Олимлар ҳануз коронавируснинг келиб чиқиши манбасини аниқлай олишмади
Олимлар ҳанузгача коронавируснинг келиб чиқишига сабаб бўлган манбани аниқлай олишмади. Das Erste нашри коронавирус Хитойнинг Уҳан шаҳрида 2019 йил декабрь охирида илк бор қайд қилингандан бир неча ой олдин пайдо бўлганидан дарак берувчи бир қатор тадқиқотларни келтириб ўтган.
Хусусан, франциялик шифокор Михель Шмитт коронавирус аломатларини ўз беморларида 2019 йил ноябрида аниқлаган. Унинг таъкидлашича, беморлар ўпкасининг рентген ёрдамида олинган суратлари улар ўпкасининг айнан шу вирусдан зарарланганидан дарак беради. Бундан ташқари, ушбу беморларда кейинроқ коронавирусга антитаналар аниқланган.
Шунингдек, коронавирус излари Италия ва Бразилияда 2019 йил ноябрь ва декабрда олинган сув намуналарида ҳам аниқланган.
Кембриж университети генетиги Петер Форстер вирус тарқалишини таҳлил қилиб, у 2019 йил сентябридан декабригача оралиқда пайдо бўлгани ҳақидаги хулосага келган.
Коронавируснинг пайдо бўлиши тахминий жойи сифатида Хитой ва унга қўшни Осиё давлатлари айтилмоқда. Бироқ олимлар “нолинчи бемор” қаерда ва қачон вирусга чалинганини ҳанузгача аниқлай олишмади.
Das Erst’нинг ёзишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам инфекциянинг манбаси борасида бир тўхтамга эга эмас. Август бошида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус бу масалани ўрганиш бўйича катта тадқиқот бошланишини эълон қилган.