Шамоллашга қарши қайси воситалар ёрдам бермайди?
Сал мазамиз қочиб қолса, иссиқ сут ичишга, малина мураббоси ейишга, аскорбинка қабул қилиб, ўраниб ётишга ҳаракат қиламиз. Бироқ бу усулларнинг айримлари шамоллашга қарши курашиш ўрнига, аксинча, танага зарар етказиши мумкин.
Мўъжизакор дори
Кўпчилик шамоллаб қолган заҳоти сувда эрийдиган кукунли дориларни ичишга тушади. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, улар шамоллаш аломатларига қарши курашади. Дарҳақиқат, бундай мўъжизакор воситалар касалликнинг нохуш белгиларига қарши ажойиб курашади: бош оғриғи, иситма, тумов. Бироқ улар қисқа вақт таъсир кўрсатади. Устига-устак, кукун шамоллашни умуман даволамайди, шунчаки аломатларини камайтиради. Демак, фақат уларга таяниб қолмаслик керак. Бундай воситалар шошилинч вазиятлардагина асқотади.
Йўталга қарши сўрувчи конфетлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Тўғри, улар қабулидан сўнг одам маълум бир пайтгача ўзини яхши ҳис қилади. Бироқ танадаги вирус олдингидай барҳаёт бўлади ва кўпайишда давом этади.
Томирни торайтирувчи томчи дориларни ҳам кўпчилик тумовнинг илк аломатларидаёқ бурунга томизиш шарт деб ўйлайди. Аммо унинг фойдасидан кўра, зарари кўпроқ. Гап шундаки, ажралма орқали танамиздаги вируслардан халос бўламиз. Ушбу жараённи томчи дорилар билан тўхтатиб қўйиш орқали эса биз касалликни ичкарига қамаб қўямиз. Бундан ташқари, томирни торайтирувчи деярли барча препаратлар ўрганиб қолишга сабаб бўлади.
Иситмани туширмаслик керак!
Айримлар тана ҳарорати кўтарилган заҳоти уни турли препаратлар билан туширишга уринади. Лекин аслида бундай қилмаслик керак. Термометр 39 дан юқорини кўрсатгандагина ҳаб дори ичиш керак. Бошқа вазиятларда юқори тана ҳарорати фақат фойда келтиради. Шу орқали тана вирусни аниқлаганини ва унга қарши курашни бошлаганини маълум қилади. Негаки вируслар айнан юқори ҳароратда ҳалок бўлади.
Шифобахш тер
Болаликдан ҳаммамизга шамоллаганда иссиқ чой ёки сут ичиш, свитер ва жунпайпоқ кийиш, адёлга ўраниб ётиш, яъни касаллик чекиниши учун терлаш керак дея таъкидлашади. Албатта, бу гапда жон бор. Лекин барчага маълум бу усул унчалик ҳам ёқланмайди. Биринчидан, куйдирувчи ичимлик шусиз ҳам яллиғланган томоқни баттар қўзғатади. Ичимлик иссиқ эмас, илиқ бўлиши шарт. Иккинчидан, свитер билан жунпайпоқ — соғайиш душмани. Тана ҳарорати пасайиши учун ипгазламадан тикилган енгил пижама кийиш лозим. Тана иссиқлик бериши керак. Қават-қават ўраб-чирмаб ташлаш нотўғри.
Дарвоқе, кўпчилик касаллик пайтида иссиқ душ остида чўмилиш мумкинми, деб сўрайди. Аслида шундай қилиш зарур. Чунки терлаганда тери юзасига токсинлар чиқиб қолади. Уларни эса, албатта, ювиб ташлаш керак.
Асал ва мураббо
Жавонда чанг босиб ётган асал билан малинали мураббони шамолладик дегунча қўллашга тушамиз. Бироқ бу ширинликлар бемор аҳволини баттар ёмонлаштириши мумкин. Ортиқча ширинлик қонга инсулин ажралишини кучайтиради: бу куч-қувватдан қолишга олиб келади. Ишонаверинг, шусиз ҳам ҳолдан тойган танага бунинг умуман кераги йўқ.
Аскорбин кислота
-Шамоллашнинг илк аломатларида шу заҳоти бир нечта аскорбинка ичилса, касалликдан асар ҳам қолмайди, — дея таъкидлашади тажрибали беморлар. Бу тушунарли: С витамини турли инфекцияларга қарши курашади. Бироқ аслида аскорбин кислотани бу тартибда қабул қилиш нафақат бефойда, балки хавфли ҳамдир. Биринчидан, тана ўзига ҳеч қачон керагидан ортиқ миқдорни қабул қилмайди. Иккинчидан, аскорбин кислотага ружу қўйиш аллергия ва жигар касалликларини келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Шундай экан, касал бўлганда С витаминини, яхшиси, табиий маҳсулотлардан олган маъқул: тузланган карам ёки булғор қалампири.