронлиги қудрат ва ҳикмат билан бирга бўлиб, у енгилмасдир.

Энди муборак Жума сурасининг 2-4-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

هُوَ الَّذِی بَعَثَ فِی الْأُمِّیِّینَ رَسُولًا مِنْهُمْ یَتْلُو عَلَیْهِمْ آیَاتِهِ وَیُزَکِّیهِمْ وَیُعَلِّمُهُمُ الْکِتَابَ وَالْحِکْمَةَ وَإِنْ کَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِی ضَلَالٍ مُبِینٍ، وَآخَرِینَ مِنْهُمْ لَمَّا یَلْحَقُوا بِهِمْ وَهُوَ الْعَزِیزُ الْحَکِیمُ، ذَلِکَ فَضْلُ اللَّهِ یُؤْتِیهِ مَنْ یَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِیمِ

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

2 - У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди. (Ўша давр араблари уммий қавм дейилган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар.) 3 - Ва ҳозирча уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. Ва У зот ғолиб ва ҳикмат эгасидир. (Бу ояти карима ҳам Қуръоннинг улкан мўъжиларидан биридир. Бу ғойибнинг хабаридир. Араблардан бошқа халқларнинг исломга киришини ўша пайтда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмасди.) 4 - Бу Аллоҳнинг фазлидир (ва уни) хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

Бу оятлар Ислом пайғамбарининг рисолатидан мақсадни кўрсатиб, шундай дейди: Аллоҳ савод ва илм неъматидан маҳрум бўлган, бутун умрини залолат ва хурофотлар қамраб олган араб қавмининг орасидан уларнинг бирини танлади.

Унинг вазифаси ўша одамларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва Қуръон оятларига асосланиб, аввало уларни ахлоқий ва хулқ-атвор нопокликларидан поклаб, тазкия қилиш, сўнгра Аллоҳ таолонинг китоби ва ҳикматли каломларини ўргатиш орқали уларни ўстириб, юксакликка кўтариш эди.

Албатта, у зотнинг рисолати фақат Макка ва Арабистон аҳли билан чегараланиб қолмади, балки кейинчалик унга иймон келтирган ва даъватига жавоб берган барча кишилар у зотнинг таълимоти ва тарбиявий ўгитларидан баҳраманд бўлди ва бу жараён қиёматгача давом этади.

Тарихдаги барча пайғамбарларнинг, айниқса, охирги пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолати Аллоҳ таолонинг инсониятга кўрсатган энг улуғ марҳамати ва инояти, одамларни хатога тўла турли одат ва эътиқодлардан қутқаришдир ва Илоҳий ваҳий ва соғлом ақлга асосланган бахтга йўл кўрсатишдир.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Пайғамбарларнинг юборилиши инсоният жамиятининг ўсиши ва ҳаракатланиши ва камолотининг омилидир.

2. Жаҳолат, оғиш, залолат чўққисига кирган қавмлардан инсонни инсоният жамиятини ҳидоятга юбориш илоҳий мўжизалардандир.

3. Ривожланиш ва такомиллаштириш инсоний мактаблар ва сохта тасаввуф эмас, балки Қуръон оятлари ва Расулуллоҳнинг суннатлари соясида бўлиши керак.

4. Ислом пайғамбарининг рисолати фақат араб ирқи ёки у пайғамбарнинг замондошлари билан чегараланиб қолмай, балки ҳар бир миллат, ирқ ва иқлимдан бўлган барча инсонларни ўз ичига олади ва ҳақиқат излаган инсонларни саодат ва нажотга етказади.

Сўнгда муборак  Жума сурасининг 5-ояти карималарининг қироатига қулоқ тутамиз:

مَثَلُ الَّذِینَ حُمِّلُوا التَّوْرَاةَ ثُمَّ لَمْ یَحْمِلُوهَا کَمَثَلِ الْحِمَارِ یَحْمِلُ أَسْفَارًا بِئْسَ مَثَلُ الْقَوْمِ الَّذِینَ کَذَّبُوا بِآیَاتِ اللَّهِ وَاللَّهُ لَا یَهْدِی الْقَوْمَ الظَّالِمِینَ 

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

5 - Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандоқ ҳам ёмон. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. («Устларига Таврот юклатилган»лар - яҳудийлар. Аллоҳ таоло уларни устига китоб ортилган эшакка ўхшатмоқда. Худди эшак устидаги китобни кўтариб чарчаса чарчайди, аммо асло бу китобдаги илм ва таълимотлардан фойдаланмайди.)

Аввалги оятларда Макка аҳли орасига Расулуллоҳнинг юборилиши ҳақида эди; Бу оятлар мусулмонларни Таврот берилган ва унинг таълимотларини амалга оширишга мажбур бўлган яҳудийларга ўхшашликдан эҳтиёт бўлишдан огоҳлантиради, чунки уларнинг бир гуруҳи ўз ҳуқуқини бажармай, фақат ташқи кўринишини сақлаб қолди. Бир гуруҳ ҳам унга қарши ҳаракат қилиб, унинг оятларини амалда инкор этиб, уларни нотўғри деб атади.

Китобни кўтарган ҳайвон фақат унинг оғирлигини кўтаради, лекин унинг мазмунидан фойда кўрмайди. Шунингдек, Қуръонни турли маросимларда тутиб, ўпиб, ҳурмат қилган мусулмон фақат унинг оғирлигини кўтаради. Бундай киши ҳаётида Қуръон таълимотларидан ва илоҳий ҳидоятдан фойда кўрмайди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Қуръон ғофил инсонлар ва амалсиз олимларни ҳайвонларга қиёслайди, чунки улар ақл чироғидан ва ваҳийнинг ёрқин нуридан тўғри фойдаланмайдилар.

2. Қуръон ўқиш ва тиловат қилиш фойдали ва самарали бўлиши учун ҳаракат босқичига етиши керак; Акс ҳолда, инсон илоҳий танбеҳга дучор бўлади.

3. Самовий китобларнинг таълимотларига амал қилмаслик уларни амалда инкор этишнинг бир тури бўлиб, инсонни илоҳий ҳидоятдан маҳрум қилади.

Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.

Ёрлиқ