Олимлар: инсон қанчалик тез юрса, мияси шунчалик ёш бўлади
Олимларнинг аниқлашича, юриш тезлиги мия қариши билан бевосита боғланган бўлиб, секин юрадиган инсонларда мия қарироқ бўлади. Бундай хулосага Янги Зеландиянинг мингга яқин вакилида ўтказилган тадқиқот натижасида келинган.
Бу тадқиқот ҳақида JAMA Network Open илмий нашрида сўзланган. Тадқиқот Янги Зеландиянинг Жанубий оролида ўтказилган. Тажрибанинг барча иштирокчилари у бошланганда 45 ёшда бўлган. Олимлар уларни ҳаётлари давомида кузатиб боришган.
Якуний босқичда МРТ юриш суръати паст бўлган одамларда мия ҳажми, унинг қобиғи зичлиги кичикроқ бўлганини кўрсатган. Уларда майда томирлар касаллиги аломатлари аниқланган. Бу ҳолат эса ақли заифликка ва ишемик инсултларга олиб келиши мумкин.
Умуман олганда, тадқиқот секин юрувчи одамлар мияси тезроқ қариганини кўрсатган. Тадқиқот муаллифларидан бири Терри Моффиттнинг таъкидлашича, 70-80 ёшида секин юрувчи одамлар шу ёшда тез юрувчиларга нисбатан кўпроқ вафот этадилар. Унинг айтишича, тадқиқот мактабгача даврдан тортиб кексаликкача бўлган даврни қамраб олган. Тадқиқотнинг кўрсатишича, секин юриш кексалик давригачаёқ муаммоли аломатга айланади.