Шифокорлар коронавируснинг оғир оқибатлари ҳақида огоҳлантирмоқда
Шифокор касалликдан тузалган беморларга, то ўпка ўзини тиклаб олиши учун сузиш билан шуғулланишни тавсия этмоқда.
Янги турдаги коронавирусдан даволангач беморларда ўпка функциялари ёмонлашуви кузатилиши ва улар тез қадам босганда нафас етишмовчилигидан қийналишлари мумкин, деб хабар берди Гонгконг касалхоналар муассасаси бошқармаси.
Ушбу хулоса коронавирусдан даволанган 12 нафар бемор ҳолати устидан ўтказилган тадқиқотларга асосланган. Малика Маргарет номидаги касалхонанинг юқумли касалликлар маркази раҳбари Оуэн Цзеннинг айтишича, беморлар орасида икки ёки уч нафари бундан аввал бажарган ишларини бажара олмай қолган.
"Тез қадам ташлаганда, уларнинг нафас олиши ёмонлашмоқда. Айрим беморларда, улар тузалганидан сўнг, ўпка функциясининг 20-30 фоизга пасайиши кузатилиши мумкин", - дея шифокор сўзларини келтириб ўтган South China Morning Post нашри.
Унинг айтишича, беморларнинг ўпка функциялари нақадар заифлашганини аниқлаш учун кўрик давом эттирилади. Шунингдек, ўпкани мустаҳкамлаш мақсадида уларга физиотерапия тавсия қилинади.
Оуэн Цзэнга кўра, COVID-19 - ўпка фибрози ривожланишига туртки бўла оладими-йўқми, шуни ҳам ўрганиш мақсад қилинган.
Шифокор касалликдан тузалган беморларга, то ўпка ўзини тиклаб олиши учун сузиш билан шуғулланишни тавсия этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11-март куни янги турдаги коронавирус - Covid-19 эпидемиясини пандемия, деб эълон қилди. Дунёнинг 130та давлатида ушбу вирусдан беморланганлар сони 140 мингдан ошиб кетган, уларнинг аксарияти соғайган, аммо беш мингдан ортиғи вафот этган.