сентябр 13, 2023 22:12 Asia/Tashkent
  • Нур томон йўл (1026)

Муборак Қалам сурасининг 48-52-ояти карималарининг шархи.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.

Аввал муборак Қалам сурасининг 48-ояти каримаси қироатига қулоқ тутамиз:

«پس براى [تحقّق] فرمان پروردگارت صبر کن و همانند [یونس،] همدم ماهى مباش، آن‌گاه که با دلى پر اندوه [خدا را] ندا داد»

Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:

48. Роббинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган балиқ соҳибига ўхшама.

Олдинги кўрсатувда Макка мушрикларининг Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан саркашлиги, бу эса уларга Расулуллоҳнинг лаьнатига сабаб бўлиши ҳақида гапирилган эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига айтади:Мушрикларнинг зулмларига сабр қилинг ва Парвардигорингизнинг амри келгунича ва Аллоҳ улар устидан ғалаба қозонишингиз учун восита яратгунча кутинг.

Оятнинг давоми Ҳазрати Юнус қиссасига ишора қилиб, шундай дейди:Аллоҳдан ўз қавмининг азобини тезлаштиришни сўраган, лекин ўзи илоҳий жазога илинган одамга ўхшаманг. Денгиз китининг қорнига қамалишига сабаб бўлган жазо ва ўша пайтда мен ўзимга зулм қилдим ва Сен бандаларингга зулм қилишдан пок ва муназзаҳсан, деб Аллоҳга нидо қилди.

“Анбиё” сурасининг 87 ва 88, “Саффот” сурасининг 139-148-оятларида ҳам Юнус қиссаси зикр қилинган. Қуръон оятларига кўра, Юнус пайғамбар ўз қавми ўртасида йиллар давомида даъват ва таблиғлар қилиб, ниҳоят уларнинг ҳидоятидан ҳафсаласи пир бўлган. У ўз халқидан ажралиб, юк ва йўловчиларга тўла кемага қочиб кетди. Кема ҳаракатланаётганда денгиз тўлқинли ва бўронли бўлиб қолди.

Кема йўловчилари бир нечта йўловчиларни денгизга ташлашга қарор қилишди ва бунинг учун улар бир неча марта қуръа ташлашди. Ҳар сафар қурьа Юнус номига тушарди. Уни денгизга ташлашди. Шу пайт катта балиқ уни оғзига ютиб юборди; Лекин Аллоҳнинг иродаси билан балиқнинг қорнида омон қолди.

Юнус ўз хатосини балиқнинг қорнидаги зулматда англаб етди; У бутун қалби билан Аллоҳга юзланди ва тавба қилди. У Аллоҳдан кечирим сўради. Аллоҳ ҳам унинг тавбасини қабул қилиб, қирғоқда балиқнинг қорнидан чиқазиб, уни қутқарди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Одамларга йўл-йўриқ кўрсатиш катта сабр ва қатъиятни талаб қилади. Шундай экан, дин даьватчилари ҳар қандай шароитда ҳам халқнинг ҳидоятидан тушкунликка тушмасликлари ва умидсизликка тушмасликлари ва бу йўлда ҳаракат қилишдан тўхтамасликлари керак.

2. Аллоҳнинг пайғамбарлари доимо Аллоҳнинг тарбияси ва назорати остида бўлганлар ва агар керак бўлса, огоҳлантирилган ва жазоланганлар.

Энди муборак Қалам сурасининг 49-50-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

«لَوْلَا أَنْ تَدَارَکَهُ نِعْمَةٌ مِنْ رَبِّهِ لَنُبِذَ بِالْعَرَاءِ وَهُوَ مَذْمُومٌ»، «فَاجْتَبَاهُ رَبُّهُ فَجَعَلَهُ مِنَ الصَّالِحِینَ»

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

49 - Агар уни Роббисининг неъмати топмаганда, очиқ саҳро жойга, мазамматга қолган ҳолда ташланган бўларди. 50 - Бас, уни Роббиси танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди.

Бу оятларда Ҳазрат Юнус ўз айбига иқрор бўлиб, Аллоҳдан истиғфор сўрагач, Аллоҳнинг марҳамати нозил бўлганига ишора қилиб, шундай дейилади:Юнус ўз вазифаси ва масъулиятини тарк этгани учун айбланишга лойиқ эди; Лекин Аллоҳнинг инояти ва раҳм-шафқати унга ҳам берилди ва у балиқнинг қорнидан қутулди. Шундан сўнг, Аллоҳ яна бир бор уни ўз қавмини ҳидоят қилиш учун танлади ва у ҳидоят ва йўл-йўриқ учун уларнинг олдига борди.

