Россияда коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқариш бошланди
(last modified Sun, 16 Aug 2020 05:52:02 GMT )
август 16, 2020 10:52 Asia/Tashkent
  • Россияда коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқариш бошланди

Россияда Гамалея институтида яратилган COVID-19’га қарши вакцинани ишлаб чиқариш бошланди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Вакцина Зеленограддаги «Биннофарм» фармацевтика заводи томонидан ишлаб чиқарилади.

Илгари институт директори Александр Гинцбургнинг сўзларига кўра, вакцина ишлаб чиқариш қувватини декабрь—январь ойларида ойига беш миллион дозага етказиш режалаштирилган ва йил давомида вакцинага бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш мумкин бўлади.

Россияда 11 август куни коронавирусга қарши вакцина рўйхатга олинганини Владимир Путин эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, вакцина «барқарор иммунитетни шакллантиради ва у барча керакли синовлардан ўтган». Шунингдек, Путин қизларидан бири вакцинани ўзида синаб кўрганини қўшимча қилди.

Таъкидланишича, Гамалея институти томонидан ишлаб чиқилган вакцина синовнинг дастлабки босқичларида. Катта миқёсли клиник тадқиқотлар ҳали ўтказилмаган. Бундан ташқари, ушбу вакцина ҳақида илмий адабиётларда нашр этилмаган.

Россия томонидан ишлаб чиқарилаётган вакцина камида 10 АҚШ долларидан сотилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилинган. Шунингдек, уни катта ҳажмда ишлаб чиқариш бошланганда нархи арзонлашиши қўшимча қилинган.

Аввалроқ Россиянинг «Фонтанка» нашри юқоридаги вакцина Путин айтганичалик умидли эмаслигини маълум қилган. Нашрнинг ёзишича, тадқиқот давомида вакцина синаб кўрилган 38 нафар кўнгиллида 144 та ножўя таъсир кузатилган.