Буюк Британияда коронавируснинг хавфли мутацияси аниқланди
Янги коронавирус инфекцияси инсон организмига яхшироқ кириши учун 10 та турли шаклга трансформация қилиши мумкин. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда Фрэнсис Крик институти олимлари маълум қилди.
Институт ходимлари COVID-19 тиканлари ўзгариши ва янада ёпишқоқ бўлишини аниқлади. Улар ёрдамида коронавирус инсон ҳужайраларининг ташқи қисмида жойлашган ACE2 оқсилига яхшироқ ёпишади. Бундан ташқари, коронавирус тиканлари ёрдамида организмга киради.
«Бу аксарият вирус оқсилларига қараганда вирус рецепторлари ва соғлом ҳужайранинг ўзаро боғланишининг жуда мураккаб жараёнидир. Грипп ва ОИВда активлаштириш жараёни нисбатан оддийроқ кечади», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири, университет лабораторияси тадқиқотчиси Дональд Бентон.
Бундан ташқари, тадқиқот давомида инглиз олимлари COVID-19 лабораторияда тиканларини бир дақиқада ўзгартиришини, бироқ бу жараён ҳаётда секинроқ кечишини аниқлаган.
Университетда таъкидланишича, коронавирус ўзини антитаналар таъсиридан ҳимоя қилиш учун мутацияга учрайди. Олимлар ушбу кашфиёт нима учун COVID-19 бу даражада юқумли эканлиги борасида кўпроқ маълумот бериши мумкин, деган фикрда.
Аввалроқ «Роспотребнадзор» коронавируснинг аниқланган мутациялари ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар берилган эди. Хабарда коронавируснинг мавжуд минглаб мутациясидан 22 таси қайд этилгани ва барқарор равишда мерос бўлиб келаётгани айтилган. Бу мутациялар 2020 йилнинг январь ойидан март ойи оралиғида пайдо бўлган, кейинчалик вирус геномида кенг тарқалган мутациялар аниқланмаган.
Август ойининг бошларида АҚШ бош инфекционисти коронавируснинг хавфли мутациясидан огоҳлантирганди. Индонезия олимлари коронавируснинг мутацияга учраган штаммини аниқлаган. Ҳиндистонлик шифокорлар ҳам янги турдаги коронавируснинг 10 та мутациясини аниқлаган.