Бу оятлар Аллоҳ таоло ўз пайғамбарлари ва элчиларидан одамларни ҳидоят йўлида заррача камчилик ва бепарволикни қабул қилмаслиги ва уларни қаттиқ жазолашини очиқ кўрсатиб турибди. “Ҳаққоҳ” сурасининг 44-47-оятларида бўлгани каби, Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига, агар у баьзи сўзларни нотўғри Аллоҳга нисбат берса, унинг ҳаётини узиб қўйишини ва Аллоҳнинг иродасига ҳеч ким тўсқинлик қилолмаслигини айтиб таҳдид қилади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Ибодат қилиш, дуо қилиш ва тавба қилиш орқали сиз илоҳий жазодан қутулишингиз ва илоҳий иноят ва раҳм-шафқатни жалб қилишингиз мумкин.

2. Хатоларини тан олган золимларни рад қилмайлик; Аксинча, уларнинг жамиятга қайтиши учун замин ҳозирлашимиз, агар улар зарур малакага эга бўлса, уларга масьулият юклашимиз керак.

Сўнгдамуборак Қалам сурасининг 51-51-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:

«وَإِنْ یَکَادُ الَّذِینَ کَفَرُوا لَیُزْلِقُونَکَ بِأَبْصَارِهِمْ لَمَّا سَمِعُوا الذِّکْرَ وَیَقُولُونَ إِنَّهُ لَمَجْنُونٌ»، «وَمَا هُوَ إِلَّا ذِکْرٌ لِلْعَالَمِینَ»

Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:

51 - Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар. 52 - Ҳолбуки, у бутун одамларга эслатмадан ўзга нарса эмас.

Бу сура мушрикларнинг Расулуллоҳга ноҳақ туҳматлари, жумладан, унга жиннилик нисбат беришлари билан бошланди. “Қалам” сурасининг охири бўлган бу оятлар яна бир бор ўша мавзуга қайтади ва Расулуллоҳга мурожаат қилади:Душманларингиз Қуръон оятларини эшитиб, шунчалик ғазабланадилар ва хафа бўлишадики, сизни ерга улоқтирмоқчи ва ғазабланган кўзлари билан сизни йўқ қилишни хоҳлашади. Сиз ҳайратга соладиган, одамларни ўзига тортадиган оятларни ўқиётганингизни кўришлари улар учун чидаб бўлмасдир. Ўз нуқтаи назаридан, сизни жин таьсирида бўлган, шоирлардек ноодатий сўзларни айтадиган ақлдан озган одам деб ўйлашади.

Лекин ҳақиқат шуки, Қурьон оятлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шоирликда ва жинлар билан мулоқотда бўлганликда айблаш учун айтган сўзлари эмас; Балки, бу оятлар Аллоҳ таолонинг каломлари бўлиб, одамларни ҳидоят қилиш, уйғотиш учун пайғамбарнинг қалбига нозил бўлиб, одамларга тиловат қилганлар.

Қолаверса, бу оятларда кўзни шикастлаш масаласи ҳам зикр қилинган бўлиб, ҳадисларда намоздан ёрдам олиш тавсия қилинган. Қарашнинг таъсири меҳр ва муҳаббатдан ёки нафрат ва ҳасаддан фарқ қилади. Қараш кучи бошқа томонга таъсир қилади ва бу инкор этилмайдиган масала; Худди меҳрли ва нафратли сўзлар оғиздан чиққач, бошқа тарафга таъсир қилади ва унга тинчлик ёки қўрқув ва хавотир уйғотади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

1. Ислом душманлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-атворини бузишга ҳаракат қилиб, ҳар қандай вақтда у зотга ноҳақ муносабатда бўлишади.

2. Душманлар мусулмонларнинг ақидаларида шубҳа уйғотиш учун Қурьон ва Расулуллоҳга ташвиқот билан ҳужум қиладилар.

3. Қуръон умумбашарий китоб бўлиб, барча халқлар ва миллатларни эслатиш ва уйғотиш учун мўлжалланган. Шубҳасиз, бугунги кундаги мусулмонларнинг муаммолари Қурьон оятларининг мазмунини эьтиборсиз қолдириш ва унутиб қўйишдан келиб чиқади; Гарчи оятларни айтиб, ёдлашга алоҳида қизиқишлари бор.

Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.

Ёрлиқ